Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Наилож, ўхшамади

Баҳо:
+ | -

Олий лига клублари мавсумнинг кейинги қисмига қизғин тайёргарлик кўраётган бир паллада жорий йил яшил майдонда иши қовушмаётган айрим футболчилар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шояд, қуйидаги қайдлар уларга туртки бериб, иккинчи даврада омад калитини топа билишса. Хабарингиз бор, Бобур Йўлдошев ва Одил Ҳамробеков саломатлик борасидаги муаммолар туфайли нафақат олимпия терма жамоаси, балки ўз клубларига ҳам ёрдам бериш имкониятидан маҳрум бўлишди. Ушбу истеъдодли футболчиларнинг тезроқ сафга қайтишларини тилаган ҳолда биринчи даврада ўйини қовушмаган бошқа ўйинчиларга эътибор қаратамиз. Айтиш жоизки, уларнинг аксарияти айнан омадсизликдан сўнг жамоаларини ўзгартиришга мажбур бўлишди.

«Бунёдкор» Забиҳилло Ўринбоев

Биринчи даврани пешқадам сифатида якунлаган жамоа («Локомотив» захирасида битта ўйин борлиги ёддан чиқмайди, албатта)дан кимнидир омадсиз сифатида кўрсатиш  ғалати туюлар. Лекин ҳамма ҳам пешқадамларга хос ўйин кўрсатолмаганини айтиб ўтмасак бўлмас. Дейлик, Забиҳилло Ўринбоев. Яқиндагина европалик скаутлар назарига тушган истеъдодли ҳужумчининг 15та тур якунига кўра 2та гол ургани унинг ўйинида ортга кетиш юз берганидан далолат.

Муқобил вариант: Жавлон Мирабдуллаев

«Локомотив» Неманья Яничич

Мавсум бошидаёқ жароҳат орттириб олишни ҳақиқий омадсизлик деса бўлади. «Локо»нинг сербиялик ҳимоячиси худди шундай ҳолатга тушди. Оқибатда, «темирйўлчилар» мудофаа чизиғида муаммолар пайдо бўлди. Неманья Яничич асосий вақтини тикланишга сарфлади, акс ҳолда, унинг мукаммал спорт формасига эга пайтлари ҳимояда барқарор ўйин кўрсатиши ҳаммага маълум. Нима ҳам дердик, маҳоратли футболчининг иккинчи даврада сафга мукаммал тайёргарлик билан қайтишига тилакдошмиз.

Муқобил вариант: Иван Нагаев

«Насаф» Фаррух Сайфиев

Жароҳатдан азият чекканлардан яна бири - «Насаф» вакили Фаррух Сайфиев. Аввалги мавсумларда нафақат «аждарлар» сафида, балки миллий терма жамоада ҳам ажойиб ўйинлари билан ажралиб турган ҳимоячи мухлисларни соғинтириб қўйди. Умид қиламизки, мавсумнинг биринчи ярмида етишмаган омад иккинчи даврада Сайфиевни асло тарк этмайди.

Муқобил вариант: Илҳом Шомуродов

«Металлург» Жасур Ҳакимов

Бекободликлар ўтган мавсум «Сўғдиёна»да етакчи даражасига чиқа олган ҳужумчини катта умидлар билан жалб этишганди. Аммо Жасур Ҳакимов «Металлург» сафига қўшилгач, бугунги кунда тўпурарлар пойгасида фаоллик кўрсатаётган Зоҳид Абдуллаевнинг соясида қолиб кетмоқда. Дарҳақиқат, 15та турдан кейин битта гол - ҳужумчига ярашмайдиган натижа. Шу боис, Ҳакимов ҳам омадсизлар рўйхатидан ўрин эгаллади.

