«Челси» ҳужумчиси Диего Коста Англиядаги ҳакамлар унга нисбатан жудаям қаттиққўл эканидан нолиди. «Вест Хэм» (2:1) клубига қарши ўйинда у ҳакам билан тортишгани учун огоҳлантириш олганди.
«Ҳакамлар билан мулоқот қилиш бўйича янги қоидалар ҳақида хабарим бор. Мен ҳакам билан гаплашиш учун ёнига иккинчи марта борганимда, у менга сариқ карточка кўрсатди. Олдинига ҳайрон бўлдим, кейинчалик гап нимада эканини тушундим. Танаффусда олдига бориб, узр сўрадим.
Лекин тўғрисини айтсам, сўнгги пайтларда ҳакамлар, мухлислар ва жамоатчилик учун нишонга айландим. Мен ниманидир қилсам, бошқалар ҳам шу ишни қилганидек қабул қилинмаяпти. Бундан қочиб қутилишни иложи йўқ. Умид қиламанки бу нарса ўйинимга таъсир қилмайди. Баъзан ноҳақликни кўриб, қизишиб кетаман, натижада жазоланаман» - деди Коста ESPN Brazil хабарида.