Россия Аралаш жанглар санъати (MMA) иттифоқи президенти, собиқ MMA курашчиси Фёдор Емельяненконинг вояга етмаган қизига ҳужум қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда «Интерфакс»га таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
«Интерфакс»нинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги суҳбатдошининг маълум қилишича, 16 ёшли қизга жиддий жароҳат етказилганидан сўнг жиноий иш очилди. Шунингдек, агентликнинг манбаси жароҳат олган қиз Фёдор Емельяненконинг фарзанди эканини тасдиқлади. 16 ёшли қизга қилинган ҳужум унинг отасининг спорт фаолиятига боғлиқ экани тасдиқланмади.
«РИА Новости»нинг манбаси Емельяненконинг қизи ҳамон шифохонада эканини маълум қилди. Яқин кунларда жиноий иш Тергов қўмитасига топширилиши хабар қилинмоқда.
Аввалроқ Москвада Емельяненконинг 9 ёшли қизига ҳужум қилингани ва бунинг оқибатида у шифохонага тушиб қолгани ҳақида хабар қилинганди. Аммо кейинчалик Фёдорнинг 16 ёшли қизига ҳужум қилингани маълум бўлди.
Маълумот учун, Фёдор Емельяненконинг биринчи турмушидан 1999 йили Маша исмли қиз туғилган. Унинг иккинчи турмушидан 2007 йили Василиса, 2011 йилда эса Елизавета исмли қизлар дунёга келган.
Эслатиб ўтамиз, Фёдор Емельяненко 4 октябрь куни Грозний шаҳрида ўтказилган Grand Prix Akhmat 2016 аралаш жанглар турнирида ёш болалар иштирокини танқид қилганди. Кейинроқ «Ахмат» клуби президенти Абузайд Висмурадов Россия MMA раҳбарининг ушбу масала юзасидан танқид қилишга ҳаққи йўқ эканини айтганди.
Шунингдек, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Емельяненконинг танқидига ўз муносабатини билдирган эди.