Маълумки, бу йил Тошкентнинг «Обод» жамоаси олий лигадаги дебют мавсумини ўтказмоқда. Ташкил топганига эндигина уч йил бўлган клуб кучлилар сафида йўқолиб қолаётгани йўқ. Жамоа чемпионатнинг 10-тури доирасида «Сўғдиёна»ни мағлуб этиб (2:1), элитадаги илк тарихий ғалабасига эришди. Мана шу ўйинда «Обод»нинг ҳар икки голига ёш ҳужумчи Шоҳруз Норхонов муаллифлик қилди. Бу футболчига биз бироздан сўнг яна қайтамиз. Шунингдек, «Обод» «Бухоро» ва «Қизилқум» клублари билан дуранг натижа қайд этди. Бу икки рақиб жамоа жорий мавсумда совринли ўринлардан бири учун курашаётганини инобатга олсак, дуранг ёмон натижа эмаслиги ойдинлашади. Жамоа Ўзбекистон кубогининг илк босқичида ««Оқ-тепа»дан 5:0 ҳисобида устун келди. Ўша биз мавзуга қайтмоқчи бўлганимиз Норхонов учрашувда 4та тўп киритиб, «покер»га эришди. «Обод» кимсан «Бунёдкор» билан кубок баҳсларида 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Жавоб учрашувида эса «қалдирғочлар» қийинчилик билан ғалабага эришишди. Шоҳруз «Бунёдкор» ва «Қизилқум»га қарши кечган ўйинларда ҳам майдонни голсиз тарк этмади. Демак, суҳбатдошимиз олий лигадаги голлари сонини 3тага етказиб олган истеъдодли ҳужумчи Шоҳруз Норхонов. Уни билганлар Неймар деб чақиришади. Ҳа, Шоҳруз ташқи кўринишидан бразилиялик футболчига қуйиб қўйгандек ўхшайди.
- Шоҳруз, суҳбатимиз аввалида «Сўғдиёна» билан бўлиб ўтган баҳс ҳақида гаплашсак...
- Бу ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўрган эдик. Чунки ўз майдонимизда ўтказган аввалги учрашувларда ғалабага ҳақли ўйин намойиш этиб, якунда очко йўқотиб келаётгандик. Ниҳоят, олий лигадаги ғалабамизни қўлга киритганимиздан ва бунга ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсандман. Ўйин бошиданоқ рақиб жамоага очиқ футбол таклиф қилдик. Бунинг натижасида «Сўғдиёна» футболчиларида ҳам дарвозани ишғол қилиш учун бир нечта қулай вазиятлар юзага келди. Биринчи голимда рақиб ҳимоячилари сунъий равишда ўйиндан ташқари ҳолатни юзага келтиришда хатога йўл қўйишди. Тўп менга рақиб ҳимоячисидан келиб тушган эди. Бу ҳолатда дарвозабон билан бирга-бир вазиятдан фойдаланиб қолдим. Иккинчи гол учрашувнинг сўнгги дақиқаларида киритилди. Санжар Тўрақуловнинг тўп узатишидан сўнг «дубл»га эришдим.
- Энди футболдаги илк қадамларни эслаймиз. Билишимизча, ўзига яраша қийинчиликларга дуч келган экансиз, тўғрими?
