Кириш Регистрация
28/04 00:00 Астон Вилла 2-2 Челси
28/04 00:00 ПСЖ 3-3 Гавр
28/04 00:00 Атлетико 3-1 Атлетик Бильбао
28/04 13:00 Тожикистон 5-5 Ўзбекистон
28/04 15:30 Интер 2-0 Торино
28/04 16:00 Метц 1-2 Лилль
28/04 16:00 Таиланд 1-4 Эрон
28/04 17:00 Кадис 1-1 Мальорка
28/04 18:00 Тоттенхэм 2-3 Арсенал
28/04 18:00 Борнмут 3-0 Брайтон
28/04 18:00 Лорьян 1-2 Тулуза
28/04 18:00 Клермон 4-1 Реймс
28/04 18:00 Страсбур 1-3 Ницца
28/04 18:00 Болонья 1-1 Удинезе
28/04 19:00 Индонезия - Ўзбекистон
28/04 19:15 Гранада 3-0 Осасуна
28/04 20:05 Ренн 4-5 Брест
28/04 20:30 Ноттингем Форест 0-2 Манчестер Сити
28/04 21:00 Наполи 2-2 Рома
28/04 21:00 Аталанта 2-0 Эмполи
28/04 21:30 Вильярреал 3-0 Райо Вальекано
28/04 22:00 Лион 3-2 Монако
28/04 22:30 Япония - Ироқ
28/04 23:45 Фиорентина - Сассуоло
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Қуйи лиганинг моҳир дирижёрлари

Баҳо:
+ | -

Сўнгги вақтларда кўп маротаба танқидлар остида қолаётган биринчи лигада ҳам мавсум ярмига келди. «Оқ-тепа» мусобақадан чиқиб кетгач, қизғин курашлар қолган 17та жамоа ўртасида кечмоқда. Умуман олганда, қуйи дивизионда йилдан-йилга рақобат жиддий тус оляпти. Хўш, ушбу мусобақада ишлаётган мураббийлар қандай лицензияга эгалар? Мураббийлик соҳасида қандай натижаларга эришдилар? Қуйида шу ҳақда батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

«ЛОКОМОТИВ-БФК» -Воҳид ХОЛБОЕВ

Лицензияси тури: «А» сертификати.

Футболчилик фаолияти давомида олий ва биринчи лига жамоаларида тўп сурган тажрибали ярим ҳимоячи Воҳид Холбоев 2012 йилдан мураббийлик соҳасига қадам ташлади. Дастлаб маълум муддат «Оқ-тепа»да ишлаган мутахассис кейинчалик вазифасидан озод этилди. Шундан сўнг ишсиз қолган мураббийга 2016 йили «Локомотив-БФК»дан таклиф тушди. Хабарингиз бор, Воҳид Холбоев «темирйўлчилар» сафида тўп сураётганди. Ҳозирда ушбу мутахассисда «А» лицензияси бор. Ўз навбатида, унинг «Локомотив» аёллар жамоасида ҳам бош мураббий сифатида иш юритаётганини таъкидлаш жоиз.

Натижаси:  Холбоев «Оқ-тепа»да бир йил ҳам иш юритмаганлиги сабабли, натижа кўрсата олмаганди. «Локомотив-БФК»да ҳам ҳозирча ишлари у қадар қониқарли бўлмаяпти.

 

«NBU-ОСИЁ» -Руфат АКРАМХЎЖАЕВ

Лицензияси тури: «А» сертификати.

Акрамхўжаев футболчи сифатида «NBU-Осиё»да тўп сурган. 2015 йилдан бошлаб эса «банкирлар» устозига айланди. Илгари «Пахтакор» академиясида болалар билан иш юритган мутахассис бугунги кунда «А» лицензиясига эга. Ҳозирда 36 ёшли мутахассисга тажрибали мураббий Рустам Орипов ёрдам бермоқда. Умуман олганда, бу мураббий қўл остидаги жамоани ёмон бошқармаяпти.

Натижаси:Акрамхўжаев ўтган йили ёш жамоаси билан кучли саккизликка кирганди. Якуний рўйхатда эса 6-ўринни қўлга киритди. Бу йил ҳам «NBU-Осиё»даги ишлари чакки эмас.

