1news.uz — 14-15 октябрь кунлари Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси ҳудудида қад ростлаган “Универсал” спорт мажмуасида XV Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси соврини учун ўсмирлар ўртасида мусобақа бўлиб ўтади. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 300 нафардан ортиқ ўсмир-қиз 10та вазн тоифасида даянга тушадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилган ва бу жараён изчиллик билан давом этмоқда. Мамлакатимизда бир-бирини такрорламайдиган, замонавий андозаларга тўла мос келадиган муҳташам спорт иншоотлари қад ростлаётгани натижасида оммавий тарзда шуғулланувчилар сони ҳам ортяпти. Бугунги кунда пойтахтимизнинг кўркига айланган “Универсал” спорт мажмуаси бунинг яққол намунасидир.
Шу қаторда таэквондо WTF юртимизда тобора оммалашиб бормоқда. Спортчиларимизнинг халқаро ареналардаги ютуқлари, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионатларида қўлга киритган муваффақиятларини алоҳида таъкидлаш керак. Айни пайтда мамлакатимизда минглаб ўғил-қиз шарқ яккакурашининг ушбу турини танлашгани ҳам бежиз эмас.
Элчи соврини учун ўтказиладиган мусобақада машҳур Куккивон академияси тарбияланувчиларининг ҳам чиқишлари режалаштирилган.
Ғолиб ва совриндорлар номи 15 октябрь куни маълум бўлади.