Олимпиаданинг ўнинчи кунига етиб келдик. Бугун ҳам кўплаб юртдошларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Ўзбекистонлик спортчилар олимпиаданинг юнон-рум кураши, бокс, каноэ ва байдаркада эшкак эшиш, енгил атлетика ва оғир атлетика турларида қатнашишади.
КАНОЭ ВА БАЙДАРКАДА ЭШКАК ЭШИШ
Каноэ, эркаклар, 1000 метр, яккалик
Ушбу йўналишда Герасим Кочнев 3-саралаш гуруҳида стартга чиқади. Ўз гуруҳларида дастлабки 4та ўринни эгаллаган спортчилар ярим финал йўлланмасига эга бўладилар. Саралаш баҳслари 17:00да бошланади. Ярим финал баҳслари ҳам бугун ўтказилади — 18:30да. Финал эса эртага режалаштирилган.
Байдарка, аёллар, 200 метр, яккалик
Ушбу йўналишда Ольга Умаралиева Рио-де-Жанейрога келган. Ҳамюртимиз 4-саралаш гуруҳида иштирокини бошлайди. Ҳар бир гуруҳдан 3 нафардан спортчи ярим финалга чиқади. Ярим финал ҳам бугун ўтказилади. Саралаш 17:45да, ярим финал 19:00да бўлиб ўтади.
Байдарка, эркаклар, 1000 метр, яккалик
Алексей Мочалов бугун 3-саралаш гуруҳида баҳсларга киришади. Саралаш баҳси 18:20, ярим финал эса 19:21да бошланади.
ЕНГИЛ АТЛЕТИКА
Учхатлаб сакраш, эркаклар
Руслан Қурбонов бугун ўз сакрашини амалга оширади. Саралаш баҳслари 17:30да бошланади. Спортчилар 3 мартадан сакрашади ва энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 12 нафар спортчи эртага бўладиган финалда иштирок этади.
200 метрга югуриш, аёллар
Нигина Шарипова аввалроқ 100 метрга югуришда ўз омадини синаб кўрганди. Энди 200 метрга югуришда иштирок этади. Саралаш баҳслари 17:30да старт олади.
400 метрга тўсиқлар оша югуриш, аёллар
Наталья Асанова ушбу йўналишда олимпиада лицензиясини қўлга киритган. Саралаш босқичи 05:30да бошланади.
ЮНОН-РУМ КУРАШИ
85 кг.
Ушбу вазнда Рустам Ассакалов ўз иштирокини нимчорак финалда АҚШлик Бенжамин Эррол Провизорга қарши жанг билан бошлайди. Юнон-рум кураши саралаш беллашувлари 18:00дан старт олади. Ҳал қилувчи жанглар 00:00да бошланади.
130 кг.
Энг оғир вазнда Мўминжон Абдуллаев қатнашади. Унинг рақиби дастлабки саралаш баҳсларидан сўнг аниқ бўлади.
БОКС
52 кг.
Шаҳобиддин Зоиров мусобақадаги ўзининг иккинчи жангини ўтказади. Ҳамюртимиз АҚШлик Антонио Варгасни мағлуб этса, чорак финал йўлланмасига эга бўлади. Нимчорак финал баҳси 19:45да бошланади.
69 кг.
Мусобақа кашфиётига айланган Шаҳрам Ғиёсов финал йўлланмаси учун марокашлик Муҳаммад Рабийга қарши рингга кўтарилади. Ушбу боксчи мазкур вазнда амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади. Бошланиш вақти — 20:30.
75 кг.
Бектемир Мелиқўзиев ярим финал йўлланмаси учун ҳиндистонлик Кришан Викасга қарши жанг қилади. Бошланиш вақти — 01:00.
ОҒИР АТЛЕТИКА
Эркаклар, - 105 кг.
Ўзбекистонга яна бир олтин медаль келтириш мумкин бўлган спорт тури ва вазн тоифаси. Ушбу вазнда бирданига икки нафар атлетимиз иштирок этади. Иван Ефремов ва Руслан Нуриддинов ўз омадларини синаб кўришади. Ҳар иккала спортчимиз "А" гуруҳида баҳсларда қатнашади. Бу мусобақа 01:00да старт олади.