«Манчестер Юнайтед» клубининг собиқ бош мураббийи Алекс Фергюсон футболчиларга қаттиқ бақириши сабабли «фен» лақабини ҳам олган.
Мураббий бу борада ўз фикрини маълум қилиб, 6 марта «фен»ни ишлатганини айтиб берди.
«27 йиллик фаолиятимда «фен»ни 6 марта ишлатганман. Агар қайсидир футболчи менга гап қайтарса, «фен»ни ишга туширардим.
Менга йигитларни душанба кунигача ўз ҳолига қўйишни маслаҳат беришарди. Бироқ мен кутиб туролмасдим. Шанба кунлари, ўйиндан сўнг бор гапни тўкиб солардим. Чунки бир ҳафта давомида тайёргарлик кўрардик ва ғалаба қозониш учун майдонга тушардик. Мен уларга ҳақиқатни гапирганман, буни фойдаси бўлган. Ҳеч ким мени ўзига душман тутмаган.
Эртасигаёқ бу гаплар унут бўлиб кетарди ва яна ишга киришардик. Мен ҳеч қачон футболчиларни қўрқув остида ушлаб турмаганман. «МЮ» жамоаси қўрқув остида ўйнамаган. Мен футболчиларга ҳеч қачон таслим бўлмасликни ва клубдаги ўйиндан завқ олиш кераклигини етказишга ҳаракат қилганман. Бу жуда муҳим» - деди Фергюсон The Telegraph хабарида.