Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Рустам Акрамов: «Камчилигимиз — бир футболчига боғланиб қолганимизда»

Баҳо:
+ | -

Жанубий Корея термасига қарши кечган учрашув билан Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2018 3-саралаш босқичининг биринчи давра баҳсларини якунлади. Ўтказилган 5та ўйинда 3 ғалаба ва 2 мағлубият қайд этиб, 9 очко билан гуруҳда 3-ўринни эгаллаб турибмиз. Афсуски, ўз майдонимизда эронликларга имконият бой берилди (0:1). Акс ҳолда, йилни гуруҳ пешқадами сифатида тугатар эдик. Тўғри, ҳали имкониятлар сақланиб турибди. Лекин 2017 йилнинг март ойидан давом эттириладиган саралаш учрашувларида ҳозиргидек ўйин намойиш этсак, кўп йиллик орзумиз яна армон бўлиб қолаверади. Иккинчи давранинг илк учрашувини меҳмонда Сурия термасига қарши ўтказамиз. Кейин эса Тошкентда қатарликлар меҳмон бўлишади. Мазкур икки баҳсда максимал даражада очко тўплашимиз шарт. Акс ҳолда, ЖЧ-2018 финал босқичи ҳақида ўйламасак ҳам бўлаверади. Биз биринчи давра якунлари юзасидан футбол профессори Рустам Акрамовдан интервью олдик.

- Сеулдаги ўйинни таҳлил қилиб кўрдингизми? Мағлубиятимизга қандай омиллар сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?

- Бу босқичга етиб келган барча жамоаларда ЖЧ-2018 финал босқичига чиқиш вазифаси бор. Ишончим комил, бугунга келиб ҳеч бир жамоа бу мақсадни ўз кун тартибидан олиб ташламаган. Ҳаттоки, гуруҳ аутсайдери бўлиб турган Хитой термаси ҳам йўлланмалар йўлида сўнгги тургача кураш олиб бориши аниқ. Боз устига, бу жамоада бош мураббий ўзгарди. Марчелло Липпининг қандай салоҳиятга эга эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бевосита Сеулдаги ўйинга келсак, биринчи бўлим биз учун осон кечди. Рақибнинг биргина хатосидан унумли фойдаланиб қолдик. Танаффусга қадар кореяликларнинг ўйини умуман қовушмади. Кейинги 45 дақиқаликда майдон эгалари ўзларига келиб олишди ва жарима майдончамиз олдида босимни кучайтиришди. Футболчиларимизга тўп билан муомала қилиш учун деярли имконият беришмади. Айнан мана шу паллада мураббийлар қўллайдиган тактикалар тўқнашуви бошланди. Бу борада кореяликлар устозининг услуби иш берди. Унинг захирадан ўйинга туширган икки футболчиси учрашув тақдирини ҳал қилишди. Бизникилар эса вазиятни ўзгартира олишмади. қолаверса, вақт жуда кам қолганди. Ҳеч бўлмаса, бу ўйиндан бир очко олиш керак эди. Менга футболчиларнинг майдонда охиригача курашаётгани маъқул келди.

- Энг катта камчилигимиз нимада?

