Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Огнен Красич: “Насаф”да гўёки анчадан буён ўйнаётгандекман

Баҳо:
+ | -

“Насаф” жамоаси давралар оралиғида ўз таркибида катта ўзгаришларга  қўл урди. Жуда қисқа вақтда жамоага таклиф этилган легионер футболчилар жамоа учун омадли бўлди. 

 Сербиялик легионер - Огнен Красич ҳам “Насаф”нинг иккинчи давра олдидан омадли харидларидан бири бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Биз ушбу легионер футболчимиз билан яқинда  суҳбат ўтказдик.

Футболчи ҳақида умумий маълумотлар

 Исми шарифи: Огнен Красич (Krasic Ognjen)                       

Тўғилган санаси: 9 апрел 1988 йил (28 ёш)

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Фуқоролиги: Сербия Республикаси

Рақами: 24

Ўйнаган клублари: Огнен Красич фаолиятини 2006 йилдан Сербия Суперлигасининг  “Vojvodina”  клубида бошлаган. Сўнг эса “Pdlic”, “Sloboda Tuzla”, “Proleter Novi Sad”, қозоғистоннинг “Таraz”, “Tobol” жамоаларида ўйнаган. Огнен Красич сўнгги пайт сербиянинг “Вождовац” клубида тўп тепган. У шунингдек мамлакат ёшлар терма жамоаси сафида ҳам ўйнаган. 2016 йил иккинчи даврадан “Насаф” ФК аъзоси.

Қуйида Огнен Красич билан уюштирган суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 -Огнен суҳбатимиз бошида  “Насаф” жамоасига қандай ўтганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

-“Насаф” ҳақида аввал батафсил маълумотга эга бўлмаганман. Менга агентим таклиф ҳақида айтгач, “Насаф” ҳақидаги маълумотларни ўргандим. Жамоа ҳақида дастлабки таасуротга эга бўлишда менга Деян Больевич ҳам ёрдам берган. Ўзимни қизиқтирган маълумотларга эга бўлгач, таклифга рози бўлдим.    

 

-Шундай қилиб, ўз ҳаётингизда биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрдингиз. Дастлабки таасуротлар қандай бўлди?

-Ўзингизга маълум, аввал Қозоғистон жамоаларида ҳам ўйнаганман, менинг бу ерда мослашишим қийин кечмади. Бу икки мамлакатнинг об-ҳавоси, маданияти, яшаш тарзи бир-бирига ўхшаб кетади. Аммо бу ердаги одамларнинг илиқ истараси, меҳмондўстлиги муҳитга тезда  мослашиб кетишимга катта  ёрдам берди. Клубимиз мутасаддиларига қайси вақт мурожаат қилманг, доимо ёрдам беришга тайёр туришади – бунақасини бошқа жойда учратмайсан.

 

-Огнен биз бу ерда турмуш ўртоғингиз – Наташани ҳам сиз билан бирга кўрдик. Бизнинг юрт унга ҳам ёқдими? 

-Ҳа, турмуш ўртоғим ҳам мен баҳона бу ерга – Ўзбекистонга биринчи марта келди. Бу ердаги ҳаётимни кўриб, анча хотиржам бўлди. Айниқса клубимиз раҳбариятининг менга бўлган муносабати ва бизларга кўрсатаётган ёрдамларини кўриб, боши кўкка етди. Юртингиз унга ҳам жуда ёқди. Мен унга Қарши ва Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойларини кўрсатишга улгурдим. Афсуски, бошқа шаҳарларингизни томоша қилдиришга вақт етмади. Наташа юртимизга қайтиб кетди, чунки у узоқ вақт ишини ташлаб кела олмасди. Насиб этса, келажакда албатта кўрсатаман. У мендан, бу ерга яна қачон олиб келишимни қайта-қайта сўраб турибди. Наташа шунингдек, ўз майдонимизда бўлган “Пахтакор”га ва “Бухоро”га қарши учрашувларни ҳам томоша қилди.

 -“Бухоро”га қарши учрашувда жуда зўр ўйнадинг, демак...

- (Кулиб) йўқ, ундай ўйламанг, доимо шундай ўйнашга ҳаракат қиламан.

 -Бизларга оилангиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

-Биз оилада икки ўғилмиз. Акам Неманья ҳозир Белградда яшайди. У менинг бу ердаги фаолиятим билан доимо қизиқиб туради. Бўлаётган ўйинларимизни интернет орқали кузатиб боради. Мен унга бу ердаги таасуротларим ҳақида сўзлаб берганимдан сўнг, унинг бу ерга келиш иштиёқи ошиб кетди. Демак, акам ҳам юртингизни томоша қилишга яқинда келади. Отам 56 ёшда, ҳозир нафақада. Нафақага чиққунча қўрилишда ишлаганлар. Онам ҳам ҳозир уйда ўтиради, нафақада, аввал савдо соҳасида ишлаганлар. Менинг бу ердаги ҳаётимдан улар ҳам мамнун.

