Якунланган мавсум ўз лигалари тахтидан жой олишган «Лестер», «Барселона» ва бошқа ғолиблар чемпионлик шарафига қандай байрам уюштиришди? Албатта, ғалаба барча жойда кўтаринки руҳда нишонланади, лекин узоқ кутилган (ёки кутилмаган) ва машаққат билан қўлга киритилган олтин медаль ўзгача шавқ улашади-да, барибир. Мана, «Лестер»нинг чемпионлик байрамига деярли бутун шаҳар йиғилди, Чехия лигасида тенгсиз бўлган «Виктория»нинг бахтиёр фанатларига эса бепул ичимлик тарқатилди. Умуман, барча бахтли оилалар бир-бирига ўхшаш бўлишини классикадан биламиз. Футбол оилаларида ҳам худди шундай. Бироқ ҳар ким ғалабани турлича нишонлайди. Демак, қуйида еврофутбол якунига назар солиб, жойларда олтин медаль соҳиблари қандай байрам қилишганини кўриб чиқамиз.
АПЛнинг «сенсацион» ғолиби - «Лестер» чемпионлик парадига 16 май куни чиқди. Клаудио Раньери жамоаси ўрин олган автобус шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, мағрур футболчилар ва клуб ходимларини Виктория хиёбонига олиб борди. У ерда ғолиблар учун махсус саҳна тайёрлаб қўйилганди. Кейин улкан экранда мавсумнинг энг ёрқин лаҳзалари ва доно Раньерининг энг сара сўзлари ёзилган видеолавҳалар намойиш этилди. Тадбирга Бринатиянинг машҳур рок-гуруҳи - Kasabian (унинг аъзолари айнан Лестердан) мусиқий маъно олиб кирди. Хабар берилишича, байрамда чамаси 250 минг киши қатнашган. Ваҳоланки, Лестер шаҳри аҳолиси атиги 337 минг кишига тенг. Демак, ёш болалар ва қарияларни ҳисобга олмасак, жамоа зафар онларида бутун шаҳар нафасини яққол ҳис этган.
Каталония пойтахти эса 15 май куни севимли «Барселона»сининг Испания чемпионатидаги навбатдаги ғалабасини нишонлади. Айтиш жоиз, Луис Энрике жамоаси чемпионликни сўнгги турда расмийлаштиргани боисми, бу сафарги шодиёналар ўзгачалик касб этди. Минглаб одамлар клуб рангига мувофиқ кийинган ҳолда, кўчаларга отилдилар ва «Барселона»нинг чемпионлик автобуси сайрини олқишлар остида кузатдилар. «Кўк-анорранглилар» футболчилари шунга яраша, автобуснинг юқори қаватида тинмай қўшиқ куйлашди, рақс тушишди, мухлислар эса уларни суратга олишдан чарчашмади. Табиийки, улар ўз «нишон»ларини асосан Месси, Суарес ва Неймарга тўғрилашди. Умуман, шаҳар бўйлаб тантанавор сайр чамаси 2 соат давом этди.
Айнан ўша куни Германияда «Бавария» ҳам чемпионлик хурсандчилигини ўз мухлислари билан баҳам кўрди. Воқеа жойи - Мюнхеннинг марказий майдони Мариенплацга одам сиғмай қолди. Футболчилар, бош мураббий Хосеп Гвардиола ва уларнинг оила аъзолари шаҳар ҳокимияти биноси айвонига чиқиб, мухлислар оломонига самимий салом йўллашди ва умумолқишлар остида чемпионлик товоғини намойиш этишди. Энг қизиғи, бундеслига ғолиблари байрам дастури доирасида рақс майдонида ҳам мириқиб кўнгилхушлик қилишди. Уларни Американинг One Republic гуруҳи ўз чиқишлари билан қизғин қутлади.
«Ювентус» 14 май куни «Сампдория»ни мағлубиятга учратгач, навбатдаги чемпионлик шарафига майдоннинг ўзида катта байрам уюштирди ва уни кийиниш хонасида давом эттирди. Ўйин якунига етгач, трибуналар ҳайқириғи остида жамоага чемпионлик кубоги топширилди ва шундан сўнг футболчилар зафарга бағишланган махсус қўшиқни жўр ҳолда куйлаб беришди. Кейинчалик байрам «Ювентус»нинг Виноводаги машғулотлар базасига кўчди. У ерда Массимилиано Аллегри жамоаси тиффозилар қуршовида чинакамига яйради.
«ПСЖ» чемпионлик оқшоми учун «Парк де Пренс» стадионини маъқул кўрди. Яъни Франция чемпионати охирги тур ўйинидан сўнг анча олдин нақд қилинган олтин медални мухлислар билан тўлиб-тошган қадрдон аренасида «ювди». Аввалига Лоран Блан шогирдлари махсус безатилган сақнага кўтарилишди ва чемпионга аталган совринни қабул қилиб олишди. Шундан кейин эса мухлисларга юзланиб, мавсумнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларини улар билан бирга бошдан ўтказишди. Айтганча, «ПСЖ» байрам баҳонасида ўша куни биринчи рақамли юлдузи - швециялик ҳужумчи Златан Ибрагимович билан ҳам тантанали тарзда хайрлашди. У жамоадан эркин агент мақомида кетадиган бўлди.
