Футбол — миллионлар ўйини. Табиийки, бутун дунёда миллионлаб, керак бўлса, миллиардлаб ишқибозлар мана шу спорт турини берилиб томоша қилишади. Бир сўз билан айтганда, фанатизм бутун дунёда яхшигина ривожланган. Аммо...
КЛУБНИ ДЕБ ЖОН БЕРГАНЛАР
Европада фанатизмнинг ривожланиб бориши бора-бора салбий тус ола бошлагани ҳеч кимга сир бўлмаса керак. Боиси, фанатлик шу даражада томир отиб кетгандики, мухлислик инсонларнинг миясини шу қадар забт этгандики, ишқибозлар реал ҳаётдан узоқлашиб, фақат ўз суюкли клубларининг номи билан яшай бошлади. Бу эса бора-бора аянчли оқибатларга олиб келди.
«Манчестер Юнайтед»ни Сер Алекс Фергюсондан кейин қабул қилиб олган шотландиялик мутахассис Девид Мойеснинг пешонасига мухлислар «қотил» тамғасини ёпиштиришди. Боиси, унинг даврида «МЮ» кўп бора мағлубиятга учради, ана шу мағлубиятлар эса, ўз навбатида, айрим мухлисликка муккасидан кетганларнинг ўлимига сабабчи бўлди. Бир мухлис ўзини осди, бошқа бири заҳарлади, худди ҳаётида «Манчестер Юнайтед»дан бошқа клуб йўқдек. Таассуфки, бундай ҳолатлар ҳозирда ҳам давом этмоқда. Эндиликда Луи Ван Гал бошқаруви остига ўтган «қизил иблислар»нинг ашаддий мухлислари жамоаларининг мағлубиятини баъзида ўзларини ўлдириш билан қарши олишяпти. Худди унинг ўлими жамоасига ёрдам берадигандек. Аксинча, бундай тор фикрлайдиган мухлислар оиласини ғам, айрилиқ комига ташлаб кетади, холос.
БУТУН ОИЛАСИНИ ГАРОВГА ҚЎЙГАН МАНҚУРТ
2014 йилги жаҳон чемпионатида Мексика терма жамоаси посбони Гильермо Очоа ўзини яхши томонлама кўрсата олганидан хабардорсиз, албатта. Табиийки, бу унинг мухлислари сонини кескин оширди. Бироқ бу ишқибозлар орасида ҳам «сўқир»га айланганлари топилди. Хусусан, Испаниянинг «Малага» клуби Гильермони сотиб олмоқчи бўлганида «Аяччо» мухлислари посбонни жамоадан кетмасликка кўндиришга уринишди. Энг аянчли воқеалардан бири эса ана шу вақтларда содир бўлди, «Аяччо»нинг бир ишқибози Очоани жамоада сақлаб қолиш ниятида пул топиш учун ўз оиласи (хотини, фарзандлари)ни гаровга қўйди. Тасаввур қиляпсизми, етти ёт бегона посбон учун ўз фарзанди, рафиқасини гаровга топширди. Бунинг сабаби, албатта, фанатизм. Фанатлик домига тушганларни, футбол учун жонидан ҳам кечиб юборадиганларни эса манқурт фанатлар дейишади.
РАЗОЛАТ УЯСИГА АЙЛАНГАН МАЙДОН
Айни дамда шиддатли ўйинлар, курашларга гувоҳ бўлаётган футбол майдонлари, минг афсуски, турли разил, қабиҳ ишларга ҳам макон бўлмоқда. Хусусан, Конго Демократик Республикасида содир бўлган машъум воқеа фикримизнинг исботидир. Мазкур давлатнинг Киншаса шаҳрида маҳаллий «Мазембе» ва «Вита клуб» жамоалари ўртасида бўлиб ўтган матч меҳмонларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан тугайди. Оқибатда бу мағлубиятни ҳазм қила олмаган мухлислар ўйин якунлангач, майдонга тошлар ва бошқа буюмларни улоқтиришади. Хуллас, ишқибозликнинг чегарадан чиқиши яна катта жанжалга сабаб бўлади ва ҳатто 15 нафар ишқибоз шу жанжал оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Сабаби, мухлислар шу қадар жазавага тушган эдики, уларнинг кўзига ҳеч нарса кўринмасди. Бу ёвузликнинг сабаби эса яна ўша фанатлик.
Давоми Penalti.uz блогида.