Германия терма жамоаси Шимолий Ирландияни кичик ҳисобда мағлуб этди ва гуруҳда 1-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга чиқди.
Биринчи бўлим немисларнинг катта устунлигида ўтди. Улар бир қанча хавфли вазиятларни содир қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонган ҳолда танаффусга чиқиб кетишлари мумкин эди.
8-дақиқада Ўзилнинг ажойиб тўп оширишидан сўнг, Мюллер дарвозабон билан яккама-якка чиқиб, зарба йўллади. Дарвозабон тўпни қайтара олди!
12-дақиқада, Гётце худди шундай вазиятда дарвозбонни доғда қолдира олмади. рвозабон билан юзма-юз чиқиб зарба йўллади. Макговерн яна тўпни қайтара олди.
27-дақиқада Мюллер ўнг қанотдан оширилган тўпни боши билан дарвозага йўллаганида, тўп дарвоза устунига тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди.
Орадан 2 дақиқа ўтгач, ҳисоб очилди. Гомес тўпни Мюллерга оширди, Мюллер жарима майдони ичида дарвозабон билан яқинлашиб, уни ерга йиқилишга мажбур қилди ва тўпни Гомесга қайтарди. Ҳужумчи эса бўш қолган дарвозани осонлик билан ишғол этди.
35-дақиқада “омадсиз” Мюллер яна саҳнага чиқди. У чап қанотдан Гётце оширган тўпни бир зарбада дарвозага йўллаган эди, тўп яна устунга тегди.
Иккинчи бўлимда ўйин сурати бироз пасайди. Шимолий Ирландияликлар ҳисобни ушлаб ҳаракат қила бошладилар. Чунки кичик ҳисобдаги мағлубият ҳам уларни кейинги босқичга чиқиш имкониятларини сақлаб турарди.
Немисларда хавфли вазиятлар камроқ бўлди. 52-дақиқада Гётце чап қанотдан оширилган тўпни яқин масофадан дарвозага йўллай олмади. Тўп ноаниқ кетди.
82-дақиқада эса Гомес ҳисобни ошириши мумкин эди. Киммих тўпни ўнг қанотдан жарима майдонига оширганда, у боши билан зарба йўллади. Дарвозабон қийинчилик билан тўпни қайтара олди!
Ўйин охиригача ҳисоб ўзгармай қолди ва Германия гуруҳда 1-ўринни эгаллаб кейинги босқичга чиқди.
21 июнь, Париж, «Парк де Пренс»
Шимолий Ирландия – Германия 0:1 (0:1)
Гол: Гомес (29)
Шимолий Ирландия – Макговерн, Маколи, Эванс, Хьюз, Кэткарт, Норвуд, Эванс (Макгинн, 84), Даллас, Дэвис, Уорд (Маженнис, 70), Вашингтон (Лаферти, 59).
Германия – Нойер, Хуммельс, Боатенг (Хёведес, 76), Хектор, Хедира (Швайнштайгер, 69), Киммих, Ўзил, Кроос, Гётце (Шюррле, 55), Гомес, Мюллер.