Дунёдаги энг машҳур сузиш усталаридан бири, 23 карра Олимпия чемпиони, америкалик Майкл Фелпс ўзига хос парҳез ишлаб чиққан. У истеъмол қиладиган калориялар миқдори бир қарашда жуда кўп туюлиши мумкин, лекин, нима бўлганда ҳам, бу тартиб унга кетма-кет чемпионликни қўлга киритишга ёрдам бермоқда.
Майкл Фелпснинг овқатланиши ва машқ қилиши ҳақида «Лайфхакер» ҳикоя қилади.
Парҳез2008 йилги Пекин мусобақаларидан олдин Фелпс кунига 12 минг килокалория (бир мартада — 4 минг килокалория) истеъмол қилаётганини айтган эди. Кейинчалик у бироз муболағага йўл қўйганини тан олди, лекин асл сонлар ҳам мутахассисларга жуда кўп туюлди.
Спортчи кунини тухумлик сэндвичдан бошларди — ушбу таом ичига, шунингдек, қовурилган пиёз, пишлоқнинг бир неча тури ва майонез кирарди. Шундан сўнг у шоколадли юпқага ўтар, протеин захираларини тўлдириш учун ишни французча тостлар, ёрма ва бешта тухумдан тайёрланган қуймоқ билан давом эттирарди.
Майклнинг тушлиги ичига пишлоқ ва дудланган гўшт солинган бир неча сэндвич, энергетик ичимлик ва бир товоқ пастадан иборат бўлар эди.
Кечки таомга эса спортчи бутун пиццани ва ярим килограмм пастани еб қўйиши мумкин эди.
Бу парҳез Майклга 2008 йилги Олимпиадада саккизта медаль ютишга етарли куч берди. Риода унинг натижаси бироз камтарроқ бўлди, лекин шу ҳам кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Ҳозир унинг нонуштаси бир чашка қаҳва, мевалар, бир товоқ сули ёрмаси ҳамда дудланган гўшт ва пишлоқ солинган катта қуймоқдан ташкил топади. Тушликка спортчи митбол солинган катта сэндвич, кечликка эса донли таом, ёғсиз гўшт ва сабзавот истеъмол қилишни хуш кўради.
МашғулотларСузиш югуриш каби кўп калорияни сарфламайди, аммо Фелпс тановулига мувофиқ машқ тартибини белгилаб олган. У ҳар куни 5–6 соат машқ қилади. Тайёргарликнинг авжида у ҳовузда кунига 80 километр сузади. Баъзан бир кунда иккита машғулот ўтказади. Майкл сузибгина қолмай, махсус машқларни бажаради, қўшимча ускуналардан — машқ кураклари ва сузиш тахталаридан фойдаланади.
Охирги пайтларда у ҳовуздаги машқларга қўшимча равишда ҳафтасига уч марта (душанба, чоршанба, жума кунлари) кучга ишламоқда. Фелпс асосан тортилиш ва қўл таянчи машқларини бажаради. Бу унга мускуллар массасини ўстириш ва сабр-бардошни оширишда ёрдам беради.