 

«ЦЕМЕНТЧИ» -

Абдумалик ҲАКИМОВ

Лицензияси тури: «B» сертификати.

Биринчи лиганинг етакчи жамоасига айлана олган «Цементчи»да Абдумалик Ҳакимов фаолият кўрсатмоқда. Унда «С» ва «В» лицензиялари бор. Ушбу мураббийга Илҳом Зайлобиддинов кўмаклашмоқда. Умуман олганда, 1978 йилда туғилган мутахассис Қувасой клуби билан юксак чўққиларни кўзламоқда.

Натижаси: Ҳакимов ўтган мавсумдан бошлаб «Цементчи» устози сифатида ишламоқда. Бу мураббий илк мавсумдаёқ жамоа билан биргаликда 4-ўринга эга чиққанди. Жорий йилда эса олий лигага чиқишни ўз олдига мақсад қилган.

 

«ЗОМИН» - Асқар УМАРОВ

Лицензияси тури:  сертификати йўқ.

Қизиғи шундаки, «Зомин» бош мураббийи Асқар Умаров ҳеч қандай лицензияга эга эмас: ПФЛдан менежер сифатида рўйхатдан ўтган. Унга Бердиёр Маъмуров яқиндан кўмаклашмоқда. Умуман олганда, лицензиясиз бўлишига қарамай, ушбу мутахассис қўл остида жамоа ёмон иштирок этмаяпти. Баъзи молиявий муаммоларни инобатга олмаганда, «Зомин»да барчаси рисоладагидек.

Натижаси:Умаров 2015 йилги мавсумдан бошлаб «Зомин»да мустақил равишда ишламоқда. Шуни қўшимча қилиш лозимки, унинг қўл остида жамоа ўтган йили чемпионатда 5-ўрин соҳибига айланган ва ўз минтақасида юқори кўрсаткич қайд этганди.

 

«УЗДОНГЖУ» -

 Абдурашид ИСМОИЛОВ

Лицензияси тури:«А» сертификати.

Қуйи лиганинг барқарор жамоаларидан бири бўлган «УзДонгЖу»ни жорий мавсумдан бошлаб Абдурашид Исмоилов бошқармоқда. Бу мураббийда ҳам «А» лицензияси бор. Исмоилов ўз вақтида «Андижон» ёшлари билан ҳам ишлаганди. Унга аввалги йилларда «бўёқчилар»га устозлик қилган Нозим Муллаохунов яқиндан кўмаклашмоқда.

Натижаси: Абдурашид Исмоилов «УзДонгЖу» бошқарувини жорий мавсумда қабул қилиб олганини инобатга олсак, натижалар борасида аниқ бир фикр билдириш қийин. Лекин биринчи давра якунига қараб хулоса чиқарсак, ҳолат ёмон эмас.

 

«ЁЗЁВОН-ЛОЧИНЛАРИ» - Ислом ИСМОИЛОВ

Лицензияси тури: «В» сертификати.

Тажрибали мутахассис Мурод Исмоиловнинг фарзанди бўлган Исломбек ҳам мураббийлик соҳасида астойдил меҳнат қилмоқда. 1992 йилда туғилган мутахассис лигадаги энг ёш мураббийлардан бири ҳисобланади. У ўтган йили «В» лицензиясига ўқиганди. Бунга қадар эса Исломбек Исмоиловда «С» лицензияси мавжуд эди.

Натижаси:Биласизми, Исмоилов «Ёзёвон-Лочинлари»ни 2015 йилнинг августида қабул қилиб олганди. Якунда жамоанинг 8-ўринни олишига катта ҳисса қўшди. Жорий йилда ҳам ёзёвонликларни ёмон бошқармаяпти.

 

«ҒИЖДУВОН» -

Шерзод САТТОРОВ

Лицензияси тури: «А» сертификати.

