«Интер» ҳужумчиси Мауро Икарди Милан жамоасини тарк этмоқчи эмаслигини ва клуб билан бирга муваффақият қозонмоқчи эканлигини маълум қилди.
«Клуб ёзда жуда кўп пул сарфлади, сифатли футболчиларни таркибга қўшиб олди ва бу мен учун катта устунлик беради. Мен шу либосда ғалаба қозонишда давом этишни ва шу ерда қолишни истайман», — деди Икарди.
«Мен Миланда ўзимни жуда қулай ҳис қиляпман ва жамоадан кетишни ҳеч қачон ўйлаган эмасман», — дея қўшимча қилди Икарди Mediaset’га берган интервьюсида.
Икарди 2013 йили «Сампдория»дан «Интер»га ўтган ва ўтган давр мобайнида «Интер» сафида «А» Серияда 94 учрашувда майдонга тушиб, 50 та гол уришга муваффақ бўлди.