Португалиялик футболчи Криштиану Роналду офшор фирмалар ёрдамида 10 миллионлаб евро солиқ тўламаганликда гумон қилинмоқда, деб хабар беради ТАСС.
Солиқдан бўйин товлаганликда айбланаётган Криштианунинг иши Испания солиқ идоралари томонидан текширила бошланди. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Хосе Энрике Фернандес де Мойи AS нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
«Испания солиқ идораларида ўз ишининг усталари фаолият олиб боради. Бу борада Криштиану Роналду мамлакатнинг шундай ишга қўл урган оддий аҳолиси каби жавобгарликка тортилади», — деб айтиб ўтган вазир.
Жума куни Германиянинг «Шпигель» ҳафталик газетаси «Футбол ликс» нашрига асосланиб хабар чоп этганди. Унда Криштиану Роналду бир неча йиллардан буён пулларини Виржиния оролларига қарашли офшорларда сақлаши ва бунинг ортидан бир неча ўн миллион евро солиқ тўлашдан қочгани айтиб ўтилган. Тахминларга кўра, футболчи рекламадан тушган даромадларининг 75 миллионини айнан офшор фирмаларга йўналтирган.
Forbes журнали маълумотига кўра, Криштиану Роналду 2015 йил энг кўп маош тўланадиган машҳурлар орасида тўртинчи бўлганди. Нашр маълумотига кўра, ўша йили унинг даромади 88 миллион еврони ташкил қилган.
Аввалроқ солиқ тўлашдан бўйин товлашда «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ҳамда унинг отаси айбланганди. Бунинг ортидан уларнинг ҳар бири 21 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Испания қонунчилигига кўра, 2 йил муддатдан камроққа ҳукм қилинганлар жазони шартли кўринишда ўтаб, жарима тўлаш билан қутулиши мумкин. Шу тариқа Месси 2, унинг отаси эса 1,5 миллион евро тўлайдиган бўлиб, қамоқ жазосидан озод қилинган.