Ўзбекистон боксчилари Санкт-Петербургда ёшлар жаҳон биринчилиги медалларига эга бўлиш арафасида.
Санкт-Петербургда (Россия) 17−26 ноябрь кунлари бўлиб ўтиши белгиланган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги V жаҳон чемпионатининг (AIBA Youth World Boxing Championships) олтинчи куни ўз якунига етди. Турнирда дунёнинг 63 давлатидан 350 нафардан зиёд спортчилари иштирок этиши эълон қилинган бўлса, уларнинг 80 нафари, жумладан беш нафар Ўзбекистон вакили чорак финал босқичига етиб келди.
56 кг гача вазн тоифасида 18 ёшли Шунқор Абдурасулов германиялик Андреас Жагерни уч раунд натижаларига кўра мағлубиятга учратди. Чорак финалда у Хитой вакитли Цзэн Цзянь Минга қарши рингга кўтарилади.
Ўсмирлар ўртасида амалдаги Осиё чемпиони Билолбек Мирзараҳимов (60 кг гача) қозоғистонлик Санатали Толтаев устидан ғалаба қозонганидан сўнг Арманистон вакили Нарек Ховханнисян билан учрашди. Ҳакамлар 4:1 ҳисобида ғолибликни Мирзараҳимов номига ёзиб қўйишди. Ярим финалга чиқиш учун у Россия боксчиси Беслан Хамзаев билан куч синашади.
Шунингдек, Осиё чемпионати бронза медали соҳиби 18 ёшли Шохруҳбек Рустамов (75 кг гача) Хитой Тайбэй боксчиси Гань Цявэйни енгиб, германиялик Везир Агирман билан чорай финалда баҳслашиш имкониятини қўлга киритди.
Ўсмирлар ўртасида Осиё вице-чемпиони Отабек Холматов (52 кг гача) никарагуалик Жозе Дарвин Мартинес билан учрашиб, муталқ ғолибликка эришди ва ярим финалга чиқиш учун Доминикан вакили Луис Рейналд билан жанг олиб боради.
Ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби Шоҳруз Раҳимов (91 кг гача) венгриялик Ричард Кочишни мағлубиятга учратиб, англиялик Льюис Вильямс билан учрашади.