Муқобил вариант: Шоҳназар Норбеков

«Пахтакор» Суҳроб Бердиев

Жасур Ҳакимов ҳақидаги фикрлар «Пахтакор» ҳужумчиси Суҳроб Бердиевга ҳам тегишли. Фарқи шундаки, «шерлар» форварди ОЧЛ баҳсларида ҳам ўзини кўрсатиш имкониятига эга эди. Афсуски, унинг ўйини ўхшамади. Эндиликда Бердиев пойтахтда етишмаган омадни водийдан топишга уриниб кўради, чоғи: уни «Қўқон-1912» ўз сафига қўшиб олишга қарши эмас.

Муқобил вариант: Азим Аҳмедов

«Бухоро» Санъат Шихов

Ўтган мавсум «Навбаҳор»да яна аввалги савиясини тиклай бошлаган тезкор ярим ҳимоячи «Бухоро» билан шартнома имзолагач, ўз олдига улкан мақсадларни қўйганди. Бироқ негадир Шиховнинг ўйини қовушмади, ҳар ҳолда, аввалги барқарорликка эриша олмаяпти. Қисқаси, омад етишмаяпти. Санъатнинг жаримадан йўллаган аниқ зарбалари, бир-биридан чиройли голларига гувоҳ бўлганлар бу фикрга қўшилишса, ажабмас.

Муқобил вариант: Камолиддин Мурзоев

«Қизилқум» Баҳриддин Ваҳобов

Ўтган мавсум биринчи давра якунига кўра, голлари сонини 15тага етказиб, эътирофга сазовор бўлган Баҳриддин Ваҳобовни ҳам омадсизлар рўйхатига киритиш мумкин. 2015 йили «Қизилқум» ҳисобидаги голларнинг 61,3 фоизини ўз ҳисобига ёзиб қўйган ҳужумчи ҳозирча иккита гол билан чекланиб турибди. Бу эса фоиз ҳисобида 10,53га тенг. Яққол пасайиш бўлганини сезиш қийин эмас.

Муқобил вариант: Андрей Деркач

«Олмалиқ» Фарҳод Тожиев

Ўз вақтида ҳам олий лига, ҳам халқаро мусобақаларда тўпурарлик қобилиятини намойиш этган Фарҳод Тожиев «Олмалиқ»қа катта умидлар билан таклиф этилганди. Тўғри, у 4та гол урди, жамоа тўпурарларидан бири бўлиб турибди. Аммо 15та тур учун бу голларнинг камлик қилиши кундек равшан. Игорь Шквирин қўл остида иши юришмаганини ҳужумчининг ўзи ҳам  яхши англади ва жамоасини алмаштиришга қарор қилди.

Муқобил вариант Дилшод Жўраев

«Нефтчи» Илҳом Бойдедаев

Фарғоналикларнинг жорий йилги энг омадсиз трансфери сифатида Илҳом Бойдедаев номи тилга олинди. «Бунёдкор»га қарши кечган дастлабки ўйиндаёқ «қовун туширган» маҳоратли ярим ҳимоячи кейинчалик руҳий тушкунликдан қутула олмади чоғи, биринчи даврани ўта муваффақиятсиз якунлади. Оқибатда, унинг «Нефтчи»дан кетиши ойдинлашиб қолди.

Муқобил вариант: Бахтиёр Ёқубов

«Машъал» Зоҳир Қўзибоев

Гол танқислиги яна бир истеъдодли ҳужумчи Зоҳир Қўзибоевни ҳам четлаб ўтмади. 15та ўйинда 1та гол - масаланинг нечоғли жиддий эканини кўрсатиб турибди. Ахир яқиндагина ажойиб ўйинлари орқали миллий терма жамоа мураббийлар штаби меҳрини қозонган форварднинг кўрсаткичлари ҳамиша юқори бўлиши лозим. Ҳа, омад келмаса қийин-да!

