«Арсенал» бош мураббийи Арсен Венгер «Тоттенхэм»га қарши Англия Премьер-лигаси 11-тур учрашувидан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Эслатиб ўтамиз, ўйин 1:1 ҳисоби билан тугади.
«Биз икки очко йўқотдикми? Ҳа, бу борада сизнинг фикрингизга қўшиламан. Жуда кучли ўйин бўлди, биринчи таймда шундай тасаввур уйғондики, биз ҳар сафар майдоннинг ярмини кесиб ўтганимизда, гол урадигандек эдик. Иккинчи таймда ёмонроқ ўйнадик, пенальти борасида омадимиз келмади», - деди Венгер.
«Пенальти бўйича жуда кескин қарор қабул қилинди. У ерда баҳсли ҳолат бўлганди. «Арсенал» мураббийи сифатида, албатта, ўша вазиятда пенальти бермаган бўлардим. Улар ҳисобни тенглаштирганидан сўнг биз қандайдир руҳий зарба қабул қилдикми-йўқми, билмадим», - деди франциялик мутахассис.
«Тоттенхэм»нинг уч марказий ҳимоячи билан ўйнагани муаммо бўлгани йўқ. Биз улар шундай ўйнаши мумкинлигини билгандик, биз уч ҳимоячига қарши қандай ўйнаш зарурлигини биламиз», - дея қўшимча қилди «Арсенал» устози.