Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Одил Аҳмедов бугун "Ориат Доно" радиосида "Чой устида" дастури меҳмони бўлмоқда. Футболчи Хитой клубига ўтиши борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Ҳақиқатан ҳам ҳозирда Хитой клубларидан таклифлар бўлмоқда. Аммо мен ҳуқуқий жиҳатдан "Краснодар"га тегишлиман. Бу бошқа жамоага ўтишимда "Краснодар" клуби кўпроқ роль ўйнайди.
Оила аъзоларим ва яқинларим билан маслаҳатлашган ҳолда, бўлаётган таклиф ўзимга ёқса, бу таклифни қабул қиламан.
Футболда баъзида ўйинчи атмосферани алмаштири керак бўлади. Ўйлашимча, шундай вақт келди.
Хитой клуби таклиф қилаётган маблағга ҳар қандай жамоа ўз ўйинчисини сотиши мумкин.
Ҳали қайси жамоага ўтишимни билмайман. "Краснодар" мен қўйиб юборадими ёки йўқми, бу ҳам аниқ эмас. Агар ҳамма нарса менга боғлиқ бўлганида, мен аниқ фикр айтган бўлардим. Трансфер масаласи клубга, агентга ва яна бошқа жиҳатларга боғлиқ. Ҳамма нарса январда ҳал бўлиши керак.
Хитой чемпионатида асосан кучли легионерлар эвазига кучаймоқда. Бу томонлама чемпионат ривожланиб бормоқда. Ўйлайманки, Хитой чемпионатига ўтсам, бу мен учун зарар бўлмайди.
Беш йилдан бери Европа лигаси мусобақасида иштирок этиб келаман. Бу вақт давомида Германия, Испания, Франция клубларидан таклифлар бўлган. Лекин "Краснодар" трансфер борасида у клублар билан келиша олмаган. Ўзимга боғлиқ бўлганида, Европанинг кучли чемпионатларига йўл олган бўлардим. Ўзимга кўпроқ Германия чемпионати ёқади", - деди Одил Аҳмедов.