Олий лиганинг 10-турини якунлаб берган "Қўқон-1912" ва "Локомотив" жамоалари ўртасидаги ўйинни қўқонлик мухлислар сабрсизлик билан кутишганди десак муболаға бўлмайди. Буни бугун стадионга келган минглаб мухлислардан ҳам билса бўларди. Сабаби ўтган йили “Локомотив” айнан Қўқондаги баҳсда йўқотилган икки очко туфайли чемпионликдан маҳрум бўлганди. Шунинг учун ўйиннинг аҳамияти юқори эди. Буни ҳар икки жамоа вакиллари тўғри тушунган ҳолда баҳсни эҳтиёткорлик билан бошлашди.
Учрашувнинг 12-дақиқада мезбонларда ҳисобни очиш учун қулай имконият вужудга келганди. Майдон марказидан Азиз Тўхтабоев катта тезликда рақиб дарвозаси томон яқинлашиб бораётган Носир Отақўзиевга тўпни узатди. Носир эса рақибларни чалғитган ҳолда Отабек Зокировга зарба бериш имкониятини яратиб берди. Зокировнинг зарбаси эса охирига етмай қолди. Орадан кўп ўтмасдан меҳмонлар ҳисобни очишди. Бурчакдан оширилган тўпни Кахи Махарадзе боши билан дарвозага аниқ йўллади – 0:1.
Ўйининг 32-дақиқада қанотдан оширилган тўпни Ориф Мамажонов рақиб дарвозасига аниқ йўллаб ҳисобни тенглаштирди. Ушбу гол "Қўқон-1912" сардори Азиз Тўхтабоевнинг бугун туғилган фарзандига бағишланди.
Иккинчи таймни қўқонликлар ҳужумкор руҳда бошлашди. 47-дақиқада Абдуллоҳ Олимовнинг жаримадан тепган кучли зарбасини Нестеров катта қийинчилик билан бартараф этди. 55-дақиқада Сардор Мирзаев меҳмонларни яна олдинга олиб чиқди. Аввалига Бикмаев томонидан тепилган тўпни Матниязов қайтарганди, қайтган тўпни эса захирадан майдонга тушган Сардор Мирзаев даврозага аниқ йўллади – 1:2.
79-дақиқада "Қўқон-1912" ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Аммо Отабек Ҳайдаровнинг зарбасини Нестеров қийинчилик билан бартараф этди. 80-дақиқада ҳимоячиларимизнинг бир-бирини тушунмай қолгани оқибатида Олег Зотеев ҳисобни оширди – 1:3.
Мамлакат чемпионлигига асосий номзод бўлган “Локо” билан деярли тенгма-тенг ўйнаган қўқонликлар вакиллари кичик хатолар эвазига навбатдаги мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишди.
“Қўқон-1912”нинг кейинги учрашуви Фарғонада – “Нефтчи”га қарши бўлиб ўтади. Ўйин 10 июнь куни ўтказилади.
"Локомотив" ушбу ғалабадан кейин ўз очколарини 28тага етказди ва якка пешқадам бўлиб олди. "Темирйўлчилар"нинг асосий рақобатлари «Насаф" ва "Бунёдкор" кеча Қаршида ўзаро дуранг ўйнашганди.
Олий лига, 10-тур
17:30. "ҚЎҚОН-1912" - "ЛОКОМОТИВ" – 1:3 (1:1)
ГОЛЛАР: Ориф Мамажонов (32) — Кахи Махарадзе (19), Сардор Мирзаев (55), Олег Зотеев (80)
“Қўқон-1912”: 1. Руслан Матниязов, 4. Миржалол Қурбонов, 5. Жалил Кимсанов, 6. Баҳодир Акрамов,7.Отабек Зокиров, 9. Носир Отақўзиев (15. Маъруф Зокиржонов-78), 17. Азиз Тўхтабоев (25. Алишер Зиявуддинов-32), 20. Достон Турсунов, 22. Ориф Мамажонов (10. Отабек Ҳайдаров-62), 24. Илья Ильин, 28. Абдуллоҳ Олимов.
“Локомотив”: 1. Игнатий Нестеров, 5. Кахи Махаразде, 10. Марат Бикмаев (21. Дониёр Усмонов-62), 11. Темурхўжа Абдухолиқов, 17. Салим Мустафоев, 18. Тимур Кападзе, 22. Санжар Шоаҳмедов, 28. Икром Алибоев (44. Сергей Прохоров-81), 33. Олег Зотеев, 37. Шерзод Файзиев, 77. Жасур Ҳасанов (15. Сардор Мирзаев-46).
Ҳакамлар: Ш.Қосимов (Тошкент), Н.Рўзимов (Тошкент), О.Жумаев (Навоий), Д.Акмалов (Тошкент).