Кириш Регистрация

Евро-2016нинг «олтин бутса»си кимга насиб этади?

Баҳо:
+ | -

Евро-2016 баҳслари ҳам аста-секин ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Очилиш баҳсида Димитри Пайе ўзининг супер голи билан жамоаси ғалабасини таъминлади. Березуцкийнинг тўпи эса русларга Англия билан баҳсда дуранг келтирди. Гарет Бейл ўзининг илк голини киритди. Гарри Кейн ва Антуан Гризманн каби моҳир голеадорлар ҳам биринчи учрашувларини ўтказишди, аммо гол уриш ҳозирча уларга насиб этмади. Қуйида Евро-2016 турнири тўпурари бўлиши мумкин бўлган футболчилар хусусида фикр юритамиз.

ГАРРИ КЕЙН, АНГЛИЯ

Гарри терма жамоа либосида 12 марта майдонга тушиб, 5та гол уришга муваффақ бўлган футболчи, гоҳ ҳужум марказида, гоҳ қанотларда ўйнайди.

Футболчининг хилма-хил ўйинларини инобатга олсак, турнир юлдузларидан бири бўлиши мумкин. «Уч шерлар»нинг катта турнирлардаги муваффақиятсизликлари шу турнирда поёнига етиши ҳам мумкин. Балки, Кейннинг ҳужумдаги шериги Жейми Варди ҳам ўзини кўрсатиши мумкиндир, лекин Рой Хожсон ҳозирча бу футболчига ўйнаш имконини бермади. Буни инобатга олган ҳолда, Кейнининг 1-рақамли бўлиш имкониятини юқорироқ баҳолаш мумкин.

ГАРЕТ БЭЙЛ, УЭЛЬС

Уэльсликларнинг асосий юлдузи биринчи ўйиндаёқ ўзини кўрсатишга улгурди, жарима зарбасини моҳирлик билан ижро этган Бэйл Словакия дарвозасига киритилган биринчи гол муаллифига айланди. Эҳтимол, Бэйл ўз квартетининг энг кучли футболчисидир. Улэьснинг биринчи ўйинидан кўриндики, жамоада мустаҳкам ва жамоавий ўйин жуда ҳам яхши шаклланган. Бэйл Англия ва Россияга қарши баҳсларда ҳақиқий етакчидек ҳаракат қилиб, шерикларини ортидан етаклаши керак. Жамоадаги марказий ҳужумчи ролини Бэйл Аарон Рэмси ёрдамида бажаради, бу ҳолат биринчи учрашувда ҳам кузатилди. Уэльсликлар турнирда очиқ футбол номойиш этадиган жамоалардан бири эканини кўрсатишди ва Бэйл бу жамоанинг биринчи рақамли футболчиси.

РОМЕЛУ ЛУКАКУ, БЕЛЬГИЯ

«Эвертон» учун ўтган мавсум жуда ҳам ёмон ўтди. Лукаку мазкур жамоанинг энг яхшиларидан бири бўлди. 18та голга муаллифлик қилган футболчи тўпурарлар баҳсида кучли тўртликдан ўрин олди. Ҳужумчи ўз ўйинларини топиб олди ва ўзига яратилган имкониятларни совуққонлик билан ижро этмоқда. Бельгия терма жамоасида Ромелуни «Эвертон» футболчиларидан кўра, моҳирроқ ижрочилар қўллаб-қувватлайди. Азар, де Брюне, Витсель ва Наингголан бу ҳужумчига кўплаб вазиятлар яратиб бериши табиий. Улардан фойдаланиш эса, ҳужумчининг ўзига боғлиқ. Букмекерлар Бельгиянинг Евродаги имкониятларини яхши баҳолашмоқда.