Молиявий муаммолар гирдобида қолган жамоани 1986 йилда туғилган Шерзод Сатторов бошқаряпти. Илгари у «С» ва «В» лицензиялари соҳиби ҳисобланарди. Ҳозирда эса «А» лицензиясига эга. Унга Илҳом Назаров ёрдамчи мураббий сифатида кўмаклашмоқда. Клуб асосан биргина хусусий тадбиркорга қарашли бўлганлиги туфайли, молиявий барқарорликни таъминлаш қийин бўлмоқда.

Натижаси: Сатторов 2014 йилдан буён «Ғиждувон» футболчиларига устозлик қилиб келмоқда. Икки йил аввал саккизталикка кира олмаган жамоа ўтган мавсум бунинг уддасидан чиқди. Якунда эса 15-ўрин билан кифояланди.

 

«ХОРАЗМ» - Михаил КИМ

Лицензияси тури: «А» сертификати.

Аслида, бу жамоага Умид Тожимов бош мураббий этиб тайинланганди. Лекин ушбу мутахассиснинг лицензияси «С» сертификатига тааллуқли эканлиги сабабли, «А» тоифасига эга Михаил Ким ПФЛ томонидан бош мураббий сифатида рўйхатдан ўтказилди. Тожимов ҳозирча унга кўмаклашиш билан чекланмоқда.

Натижаси: Ушбу жуфтлик ўртасидаги ҳамкорлик шу йили бошланганини эътиборга олсак, бирорта натижани эътироф қилиш қийин. Балки ҳозирги таркиб ёшлардан иборат эканлиги сабабли «Хоразм»га нимадир етишмаётгандир.

 

«ОРОЛ» - Темур ТУРДИЕВ

Лицензияси тури: «С» сертификати.

Ўйновчи-мураббий сифатида «Орол»га устозлик қилаётган Темур Турдиевда «С» лицензияси бор. У билан суҳбатлашганимизда, яқин орада «В» лицензияси учун ўқишни режалаштирганлигини маълум қилди.

Натижаси: «Орол»да фаолият юритаётган Турдиев ёш футболчилар билан ёмон натижа кўрсатмаяпти. Бир қатор кучли жамоалардан очко тортиб олишди. Бунда албатта, ҳимояда ишончли ҳаракат қилаётган ўйновчи-мураббийнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

 

«НАСАФ-2» - Нурали СУЛТОНОВ

Лицензияси тури: «В» сертификати.

Нурали Султонов футболчилик даврида «Насаф»да ёрқин из қолдирган. Эндиликда қаршиликларнинг биринчи лигадаги фарм-клубини бошқаряпти. Ҳозир унда «В» лицензияси бор. Келажакда ўқиб-ўрганишда давом этиб, лицензия тоифасини оширишни режалаштирмоқда.

Натижаси: Ўтган йили Султонов саккизталикка кирганди. Гарчи у бошчилигидаги жамоа якунда юқори ўринларни қўлга киритмаган бўлса-да, ёшларнинг тажриба тўплашларига муносиб улуш қўшди.

 

«ХОТИРА-79» - Рустам ДЎРМОНОВ

Лицензияси тури:«С» сертификати.

Мазкур жамоада мураббийлар қўнимсизлиги давом этмоқда. Йил бошида клуб раҳбарияти Рустам Дўрмоновни ишга таклиф қилганди. «Нефтчи»даги ажойиб ўйинлари билан мухлислар ёдида қолган собиқ футболчи мураббийлик соҳасида бир муддат ишсиз юрди. Кейинчалик «Хотира-79»га таклиф қилинган мутахассис ҳозирда «С» лицензиясига эга.

Натижаси: Буни қарангки, Дўрмоновнинг «Хотира-79»даги фаолияти узоққа чўзилмади: эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Бунга молиявий муаммолар ҳам таъсир қилди. Қолаверса, натижаларда пасайиш кузатилди. Бунга Рустам Дўрмоновдаги тажрибанинг етишмаслигини сабаб сифатида кўрсатиш мумкиндир, эҳтимол.

 

«НУРАФШОН» - Геннадий КОЧНЕВ

Лицензияси тури: PRO сертификати.