Португалиянинг «Бенфика»си ҳам чемпионликни айнан финиш маррасида расмийлаштирди. Қўшни жамоа - «Спортинг»ни ортда қолдирган лиссабонлик футболчилар ва мураббийлар штаби вакиллари худди «Бавария»даги касбдошлари каби махсус айвонда туриб, минглаб фанатлардан давомли олқишларни эшитишди. Аниқроқ айтсак, «бургутлар» ҳам байрам тантаналари учун шаҳар мэрияси биносини танлашди. Жамоа чемпионлик кубогини айнан шу жойда қабул қилиб, уни ўз мухлисларига роҳатланиш туйғусига туйинган ҳолда кўз-кўз қилди. Фанатлар эса тадбирга клуб байроқлари ва атрибутларининг тўлиқ тўплами билан қуролланиб келиб, ажойиб манзарани ҳосил қилишди.
Голландиянинг ПСВ клуби футболчилари ва мухлислари хурсандчикни меъёридан ошириб юборишди, гўё. Бунинг боиси бор, албатта. Гап шундаки, Филипп Коку жамоаси мавсум давомида чемпионликдан умид узгандек бўлганди. Бироқ охирги турдаги ғалаба ва «Аякс»нинг очко йўқотиши натижасида олтин медаль айнан эйндховенликлар ўлжасига айланди. Хуллас, ПСВ бу зафарни 9 май куни оммавий тарзда нишонлади. Клуб футболчилари ва мураббийлари шаҳарнинг бош майдонига ташриф буюриб, ўз эҳтиросларини мухлислар армияси билан ўртоқлашишди. Кимлардир саҳнада қўшиқ куйлади, бошқа бировлар фанатлар юзага келтирган қизил-оқ «денгиз»да мириқиб рақс тушди. Энг кульминацион лаҳза - бу табиийки, жамоа сардори Люк де Йонгнинг чемпионлик совринини баланд кўтаргани.
Бельгия «Брюгге»си «Андерлехт» билан рақобатда устун келиб, 11 йиллик танаффусдан сўнг яна мамлакат чемпиони бўлди. Шаҳар жамоанинг бу ютуғини 16 май куни алоҳида нишонлади. Мишель Прюдомм устозлик қилган жамоа аввалига «олтин» автобусга жойлашиб, шаҳар айланди ва якунда Брюгге марказий майдонида ҳозир бўлди. Футболчилар ва мураббийлар у ерда махсус безатилган саҳнага чиқиб, катта байрам дастурида бевосита иштирок этишди. Табиийки, мусиқа оҳанги қўшиқлар, қўшиқлар эса рақсларга уланди. Ғолибларни мухлислар билан биргаликда Брюгге мэри ҳам қизғин қутлади.
Россиялик мураббий Станислав Черчесов «Легия» бошқарувини қўлга олган пайт жамоа Польша чемпионатида турнир пешқадамидан нақ 10 очко орқада эди. Қарангки, собиқ дарвозабон якунда варшаваликларни чемпионликка етаклади. Ўтган якшанба куни «Легия» муваффақияти шарафига шаҳарда оммавий сайр уюштирилди. Футболчилар Черчесов раҳбарлигида чемпионлик автобусига ўтириб, шаҳар айланишди, мухлислар эса Варшава бўйлаб қилинган бу марш давомида транспорт кетидан қолишмади. Афсуски, байрам жараёнида бир нечта кўнгилсизликлар ҳам рўй берди. Яъни фанатлар хурсандчилик онларини пиротехника воситалари ёрдамида ёрқинлаштиришдан тийилишмади. Оқибатда 9 ёшли қизалоқ жароҳатланди ва 11 киши ҳибсга олинди.
Пльзен «Виктория»си охирги 6 йил давомида 4-марта Чехия чемпионати тахтига кўтарилди. Байрам тадбирлари ўтган жума куни ташкиллаштирилди. Жамоанинг минглаб мухлислари мамлакатнинг бош майдонига йиғилиб, ўз суюклилари қувончига шерик бўлишди. Албатта, жамоа тантана жойига чемпионлик автобусида ташриф буюрди. Шу жойда футболчиларни фейерверклар ёғдуси билан қарши олишди. Хуллас, бутун Пльзень катта байрам дастури оғушида қолди. Мухлисларга бепул ичимлик тарқатилганини ҳам айтиш жоиз. Жамоа сардори чемпионлик нишонаси бўлмиш кубокни боши узра баланд кўтаргач, шовқин мисли кўрилмаган даражада кучайди.
А. АҲМЕДОВ тайёрлади