- Бир футболчига боғланиб қолганимизда. Бугунги кунда миллий жамоада Одил Аҳмедовнинг ўрнини боса оладиган, унинг майдонда йўқлигини билдирмайдиган футболчининг ўзи йўқ. Одилга жуда боғланиб қолганмиз. Корея термасида эса бундай эмас. Уларнинг аксарият ўйинчилари Европанинг кўзга кўринган клубларида тўп суришяпти. Маҳаллий футболчилар ҳам легионерларга ҳеч бир жабҳада ён бермаяптилар. Афсуски, бизга ҳозирча бундай ҳолат бегона. Виталий Денисов жароҳат олса ёки дисквалификацияга учраса, унинг ўрни яққол билиниб қолади. Эътибор берган бўлсангиз, кореяликлар деярли Денисовнинг қанотидан ҳужум уюштиришмади. Асосий ҳаракатлар Даврон Ҳошимов қўриқлаётган чизиқда кузатилди. Биринчи гол айнан шу қанотдан уюштирилган ҳужумдан сўнг урилди. Ўша вазиятда Денисов рақиб футболчисини зарарсизлантиришга кечикди, қўпол қилиб айтганда, «ухлаб қолди». Иккинчи гол ҳам жуда осонлик билан дарвозамиз тўридан жой олди. Майдон марказидан қулай тарзда узатилган тўпни ўтказиб юборишганини, очиғи, тушунмадим. Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашаётган жамоа бундай хатоларга йўл қўймаслиги керак. Таянч зонасида Азизбек Ҳайдаровнинг йўқлиги айнан мана шу вазиятда яққол билиниб қолди. Кўряпсизми, яна ўша мавзу, бир-икки футболчига суяниб қолиш қандай оқибатларга олиб келяпти.

- Демак, биз иккинчи бўлимда тактика танлашда адашдик, шундайми?

- Корея термаси билан ўйинда тактика бор эди, лекин стратегияни кўрмадим. Икки хил бўлимга гувоҳ бўлдик. Ҳимояда 90 дақиқа ўйнаш жуда қийин. Ҳимояланаётган жамоа камида 2-3та хатога йўл қўяди. Биз ҳам шундай ҳолатга тушдик. Бу учрашувда 3та қўпол хато юзага келди ва уларнинг учаласидан ҳам футболчилар унумли фойдаланишди. Иккинчи бўлимда умуман бошқача тактика қўллашимиз зарур эди. Тўпни имкон қадар кўпроқ назоратда ушлаб туриш керакмиди...

- Тўпни ушлаб туриш учун жисмоний ҳолат ҳам яхши бўлиши керак. Футболчиларимиз бунга тайёрмидилар?

- Тўпни назорат қилиш учун жисмонан кучли бўлиш унчалик шарт эмас. Ақл билан иш юритиш даркор. Самвел Бабаян ҳозир 45 ёшда. Айнан кучга тўлган ва ишга чанқоқ пайти. Шахсий фикрим, унга охиригача ишониб, қўллаб-қувватлашимиз лозим.

- Иккинчи давра ўйинларидан нималар кутяпсиз?

- Биласизми, бир нарсага эътибор қаратдим: Жанубий Корея термаси унчалик кучли жамоа эмас. Олдингидек агрессив, яъни тажовузкор футбол намойиш этмаяпти. Ҳозирги Корея мен кўрган Корея термаларининг энг кучсизи. Балки фикримга ҳамма ҳам қўшилмас, лекин бу ҳақиқат. Ушбу жамоани бемалол мағлуб этса бўлади. Мен кореяликларнинг Хитой ва қатар термаларига қарши ўтказган ўйинларини кўрдим. Хитой кучли прессинг эвазига Жанубий Кореяни довдиратиб қўйди. қатар билан ўйинда ҳам шунга ўхшаш манзара гувоҳига айландим. Ишончим комил, корейслар иккинчи давра учрашувларида ҳали очко йўқотишади. Асосий ўйинлар ҳали олдинда, Марчелло Липпи бошчилигидаги Хитой ҳам яна кучаяди. Италиялик мутахассис Чин юрти футболини яхши билади ва 3-4 ой ичида жамоани муҳим баҳсларга тайёрлай олади. Бир нарсани аниқ айтаман, Хитой билан енгил ўйин бўлмайди. Менимча, энг мураккаб ва қийин учрашув Эронга қарши меҳмонда кечади. Самвел Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штаби юзага келган каттагина танаффус чоғида хато ва камчиликларни таҳлил қилиб, иккинчи даврага жиддий тарзда тайёргарлик кўриши лозим. Ҳали вақт ва имконият бор экан, бундан максимал даражада фойдаланиш шарт.

InterFUTBOL газетаси.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 18:35, 27.11.2016.
Ўқилди: 14385 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.