Олий лига 24-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» - «Навбаҳор» (1:1) ўйинидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Равшан Бозоров ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Равшан Бозоров (“Навбаҳор” жамоаси бош менеджери): - Бугунги учрашув қизиқарли руҳда ўтди. Мухлислар ҳам ўйиндан қониқишди. Учрашувда олти очко учун кураш кечди. Умуман олганда жамоалар майдонда тенгма-тенг ўйин кўрсатишди. Якунда “Қўқон-1912” жамоаси, ҳам биз ҳам ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Сабаби ҳар икки жамоада ҳам гол уриш учун бир қатор имкониятлар юзага келганди. Қайд этилган дуранг натижани ҳаққоний бўлди деб айта оламан. Иккинчи даврадан ўрин олган деярли барча учрашувларда Артур Парванов дарвозани ҳимоя қилиб келаётганди. “Пахтакор” билан ўтган ўйиндан кейин руҳий томондан тушкунликка тушиб қолганди. Бундан ташқари унда енгил жароҳат бор эди. Айнан шу сабабли жамоа дарвозасини Александр Корнийчук қўриқлади. Мурод Тўйчибоев ҳақида гап кетганида, иккита ўйинда қўпол хатоларга йўл қўйди. Ҳимоячимиз олий лигадаги дастлабки мавсумни ўтказаётганлиги сабабли қандайдир чарчоқ аломатлари кўзга ташланди. Шунинг учун таркибда ўзгаришни амалга оширдик. Ушбу ўзгаришлар чарчоқ аломати ва жароҳат билан боғлиқ бўлди.