Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Элдор Шомуродов: «Яхши таклиф тушса, ўйлаб кўраман»

Баҳо:
+ | -

Истеъдодли ҳужумкор ярим ҳимоячи Элдор Шомуродовга қизиқаётган жамоалар сафи тобора ортиб боряпти. Футболчи «Бунёдкор» клуби ва миллий жамоамиздаги ўйинлари билан хорижлик скаутлар эътиборини ҳам ўзига тортди. Бундан ташқари, турли компаниялар қизиқиш доирасидан четда қолишмади. Хусусан, ProSports Management ва Шомуродов ўртасида шартнома тузилди. Компания вакили Никита Панасюк яқинда истиқболли футболчимиз билан имзоланган келишув моҳиятини тушунтириб берди: «Шомуродов 21 ёшда, у универсал ҳужумкор футболчи, қанот, марказий ҳужум ва ҳужумчи ортида ўйнай олади. Ўйин услуби ва қобилияти жиҳатидан Андрей Ярмоленкони эслатиб юборади: тезкор, бақувват, техник томондан кучли, майдонни яхши кўра олади, қарши ҳужум вақти қарор чиқаришни пайсалга солмайди. Элдор жисмоний кучига таяниб, тўп учун курашда устунлик қилади. Бўйи 182 сантиметрга тенг ва жуда тез югуради, бошланғич суръати ҳам баланд, «иккинчи қават»даги олишувлар ва стандарт вазиятлар вақти ғоят фойдали. Шомуродовда дриблинг маҳорати ҳам анча юқори. Дейлик, битта ўйинда рақибларини ўртача ҳисобда 6 марта алдаб ўтади. Таққослаш учун, Жулиано («Зенит») бу ишни ўртача 5 марта, Промес («Спартак») эса 8 марта бажаради. Шомуродов терма жамоасида ҳам яхши ўйнамоқда: 12та ўйинда 4та гол ва 1та самарали «пас». Элдор рус тилини тўлиқ билади, Европада ўйнашни истаса, инглизчани ўрганишни бошлайди. Умуман, унинг статистикаси ёмон эмас: тўлиқсиз икки мавсум давомида 19та гол уриб, яна 7тасига ассистентлик қилди». Ҳа, тан олиш керак, Панасюк ҳамюртимизни муносиб тарзда таърифлади. Шомуродов айни пайт «Бунёдкор»нинг БААдаги машғулотларида қатнашаётган бўлсада, бизнинг илтимосимизга мувофиқ, интервью учун маълум вақт ажратди.

- Элдор, янги мавсумга қаратилган тайёргарлик жараёни қандай кетяпти?

- Режа асосида шуғулланяпмиз. Зеро, бизни олдинда ОЧЛ «плей-офф» ўйини кутиб турибди.

- Бугун (суҳбат 15 январь куни уюштирилди - муал.) «Абердин» клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушдинглар. Шотландиянинг етакчи жамоаларидан бири қандай таассурот қолдирди, ўйин ҳақида нима дея оласиз? «Бун­ёдкор» мағлубиятга учрамаслиги ҳам мумкинмиди?

- Очиғи, бу саволга аниқ жавоб беролмайман. Чунки бугун майдонга тушмадим. Лекин ҳаммаси жойида. Бироз шамоллаб қолганим учун ўйинга бормадим.

- Умуман, шу кунгача ўтказилган назорат учрашувлари хусусида нима дея оласиз?

- Кучли таркибга эга Гана терма жамоасига ютқаздик, лекин ўйин биз учун анча фойдали бўлди. Хитой ва Саудия Арабистони клублари билан эса муроса кўчасини танладик. Аммо бунга ортиқча эътибор қаратиш шарт эмас. Ахир назорат ўйинларида натижа муҳим саналмайди. Энди 20 январь куни йиғиндан ўрин олган сўнгги учрашувимиз Иордания миллий жамоасига қарши кечади. Ўйлайманки, бу ўйинлар орқа­ли янги мавсум ва биринчи навбатда, ОЧЛ «плей-офф» учрашувига тайёр бўламиз.

- Янги футболчилар жамоа ўйинига киришиб кетишда қийналишмаяптими?

- Барчаси аста-аста амалга ошади. Ҳозирча улар чакки таассурот қолдирмаяптилар. Менимча, янги футболчилар жамоамизни анча кучайтириш салоҳиятига эгалар.

- Элдор, бошқа клублардан таклифлар олаётганингиз ҳақида кўп ёзиляпти. Бундай хабарлар ҳақиқатга нечоғли яқин?

- Айни пайт «Бунёдкор» билан шарт­номам бор. Шу боис, бу ҳақда ҳеч нарса деёлмайман. Барчасини клуб раҳбарлари ҳал қилишади.

- Лекин қизиқиш борлигини тасдиқласангиз керак...

- Эҳтимол шундайдир (кулади).

- Сир бўлмаса, қайси клублардан чорлов бўлди?

- Қўйинг, бу борада аниқ маълумотга эга эмасман.

- Москвага айнан қайси мақсадда борганингизни ҳам айтолмайсизми?

- Буни айтишим мумкин - саёҳат учун. Шу билан бирга ProSports Management билан шартнома туздим. Яна компания вакиллари билан яқиндан танишиб келдим.

- Хуллас, янги мавсумни қайси клубда бошлашингиз ҳали маълум эмас, шундайми?

- Қайтараман, «Бунёдкор» билан амалда шартномам бор ва бу масалада кўп нарса клуб позициясига боғлиқ.

- Ўзингиз-чи? Жамоани ўзгартириш ниятингиз борми?

- Тўғриси, «Бунёдкор» мен учун қадр­ли клуб бўлиб қолди. Бу жамоада кўплаб дўстлар орттирдим. Аммо футбол бобида ўсишим учун яхши клублардан муносиб таклиф тушса, ўйлаб кўраман, албатта.

- Фараз қилайлик, Россия, Хитой ва араб клубларидан чорлов олсангиз, қай бирини танлардингиз?

- Мақсадим - Европада ўйнаш. Шундай экан, Россия клубларига ўтиш варианти маъқулроқ.

- Хитойликлар футболчиларга мисли кўрилмаган даражада катта маош белгилашяпти. Бу ҳолат сизни ўйлантириб қўймаймиди?

- Ҳаммасини вақт кўрсатади. Юқорида айтганимдек, олдиндан аниқ гапириш ярамайди. Лекин ўзим учун биринчи масала - тажрибамни ошириш. Таклифларни ўрганиб чиқишда ҳам айнан шуни эътиборга оламан.

- Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов Хитой клубига, вице-сардор Сервер Жепаров эса Эрон жамоасига ўтди. Бу трансферларга муносабатингиз қандай?

- Терма жамоамиз етакчилари ўзларига маъқул вариантни танлашди. Қайси клубда ўйнашларидан қатъий назар, уларга омад ва зафар тилайман. Ишончим комил, иккисининг ҳам терма жамоамизга ҳали кўп фойдаси тегади. Олдинда ЖЧ-2018 саралаш босқичи ҳал қилувчи ўйинлари бор. Ишончим комил, Аҳмедов ҳам, Жепаров ҳам бўлажак баҳсларда асосий ролни бажаришади.

- Қизиқ, ProSports Management компанияси билан тузилган шартномадан кўзланган асосий мақсад нима?

- Келинг, шу сирлигича қолсин...

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди. "Интерфутбол" газетаси.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:56, 25.01.2017.
Ўқилди: 10680 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.