«Барселона» бош мураббийи Луис Энрике испания чемпионатининг 11-туридан ўрин олган «Севилья» (2:1) клубига қарши ўйиндаги вазиятга изоҳ берди.
83-дақиқада, ҳисоб 1:2 бўлиб турган вазиятда бош ҳакам Сантьяго Хайме Латре Мессига нисбатан ишлатилган қўполлик учун жарима зарбаси белгилади. Аргентиналик футболчи бу вазиятда бутсасидан айрилган ва уни кийишга шошилмай ҳаракат қилаётганди. Бош ҳакам уни майдонни тарк этишга чақирди ва вақт чўзаётган деб ҳисоблаб, огоҳлантирди.
«Бу қоидаларни ким ўйлаб топади ўзи? Месси бутсасини йўқотиб қўйди, кейин уни кийишга уринди. Қоида бўйича, у майдон ташқарисида бутсасини кийиши керак. Бироқ футболчилар жамоасини камчилик бўлиб қолишини истамайдику? Бу қоида нотўғри, уни ўзгартириш керак», — деди Энрике Football Espana хабарида.