MungzMedia портали мухбири машҳур карикатурачи рассом Умар Моманидан эксклюзив интервью олди. Иорданиялик аниматор ушбу йўналишга кириб келиши, ўзининг ёқтирган қаҳрамонлари ва келажакдаги режалари ҳақида гапириб берди. Эътиборингизга ана ўша интервьюни ва Моманининг янги ижод намуналарини тақдим этамиз.
— Аниматор ва карикатурачи рассом бўлишингизга нима туртки берган?
— Мики Маус, Папай, Том ва Жерри каби мультқаҳрамонлар болалигимдан менинг энг яхши дўстларимдир. Шу мультфильмларни кўрар эканман, улар реал ҳаётда бор деб ўйлаганман. Кейин ота-онам шунчаки мультфильм эканини айтишгач, мен ҳам шундай аниматор бўламан, деб қарор қилганман.
— Сиз Goal портали билан ишлайсиз. Дунёга машҳур брендлар қиёфасини чизишда ортиқча босимни сезмайсизми?
— Мен азалдан анимация ва футбол ишқибозиман. Goal портали эса бу икки йўналишни бирга олиб боришим учун яхши имконият тақдим этди. Бошида маҳаллий ва халқаро миқёсда фаолият юритиш бироз қийин бўлди. Омманинг футбол карикатураларга нисбатан реакцияси мени озроқ босим остида ушлаб туриши аниқ эди ва эътирозу танқидларни қабул қилишга тайёр эдим.
— Чизишни бошлаганингиздан кейин энг яхши ва ёмон нарса нима бўлган?
— Энг яхши нарса — ўзим ҳузурланадиган ишим билан машғуллигим бўлган. Энг ёмони эса футболчиларнинг мунтазам равишда соч турмакларини ўзгартириши эди. Чунки уларнинг қиёфасини чизишда қийналардим.
— Бу ишни бошлаганингизда нималардан ёки кимлардан илҳом олгансиз?
— Карикатура мавзуларини футбол янгиликлари, тарихий воқеалар, мусиқа, фильмлардан илҳомланиб топардим. Шуни ҳам алоҳида қайд этишим керакки, Goal порталидаги ҳамкасбларим янги ғоялар тақдим этишда анча фаоллик кўрсатишган.
— Дизайнерлар, аниматорлар, рассомлар, иллюстратор ва ҳоказолар ўзларидан кўра яратган ишлари машҳурроқ деган иборага қандай қарайсиз?
— Ҳа, бу бор гап. Баъзида карикатура муаллифини унутиб ҳам қўйишади. Менимча, одамлар карикатураларни яхши кўришади ва кўпинча унинг муаллифига эътибор беришмайди. Анимация саноатида анимация аниматордан кўра кўпроқ машҳурлик олиб келади.
— Анимация чизишдан бошқа бирор машғулотингиз борми? Масалан, спортга қизиқасизми?
— Спорт билан шуғулланишга интиламан, аммо вақт йўқ. Мен кўпроқ рок йўналишидаги мусиқаларни ёқтираман. Франк Саппа, Давид Боуи ва Лоу Риднинг ашаддий ишқибозиман. Афсуски, улар оламдан ўтиб кетишган.
— Сизга энг ёққан анимация қаҳрамони қайси?
— Папай — менинг энг севимли образим. Бу образ ўзига хос тарзда яратилган.
— Ҳозирда етишиб чиқаётган ёш аниматорларга қандай маслаҳатлар бера оласиз?
— Яхши аниматор бўлиш учун ҳар куни кўпроқ чизиш, машқ қилиш ва маҳоратини ошириб бориш жуда муҳим. Шунингдек, анимация тарихини, унинг ривожланиш босқичларини пухта ўрганиб, ўзлаштириш керак.
— Сўнгги савол: келажакдаги режаларингиз қандай?
— Қисқа метражли анимацион фильм ва комик китоб яратишни режа қилиб юрибман. Унинг ичида, албатта, спорт мавзуси ҳам бўлади.