 -Энди футболга қандай кириб келганингиз ҳақида гапириб берсангиз.

-Болалигимдан ҳамма болалар каби вақт бўлгандан тўп тепишга ошиққанман. Вақт ўтган сайин тенқурларим менга яхши ўйнашимни айта бошлашди. Ўзимда ҳам футболга бўлган меҳр ошиб бораверди. Оқибатда мени уйдагилар Зренянин шаҳридаги футбол академиясига олиб боришди. Ушбу футбол академияси Сербияда машҳур академия ҳисобланади. У ерда мен 17 ёшгача таълим олдим. Футбол академиясида таълим олган пайтларим мамлакатимизнинг ўсмирлар терма жамоаси сафида ҳам ўйнашга улгурдим ва Европа миқиёсидаги футбол мусобақаларида иштирок этдим. Кейин эса “Войводина” футбол клубида профессионал футболчи сифатида фаолиятимни бошладим.

 -Агар футболчи бўлмаганингизда, қайси касбни танлаган бўлардингиз?

-Тўғриси, бошқа касб ҳақида ўйламаганман ҳам. Футбол бу - менинг ҳаётим. Ҳозир ҳам футболдан бошқа нарса ҳақида ўйламайман.

 -Энди сизни “Насаф” клубида қандай қабул қабул қилишгани ҳақида суҳбатлашсак.

-Тўғриси, мени бу ерда ўзим кутмагандан ҳам ажойиб тарзда кутиб олишди. “Насаф” клубининг раҳбари ҳам клуб ходимлари ҳам ўз ишларини усталари ҳисобланишаркан. Ҳар бир ходимнинг ўз ишига бўлган муносабати мени лол қолдиради. Ҳеч ким ишини қўл учида қилмайди. Клубда кимга мурожаат қилма, сенга доимо ёрдам қилишга тайёр. Юқорида айтиб ўтдим, турмуш ўртоғим ҳам бу муҳитни ўз кўзи билан кўрди ва хурсанд бўлди. У бу ерда кўрганларини дугоналарига мақташга ҳам улгурди. Мен бу ҳақда юртимизда ота-онамга ҳам ҳикоя қилиб бердим. Улар ҳам жуда хурсанд бўлишди. Мен бу ердаги муносабатни, муҳитни бошқа жойда кўрган эмасман.

 -Сиз учун бу ерда ҳаммаси янгилик ҳисобланади. Айтингчи, бизнинг таомлар сизга манзур бўлдими?

-Оҳҳ, бу ердаги таомлардан маза қилаяпман. Айниқса ўзбек палови бу – супер таом экан. Қисқа вақтда шу таомни жуда яхши кўриб қолдим. Менга сўзлаб беришди, сизларда тўйда ва меҳмон кутишганда доимо палов тайёрланар экан. Бу ажойиб. Кейин яна сомса, жиз ва яна кўп таомларингизни истеъмол қилаяпман. Ҳаммаси зўр, гап йўқ. Клубимиз базасида ресторанимиз бор, ҳаётимда биринчи марта ушбу таомларни шу ерда танаввул қилдим. Бош ошпазимиз Жамшиднинг тайёрлаган таомлари ҳар доим мазали бўлади. Бу ошпаз ҳоҳ миллий бўлсин, ҳоҳ европача бўлсин, барча таомларни маромига етказиб тайёрлай оларкан. Бир сўз билан айтганда, ҳақиқий профессионал.   

 -Сиз кўпгина клубларда ўйнашга улгурдингиз. Энди “Насаф”да ўйнаяпсиз. Жамоадаги муҳит ҳақида гаплашсак.

-Бирдан айтаман, мен ўзимни “Насаф”да гўёки анча йиллардан бўён ўйнаётгандек ҳис қилаяпман. Одатда янги футболчини жамоага мослашишига маълум вақт керак бўлади. Менга бу ерда вақтни кераги бўлмади. “Насаф”да ажойиб футболчилар тўп тепишади. Ҳамма бир-бирини жуда яхши тушунади. Худдики бир оила фарзандларидек. Жамоадаги муҳит кутганимдан ҳам зўр экан. Жамоада бош мураббий Бердиев бошчилигидаги мураббийларнинг олиб борган ишлари кўриниб турибди. Биласизми? Бундай муҳитни ҳукм сўриши футболчи учун жуда муҳим. “Насаф”да жамоавий ўйин жуда шаклланган экан. Бердиевнинг ажойиб жамоа тузганлиги кўриниб турибди.