Маълум муддат «Бухоро»да бош мураббий сифатида ишлаган Кочнев бироз вақтдан сўнг клуб раҳбариятида фаолият кўрсатди. Кейинчалик «Нурафшон»нинг тикланишига улкан ҳисса қўшди. Қуйи лигадаги жамоалар орасида фақат Геннадий Кочневда PRO сертификати бор.

Натижаси: «Нурафшон» узоқ йиллардан кейин биринчи лигага чиққанига қарамай, натижалар ёмон эмас. Кочневнинг тажрибаси қўл келиб, жамоа лига етакчиларидан бирига айлана олди.

 

«ДИНАМО» -Илҳом Шарипов (менежер)

Бу жамоага Илҳом Шариповнинг бош мураббий этиб тайинланганлиги тўғрисида маълумотлар берилганди. Лекин собиқ футболчида лицензия билан боғлиқ муаммо туғилганлиги сабабли менежер сифатида рўйхатдан ўтганди. Ҳозирда катта мураббий Уч-қун Қобилов ҳамроҳлигида ишламоқда.

Натижаси: Олий лигага қайтишга астойдил бел боғлаган «Динамо» ҳар бир ўйинда ғалаба қозонмоқда. Бунда Учқун Қобилов ва Илҳом Шариповнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

 

«МАШЪАЛ-2» - Михаил ЛАПА

Лицензияси тури: «А» сертификати.

Лапа илгари «Машъал» академиясида фаолият юритган. Кейинчалик клуб раҳбарияти унга биринчи лигадаги фарм-клубни ишониб топширди. Лапада «А» сертификати бор.

Натижаси: Жамоа ўзаги асосан академия тарбияланувчиларидан тузилганлиги туфайли, натижалар шунга яраша бўляпти. Баъзан барқарорликнинг етишмаслиги панд бермоқда.

 

«ПАХТАКОР-2» - Жасур АБДУРАИМОВ

Лицензияси тури: «А» сертификати.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси устози Жасур Абдураимов «Пахтакор-2»ни ҳам бошқармоқда. Илгари футбол академиясида ишлаганлиги боис, дастлаб «С», «В» лицензияларига ўқиган тажрибали мутахассис ҳозирда «А» сертификатига эга.

Натижаси: Абдураимов аввалги мавсумда ҳам ёш «шерлар»га устозлик қилганди. Фарм-клуб бўлганлиги боис, натижа талаб қилинмайди. Асосан ёшларнинг тажриба тўплашига бош-қош бўлса кифоя.

 

«НОРИН» - Равшан БОЗОРОВ

Лицензияси тури: «С» сертификати.

«Норин» бу йил биринчи лигадаги иштирокини бошлаганидан кейин раҳбарият бош мураббийликка Равшан Бозоровни таклиф қилди. «С» лицензиясига эга бўлган сурхондарёлик мутахассис бунга қадар «Локомотив» футбол мактабида болаларга футбол сир-асрорларини ўргатаётганди.

Натижаси: «Норин» биринчи лигада дебютини нишонлаётганига қарамай, биринчи даврани кўнгилдагидек ўтказди. Равшан Бозоров йил бошида таркибни сезиларли даражада кучайтирди. Бу эса натижаларга ҳам ижобий таъсир қилмоқда.

 

«КОСОНСОЙ» - Олимхон ТУРСУНХЎЖАЕВ

Лицензияси тури:«В» сертификати.

Мавсум бошида «Косонсой»ни Меҳмон Солихўжев бош мураббий сифатида ўйинларга тайёрлаётганди. Натижалар кўнгилдагидек бўлмагани туфайли, клубдаги ҳолатни яхшилаш масъулияти Олимхон Турсунхўжаев зиммасига юклатилди. Ушбу мутахассисда «В» сертификати бор. Косонсойликлар бош мураббийига ёрдамчи сифатида Абдувосит Азизов кўмаклашмоқда.

Натижаси: Олимхон Турcунхўжаев «Косонсой» футбол мактабида фаолият юритган. Кейинчалик раҳбарият жамоа бошқарувини унга топширди. Ўз уйидаги учрашувларда яхши ўйнаётган клубга сафарда барқарорлик етишмаяпти.

Иззат АБДУВАҲОБОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:35, 11.07.2016.
Ўқилди: 4400 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.