Кениялик спортчиларга ўз ватанига қайтиш учун арзон чипталар сотиб олингани учун Рио–2016 Олимпиадаси якунига етгач улар Рио-де-Жанейрода отишма овозлари остида тунаб қолишга мажбур бўлди, деб хабар бермоқда Meduza.
Кения олимпия термасининг сардори, енгил атлетикачи Уэсли Корир Twitter’даги саҳифасига спортчилар учун ижарага олинган хонадон расмини жойлаштирди.
Олимпия шаҳарчаси мусобақалар якунланганидан сўнг ёпиб қўйилгани ва кениялик спортчиларнинг ортга қайтиш чиптаси 25 август кунига белгилангани учун ўша ерда тунаб қолган. Корирнинг сўзларига кўра, спортчиларга тунда бинони тарк этмаслик тавсия қилинган. Кечаси атлетлар отишма овозларини эшитган.
«Енгил атлетика бўйича Африканинг энг яхши ва дунёнинг иккинчи жамоаси. Улар эса бизга мана бундай муносабатда бўлмоқда», – дея шикоят қилиб, қуйидаги суратларни Twitter’даги саҳифасига жойлади Уэсли Корир.
Корирнинг айтишича, Рио—2016 нинг марафонида олтин медални қўлга киритган Элиуд Кипчог ўзига чипта сотиб олиб, юртига қайтиб кетган. Қолган спортчилар эса Корир билан бирга Риода қолиб кетган.
Рио–2016 Олимпиадасида Кения терма жамоаси 6 та олтин, 6 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритиб, Африка қитъаси вакиллари орасида энг яхши натижани қайд этди.