 - “Насаф”да кўпгина ўйинлар ўтказишга улгурдингиз, ушбу ўтган ўйинлардаги рақиблар сизда қандай таасурот қолдирди?

-Мен иштирок этган ўйинларда назаримда энг кўп вазиятларни юзага келтирган бизнинг жамоа бўлди. Бўлиб ўтган учрашувларда, “Насаф”га нисбатан яққол устун жамоани учратмадим. Аммо менга олдинда бизни кучли рақиблар кутиб туришганини айтишаяпти. Ана шу ўйинларни интизорлик билан кутаяпман. Ўйлайманки, бўлажак ўйинларда бор маҳоратимизни ишга соламиз ва ҳозир “Насаф” нималарга қодир эканлигини исбот қилишга ҳаракат қиламиз.

 -Огнен, сиз қизил карточка олишга ҳам улгурдингиз... 

-Кейинги ўйинлардаги рақибларимизнинг айрим футболчилари фэйр плейга унчалик амал қилмаслигига гувоҳ бўлдим. Тўғри, футболда тўп учун курашда фоллар бўлиб туради. Буни тушунаман. Аммо атайлаб ва тўпсиз ҳолларда ҳам қўполлик қилиш, бу футболчига хос бўлмаган одат. Чунки мен ҳам, бошқа футболчи ҳам шу орқали рўзғоримизни тебратамиз. Олайлик, футболчи бу орқали бошқа футболчига жиддий шикаст етказиб, ногирон қилиб қўйса нима бўлади? Шу одамгарчиликдан бўладими? Менимча йўқ. Мен бундай ҳолларда рақибимга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бу футболгина холос. Ўйин тугайди. Ҳаммаси ортда қолади. Аммо “Бухоро” жамоаси билан бўлган учрашувда ўзимни идора қила олмай қолдим. Нима қилиб қўйганимни дарров пайқадим ва жуда афсусландим. Чунки жамоамни оғир аҳволга солиб қўйгандим. Бундай ҳолат яна такрорланмаслигига астойдил ҳаракат қиламан. Мураббийимиз ҳам бу ҳақда менга танбеҳ берди, фитналарга учмаслигимни тайинлади.

 -Қайси жамоага мухлислик қиласиз?

-Аввало “Насаф”га, жамоамнинг тақдири бу  - менинг тақдирим.

 -Бу албатта яхши, аммо...

-Ҳа, мен ёқтирадиган яна бир жамоа бу – Марселнинг “Олимпик” жамоаси. Ёшлигимдан ушбу жамоанинг ўйинларини кузатиб келаман.

 -Бу клуб сизга нимаси билан қизиқ?

-Бу клубда бир ҳужумчи бўлган. Унинг исми Ньянг (Мамаду Ньянг - изоҳ муаллифники). Бу футболчи мени ўз ўйинлари билан сеҳрлаб қўйган. Тўғриси, аксар пайтлари  унинг ҳаракатларини ўзлаштириш учун машқлар ҳам қилганман.

 -Мавсум ҳам охирлаб бораяпти, сиз кейин ҳам “Насаф”да қоласизми?

-Агар менга шундай таклиф бўлса, йўқ демасдим. Чунки мени бу ерда ҳамма нарса қониқтиради. Юқорида айтиб ўтдим, бу клубдаги шароитлар ва муносабатлар нафақат менга, балки турмуш ўртоғимга ҳам манзур бўлди.

 -Клубимиз мухлислари ҳақида таасуротларингиз ва уларга тилакларингиз...

-Футбол мухлислар учун ўйналади. Бу ибора ҳаммага таниш. Агар стадионга қанчалик кўп мухлис ташриф буюрса, ишонинг бу ҳолат футболчи учун жуда ёқимли. Шахсан ўзим ўйиндан олдин стадионга ташриф буюрганимда қанча мухлис келганига эътибор бераман. Агар стадионда мухлис кўп бўлса, ўз-ўзидан кучимга куч қўшилади. Гувоҳи бўлдимки, “Насаф”нинг мухлислари ҳам ўз жамоасини жуда яхши кўришади ва ҳар бир ўйинимизга улар жуда кўпчилик бўлиб ташриф буюришаяпти. Менимча, бизнинг ўйинимиз уларга манзур бўлмоқда. Дкмак, биз бор имконимизни ишга солиб, уларни чиройли ўйинларимиз ва ғалабаларимиз билан хурсанд қилишимиз керак. Клубимизнинг ҳамма мухлисларига аввало соғлик тилайман. Барчаларига менинг миннатдорчилигимни етказиб қўйинг. “Насаф”нинг ютуқлари учун бор маҳоратимни ишга солавераман.

 Суҳбатни Ренат Эрназаров олиб борди.

Манба: fcnasaf.uz
Киритилди: 23:07, 14.10.2016.
Ўқилди: 9046 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.