Муқобил вариант: Ботир Носиров

«Шўртан» Кенжа Тўраев

Чемпионатда ягона гол билан чекланиб турган футболчилардан яна бири. Умуман, Тўраев учун нафақат жорий мавсум, балки сўнгги бир-икки йил ўта омадсиз ўтмоқда. Дастлаб «Насаф» асосий таркибидан ўрин ололмаган ҳужумчи бахтини «Шўртан»дан излаганди. Ғузорда ҳам иши қовушмагач, аввалги барқарорликни «Олмалиқ»да тиклашга қарор қилди.

Муқобил вариант: Лазиз Убайдуллаев

«Сўғдиёна» Акмал Холмуродов

Мавсумнинг дастлабки 6 ўйинида 3 марта қизил карточка олиш - омадсизликми ёки тасодиф? Ҳакамлар кўпинча футболчиларни шунчаки майдондан четлатишдан тийилишади, аксарият ҳолларда ўйинни бузмаслик мақсадида уларни аяшади. Холмуродовнинг бундай ҳимматга лойиқ кўрилмагани балки омадсизликдир?! Ҳар ҳолда, шу тариқа «Сўғдиёна» етакчисининг обрўйига бироз путур етгандек туюлди. Ҳа майли, вазиятни тиклаш учун олдинда ярим мавсум турибди.

Муқобил вариант: Темур Ҳакимов

«Навбаҳор» Анвар Ражабов

Бу футболчининг иқтидори шубҳадан холи, жамоаси ғалабаси учун астойдил тер тўкишидан хабардормиз. Аммо янгиланган «Навбаҳор»да кўпчилик қатори Анвар Ражабовнинг ҳам ўйини ўхшамади. Аксарият вазиятларда тўп узатишда хатоликка йўл қўйса, бошқасида рақиб дарвозаси олдида туғилган хавфли вазиятни йўққа чиқарди. Қолаверса, наманганлик ишқибозлар босимини енгиб ўтолмаган футболчи якунда жамоасини алмаштиришга қарор қилди.

Муқобил вариант: Олександр Пишур

«Андижон» Бобур Акбаров

Аслида, «Андижон»дан қайсидир футболчини омадсиз сифатида алоҳида ажратиб кўрсатиш нотўғри. Зеро, биринчи даврада бутун бошли жамоанинг ўйини қовушмади. Таркиб ёмон эмасди, аммо... Мудофаадаги барқарорликни таъминлаши лозим бўлган Бобур Акбаровдан омад очиқчасига юз ўгирди: баъзан қўпол хатолар панд берди, баъзида эса шериклари уни қўллаб-қувватлашмади.

Муқобил вариант: Алишер Шоғуломов

«Қўқон-1912» Ғайрат Ҳасанов

Ҳозирча чемпионатда энг кўп тўп ўтказиб юборган клуб посбонлари ҳақида илиқ фикр билдириш қийин. Ваҳоланки, Андрей Бакланов бир неча марта турнинг энг яхши ўйинчилари сафида қайд этилди. Аксинча, Ғайрат Ҳасанов дарвозани қўриқлаган учрашувларда «Қўқон-1912» фақат мағлубиятга учради (кубок баҳслари бундан мустасно). Хуллас, Ҳасанов ўз даражасида ўйин кўрсата олмади.

Муқобил вариант: Наврўз Алимов

«Обод» Алишер Азизов

Ушбу ҳужумчи олий лига дебютанти сафида тўп сураётган футболчиларни ғалаба сари руҳлантириши лозим эди. Бунинг учун эса ўзининг асосий вазифаси - гол уришни уддалаши керак. Аммо афсуски, Азизов ҳарчанд уринмасин, «Обод» иштирокидаги ўйинларда бошқа шерикларидан устун эканлигини кўрсата олмади. Аксинча, етакчиликни ёш Шоҳруз Норхонов ва фахрий Павел Соломинга топширишга мажбур бўлди.

Муқобил вариант: Санжар Тўрақулов

Ўткир УМАРОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:33, 23.07.2016.
Ўқилди: 5072 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.