Сир эмаски, футболда асосан гол урганлар олқишга сазовор бўлишади. Дарвозанинг ишғол қилинишида бевосита иштирок этган ассистентлар эса кўпинча назардан четда қолиб кетишади. Аслида, тўпурарлар айнан самарали узатма муаллифларига катта миннатдорчилик билдиришлари керак. Демак, 2016 йилда голли пас бериш бобида энг яхши дея эътироф этилганлар билан танишиш асносида уларнинг маҳоратларини тегишлича баҳолаймиз.
7-10. Рикарду Куарежма («Бешиктош») - 19та самарали узатма
Португалиялик футболчининг фаолияти қизиқ кечди. Рикарду ўзининг туғма қобилияти билан жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиши мумкин эди. Аммо 33 ёшли ярим ҳимоячи ҳозирча Туркия чемпионати билан кифояланмоқда. «Барселона», «Челси» ва «Интер»даги омадсизлик, «Порту»даги афсонавийликлар ортда қолди. Тез орада бутсаларини михга илса, ажабмас. Бироқ Куарежма истеъдодини ҳавога совурмади, Европада порлади, ғолиблар жамоаси сафида Португалия тарихига кирди.
7-10. Жоау Мариу («Спортинг»; «Интер») - 19та самарали узатма
Йилнинг йирик кашфиётига айланган португалиялик футболчи бугунги рўйхатимизда ҳам энг яхшилар қаторидан ўрин эгаллади. Жоау тактик уқув, ўйинни тушуниш ва ҳаракатлар характеристикасининг турфалиги борасида Зеедорфни ёдга солади. Мариу потенциалидан тўлиқ фойдаланмоқда, демак 2016 йили уни қўлга киритиш учун «Интер»ни кўндиришга уринмаган топ-клублар яқин йиллар ичида афсусланишлари тайин.
7-10. Кевин Де Брюйне («Манчестер Сити») - 19та самарали узатма
Сўнгги 12 ой мобайнида Англияда тўлиқ майдонга тушган бельгиялик ярим ҳимоячи аввалги натижаларини такрорлай олмади. 2015 йил якунларига кўра, Де Брюйне мазкур рўйхатни бошқариб турганди. У қўшимча кўрсаткичлар бўйича Мессини ҳам ортда қолдирганди. Жорий йил Кевиннинг самарали узатмалари сони бештага кам бўлди, аммо ҳамон сайёрамизнинг энг яхши ассистентлари сафида бормоқда.
6. Миралем Пьянич («Рома»; «Ювентус») - 20та самарали узатма
Босниялик футболчининг номи доимо стандарт вазиятлардан унумли фойдаланувчи энг яхши ижрочилар қаторида зикр этилади. Якунига етган йилда ҳам салоҳиятини яна бир карра намойиш қилди. Пьянич ўйин пайтида анча самарали тўп суради - ақлли, маҳоратли, майдонни яхши кўра билади, голли вазият яратишда унинг ҳам нозик, ҳам кутилмаган, ҳам диагонал тарзда узатилган паслари асқотади. Миралем Туринда истеъдодининг 70 фоизини намойиш этмоқда, аммо шунинг ўзи ҳам жамоа етакчиларидан бирига айланиш учун етмоқда.
5. Димитри Пайе («Вест Хэм») - 22та самарали узатма
Стандарт вазиятни қойилмақом тарзда ижро этувчи яна бир футболчи Англияда ўз ўрнини топди. Пайе ҳар жабҳада қойил қолдиради, айниқса, бу нарса қанотлардан уюштириладиган ҳужумлар чоғида яққол сезилади. Афсуски, француз АПЛга ўсмирлик чоғида келмади. Димитри «Марсел»да барқарорликка эришди, ўтган йилги ажойиб ўйинлари билан эса жаҳоннинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири эканини исботлади. Мазкур ҳолат Франция яшил майдонларида ўтган Еврода ҳам кузатилди.
4. Анхель Ди Мария («ПСЖ») - 25та самарали узатма
Аргентиналик креатив футболчи голландиялик файласуфдан ўз вақтида қочиб, илиқ Францияга кўчиб ўтди. Анхель илк мавсумидаёқ Лига 1-даги голли паслар рекордини ўрнатишга эришди. Ҳозир Ди Мария аввалги йилдагидек самарали тўп суролмаяпти, аммо «ПСЖ»да кўп нарса ўзгарганини ҳам унутмаслик даркор. Айтишларича, тезкор ярим ҳимоячи барқарорликни таъминлай олмаётган парижликлар сафидан кетишга қарши эмас.
3. Луис Суарес («Барселона») - 28та самарали узатма
«Барселона»даги трио шу қадар мукаммал кўриниш олганки, ҳатто, марказий ҳужумчи ҳам жаҳоннинг манаман деган плеймейкерларидан кўпроқ голли пас бериши мумкин. Умуман, Суарес ҳамиша ўйинни яхши уқий олиши билан ажралиб турган. Уругвайлик форвард ҳужумдаги шериклари каби креатив эмас, аммо рақиб жарима майдончаси ичкарисида жамоадошларининг қўллаб-қувватлашидан фойдаланиш бобида Луисга тенг келадигани йўқ. Дунёнинг энг яхши марказий ҳужумчиси - саёрамизнинг энг яхши ассистентлари учлигида. Нооадатий ҳолат, бироқ Суаресдан бундан-да кўпроғини кутиш мумкин.
2. Лионель Месси («Барселона») - 31та самарали узатма
Аргентиналик юлдузнинг биринчи ўринда эмаслиги - ҳақиқий сюрприз. Ўтган йили у пешқадамликни Де Брюйне билан бўлишиб олганди. Бу сафар эса Лионель аввалги рақобатчиларига нисбатан барқарор ўйин кўрсатиб, 12 ойни юқори кайфиятда ўтказди. Аммо жаҳонда голли пас бериш бобида Лео Мессини ҳам ортда қолдирадиган қаҳрамон топилди.
1. Неймар («Барселона») - 32та самарали узатма
2016 йилда Неймарнинг голлари сони камайди, янги мавсумда қулай вазиятларни бирма-бир кўкка совурмоқда. Бразилиялик иқтидор соҳиби бу борадаги омадсизликни қойилмақом узатмалари билан ювмоқда. Неймар ҳамон самарали футболчи ҳисобланади, ақлли, ёрқин ўйин кўрсатади. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида эса у голли пас бериш борасидаги рекордни янгилашга эришди.