РОБЕРТ ЛЕВАНДОВСКИ, ПОЛЬША

Польша терма жамоаси Евро-2016га кутилмаган совға тайёрлаган бўлиши мумкин. Жамоа олтин медалларга даъво қилишига ҳеч ким ишонмас, лекин кутилмаган шов-шув кўтариш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Асосийси, таркибида дунёнинг энг кучли марказий ҳужумчиларидан бири - Роберт Левандовски бор. Робертнинг саралаш баҳсларида 13та голга муаллифлик қилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Шимолий Ирландияга қарши кечган баҳсда футболчи рақиб дарвозасини ишғол қила олмади, аммо кейинги баҳсларда рақиб дарвозасига йўл топа олиши мумкин.

КРИШТИАНУ РОНАЛДУ, ПОРТУГАЛИЯ

Бу персонажни мазкур топ рўйхатга қўшмасликнинг иложи йўқ. Криштиану қайси турнирда қатнашмасин албатта, бош тўпурар бўлишга асосий номзодлар қаторида туради. Тўғри, Криштианунинг терма жамоадаги ишлари «Реал»даги каби бир текис эмас. Масалан, саралаш баҳсларида футболчи мухлислар кутган даражада иштирок эта олмади. Аммо айни пайтда ажойиб спорт формасида бўлиб турган Рональду Франция майдонларида Португалия терма жамоасига муносиб етакчи бўла олишини тахмин қилсак бўлади.

АНТУАН ГРИЗМАНН, ФРАНЦИЯ

«Атлетико»да ўтказган икки мавсумда ёш футболчи юлдуз даражасига чиқди. Айни пайтда ҳужумчи ўзига яратилган имкониятларнинг камида 70%дан унумли фойдалана олади ва ҳар қандай жамоа ҳимоясини ёриб ўтиши мумкин. Карим Бензема ва Кевин Гамейроларнинг таркибда йўқлигини инобатга олсак, Антуан терма жамоада вазиятларни якунловчи позицияда ўйнаш эҳтимоли юқори. Шубҳасиз, айни пайтда Гризманн - бутун Франция халқи умиди. Очилиш учрашувида футболчи ўз ўйинини намойиш эта олмади. Аммо Гризманнинг қобилиятини инобатга олсак, кейинги учрашувларда албатта ўзини кўрсатади.

ТОМАС МЮЛЛЕР, ГЕРМАНИЯ

«Бавария»да Мюллер доимо тўпурарлар рўйхатида пешқадамлардан бири бўлиш билан бирга, вазиятларни яратишда ҳам шерикларидан қолишмайди. Терма жамоада эса кўпроқ вазиятларни якунлайдиган нуқтада ўйнайди. Ўзи иштирок этган биринчи жаҳон чемпионатида 20 ёшли Мюллер рақиблар дарвозасини 5 марта ишғол этиб Диего Форлан билан бирга мундиал «Олтин тўпи»ни қўлга киритганди. Бундан ташқари, мусобақанинг энг яхши ёш футболчиси номига сазовор бўлганди. Навбатдаги 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасида ҳам футболчи тўпурарлар рўйхатида Хамес Родригес билан бирга биринчи ўринни эгаллади. Ҳозир таркибда Мирослав Клозе йўқ аммо Туркияда тўп тепаётган икки «қария» футболчи - Гомес ва Подольски бор. Кўрамиз, Лёв бу сафар қайси футболчидан ҳужумдаги биринчи рақамли футболчи сифатида фойдаланаркин. Тўғри, Украина дарвозасини бошқа футболчилар ишғол этишди.

+ БОНУС. ЗЛАТАН ИБРАГИМОВИЧ

Албатта, Златан «Олтин бутса» учун курашади. Бунинг учун жамоадошлари Ибрани ўз вақтида тўп билан таъминлаб туришса бўлди. Бу Евро унинг учун охирги катта турнирлардан биридир. Бу ҳолат унга қўшимча куч бағишлаши ҳам мумкин. Ғайриоддий ҳаракатлари билан ажралиб турадиган ҳужумчидан мухлислар бу мусобақада ҳам сермазмун ўйин кутишлари табиий. Кўрамиз, Златан Евро-2016 «Олтин бутса»сини ўзиники қила олармикин?

Абдуллохон Исроилхонов - тайёрлади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:46, 17.06.2016.
Ўқилди: 5784 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.