Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган Паралимпия ўйинларининг иккинчи кунида Ўзбекистон делегацияси 3та бронза медаллари билан бойиди.
Аввалроқ ўқ отиш бўйича Сервер Ибрагимов 3-ўринни эгаллагани ҳақида хабар бериб ўтгандик. Бироз кейинроқ икки нафар дзюдочимиз бронза медалларини қўлга киритишди.
Эркаклар ўртасида 73 кг.гача бўлган вазнда иштирок этган Феруз Саидов чорак финалда жазоирлик Меҳди Мискинга қарши жанг олиб борди. Ҳамюртимиз бирин-кетин юко, вазари ва иппон баҳоларини ишлади ва жангни ўз фойдасига ҳал қилди. Саидов ва украиналик Дмитрий Соловьёв ўртасидаги ярим финал беллашуви тақдирини фақат "шидо"лар ҳал қилди. Ҳакам томонида Ферузга берилган 3та огоҳлантириш рақиб дзюдочисига ғалаба келтирди.
Ҳамюртимиз бронза медали учун кечган жангда матонат кўрсатди. Беллашув давомида кубалик Херардо Родригес "вазари" баҳоси билан олдинда борди, бироқ баҳс тугашига 25 сония қолганида Саидов "иппон" билан ғалабани ўз томонига оғдирди.
Аёллар ўртасида 63 килогача бўлган вазнда қатнашган Турсунпошша Нурметова мусобақани ишончли ғалаба билан бошлади. Ҳамюртимиз чорак финалда хитойлик Тонг Жоуни 41 сонияда мағлубиятга учратди. Ярим финалда эса украиналик Ирина Хусиевага қарши кечган беллашув тақдирини огоҳлантиришлар ҳал қилди. Афсуски, ҳакам ҳамюртимизга икки марта "шидо" берганди. Нурметова 3-ўрин учун кечган беллашувни 1 дақиқаю 11 сонияда ўз фойдасига ҳал қилди. Швециялик Николина Пернхейм ватандошимизга қаршилик кўрсата олмади.
Шу тариқа, мазкур иккита медалдан кейин Ўзбекистон ҳисобидаги умумий медаллар сони 11тага етди — 3та олтин, 2та кумуш ва 6та бронза. Мамлакатимиз ҳозирча жадвалда 6-ўринда бормоқда.