Футбол бўйича Англия чемпионати бомбардири Жеймс Варди миллий терма жамоа таркибида Европа чемпионати ўйинларига тренажёр залидаги машғулотларда қатнашишдан бош тортди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Daily Telegraph нашрига кўра, футболчи бунинг ўрнига энергетик ичимликлар ва чайналадиган тамакини афзал кўрган. Газета Англия — Уэльс ўйини олдидан меҳмонхонадан энергетик ичимлик банкаси ва таркибида никотиннинг юқори миқдори бўлган чайналадиган тамаки қутиси билан чиқиб келаётган 29 ёшли Варди фотосини чоп этди.
«Агар тренажёр залига қатнасам, у ердаги машғулотлар ҳаракатларимни сустлаштириб қўяди. Ҳамманинг бир-биридан фарқи бор, бу менинг йўлим. Мураббийлар залга боришга мажбурлаб кўрди, аммо бундан ҳеч нарса чиқмади», — деб бунга изоҳ берди Варди.
Спорт тартибини бузганига қарамай, Варди 16 июнь куни Уэльс билан ўйинда ҳисобни тенглаштирди: у иккинчи таймда, гол уришидан атиги 10 дақиқа аввал майдонга тушганди. Терма жамоа ўшанда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. «Лестер» ҳужумчиси мураббийлар айтганларига амал қилмай яна рақиб дарвозасини нишонга олишга қодир ёки йўқлиги 20 июнь куни, Англия терма жамоасининг Словакияга қарши ўйинида маълум бўлади.