- Шундай. Ҳеч бир нарсага осонлик билан эришилмайди. Балки шуниси ҳам маъқулмикан, деб ўйлаб қоламан. Ўзим Тошкент шаҳрида дунёга келганман. «Қор ёғди» маҳалласида вояга етдим. Учтепа туманидаги 236-ўрта мактабда таҳсил олдим. Футболга онам олиб борганлар. Оиламизда бошқа спортчилар бўлмаган. 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида футбол сир-асрорларини ўргана бошладим. Бу ерда илк мураббийим Дониёр Муродов бўлганлар. Спорт мактабидаги таҳсил ниҳоясига етгач, 2-лига вакили «Ўрикзор», кейин «Тошкент» жамоаларида ўйнадим. 2012 йили Воҳид Холбоев мени биринчи лига жамоаси «Оқ-тепа»га таклиф қилдилар. Юқорида айтганим, футболчилик фаолиятимдаги қийинчиликларга айнан ўша даврда дуч келдим. Жисмоний ҳолатим талаб даражасида эмасди. Ўйинга ўзим ўйлагандек қовушиб кета олмадим. Шунда мураббийлар менга ўз устимда кўпроқ ишлашим кераклигини айтишди. Бу эса менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Ўша кундан бошлаб ўзгардим. Кун тартибига жиддий риоя қиладиган бўлдим. Ҳар куни эрталаб бадантарбия машғулотларини бажариб, бир неча километр масофага югуришни одат қилдим. Енгил атлетика билан шуғуллана бошладим. Жисмоний ҳолатимни кўтариш учун астойдил ҳаракат қилдим. 2014 йили Шоҳид Тиллабоевнинг таклифи билан 1-лига вакили «Истиқлол»га ўтдим. Бир йил шу жамоа шарафини ҳимоя қилдим. Ўйинимда анча ўзгариш бўлганини сездим. 2015 йилда эса ҳозирги жамоам «Обод» сафига бориб қўшилдим. Бобур Зуҳриддиновнинг чақируви билан ўз олдига аниқ вазифа қўйган клубга кўчиб ўтдим. Жамоа билан ўтган йили драматик кечган мавсум якунида олий лига йўлланмасини қўлга киритдик.
- Айтишларича, «Истиқлол» жамоасида ҳимоя чизиғида тўп сурган экансиз.
- Худди шундай. Ундан аввалроқ, яъни «Оқ-тепа» клубида ўнг қанот ҳимоячиси позициясида ўйнаганман. «Истиқлол»да эса мени ҳимоячи сифатида синаб кўришди. «Обод»га ўтганимдан кейин ҳам бирданига ҳужумда ўйнамадим. Дастлаб ўнг қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қилдим. Ўшанда Алишер Азизов марказий ҳужумчи эди. Бу йилдан эса мураббийлар мени марказий ҳужумчи сифатида ўйнатишяпти. Шу ўринда мураббийимиз Бобур Зуҳриддиновни алоҳида айтиб ўтишим керак. Ёш бўлишига қарамай, жуда талабчан мураббий. Машғулотлар чоғида ўзидан катталар билан қандай ишлашни жуда яхши билади. Ўзбекистонда бундай мураббийлар жуда кам. Ёшлар билан ҳам, катталар билан ҳам бирдек ишлай олади. Машғулотда ҳам, ўйинда ҳам ўзидан катта футболчилар ёш мураббийга қулоқ солишади. Ҳали бирор марта мураббийга эътироз билдиришганини кўрмаганман. Машғулотлари ранг-баранг. Шу пайтгача ҳали биронта клубда бундай машғулот жараёнига гувоҳ бўлмадим. Ишонмасангиз, ўзингиз машғулотга келиб, бунга шоҳид бўлишингиз мумкин.
- Шоҳруз, кўпчилик сизни Неймар, деб чақиряпти. Бунга қандай муносабат билдирасиз?
- Неймар, деб чақиришса, бундан хурсанд бўламан. Бразилиялик юлдузнинг ўйинларини кузатиб бораман, услубига ҳавас қиламан. Лекин унинг даражасига чиқиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
- Ўзбекистонда қайси футболчиларга ҳавас қиласиз?
- Бундайлар кўп. Ҳужумчи бўлганим учун Игорь Сергеевнинг ўйинларини доим кузатиб бораман. Қолаверса, Одил Аҳмедов, Сардор Рашидов, Сервер Жепаров каби терма жамоамизнинг етакчи футболчиларига ҳам ҳавас қиламан. Улардан ниманидир ўрганишга ҳаракат қиламан.
К.АЛИМОВ суҳбатлашди