Голландиялик донгдор универсал футболчи Дирк Кёйт АПЛ тарихида ёрқин из қолдирган. Шунинг учун бўлса керак, Буюк Британиянинг FourFourTwo журнали бу сафар айнан малласоч тўпурарни махсус суҳбатга чорлади.
Шу тариқа «Беозор жаллод» номини олган Дирк мухлислардан тушган турли саволларга жавоб қайтариш асносида «Ливерпуль» клубига боғлиқ энг ёрқин хотиралари билан ўртоқлашди. У шунингдек, Англия, Голландия ва Туркиядаги дерби ўйинларида қандай фарқли томонлари борлиги хусусида сўз юритиб, келажак режаларига ҳам тўхталди.
— Биринчи савол: айтингчи, ҳаётингизни футбол билан боғлашдан олдин қайси касбни танлашни орзу қилгандингиз?
— Эсимни танибманки, фақат футболга қизиққанман. Дейлик, 5 ёшга тўлгач, маҳаллий ҳаваскорлар жамоаси - «Квик Бойз»да ўйнай бошлаганман. Бу клубда 12 йил шуғулланган бўлсам, битта орзу - унинг асосий таркибига кириш иштиёқи билан яшаганман. Хуллас, бундан бош-қа каттароқ орзу ҳақида ўйлай ҳам олмасдим. Умуман, болаликда футбол ва ўқишдан ташқари, одатий ишим ҳам бор эди. «Утрехт» тизимига ўтганимдан кейин ўша юмушдан буткул воз кечишимга тўғри келганди.
— Бутун фаолиятингиз давомида турли позицияларда тўп сургансиз. Ўзи қайси амплуада бошлагандингиз?
— Ёшлигимда асосан ҳужумчи вазифасини бажарардим. «Утрехт»да ҳам бошида олдинги чизиқда тўп сурдим, бироқ вақт ўтиши билан мени баъзан чап қанотга қўйишди. Кейинчалик «Фейеноорд» сафига қўшилиб, яна соф марказий ҳужумчига айландим. Терма жамоага чақирилганимда эса, мураббийлар ўнг томонда ўйнашимни хоҳлашди. Дейлик, Марко ван Бастен бошқарувида деярли мунтазам равишда қанотларда ҳаракатланганман.
— Эътиборлиси, 18 ёшга тўлгунингизча ҳаваскорлар даражасида тўп суриш билан чеклангансиз. Қизиқ, наҳотки, шунча вақт бирор катта клуб назарига тушмаган бўлсангиз...
— Дарҳақиқат, анчагача ҳудудий жамоаларда ўйнаганман. Аслида бунгача профессионал клублардан ҳам таклифлар олганман. Мисол учун, иккинчи дивизионда иштирок этувчи «Харлем» ва «Телстар» жамоалари қизиқиш билдиришганди. Бироқ ўзим «Квик Бойз» ёшлар академиясидаги ҳолатимдан хурсанд эдим. Чунки савия етарли даражада баланд бўлиб, ўйин бобида ўсаётганим яққол билинарди. Хусусан, 16 ёшимдаёқ терма жамоадан чақирув олгандим, бироқ кўрикдан кейин йиғинга борган эмасман. Умуман, чакки ўйнамаслигимни билардим, аммо тақдир мени қаерга бошлашини сира тасаввур қилолмасдим.
— Голландия кубоги-2003 финалидаги ажойиб ҳаракатларингиздан сўнг сизни ниҳоят, «Фейеноорд» сотиб олди. Айнан ўша куни футболчи сифатида жиддий ютуққа эришганингизни тушунгандирсиз...
— Аслида «Фейеноорд» сафига қўшилишимни кубок финалидан олдин билганман. Вазият анча кескин эди - аралаш ҳиссиётлар. Ўйин ўта муҳим, шунга яраша, мисли кўрилмаган босим... Лекин мен «Утрехт»га охирги марта бор кучим билан хизмат қилишим мумкинлигини қалбан ҳис этиб турардим. Боз устига, финал «Фейеноорд» мухлислари олдида нималарга қодирлигимни кўрсатиш учун биринчи ажойиб имконият эди. Якунда гол урганман ва биз 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. «Утрехт»даги фаолиятим шундай юқори нотада хотима топганидан ғоят бахтиёрман. Ўша куни ҳам «Утрехт», ҳам «Фейеноорд»нинг кўплаб мухлислари мени ўз жойларидан турган ҳолда олқишлагандиларки, бу ёқимли манзара ҳамон кўз ўнгимда. Айтишим жоиз, «Фейе» фанатлари билан ўртамиздаги мустаҳкам дўстлик ришталарига айнан ўша оқшом асос солинганди.
— 2006 йили «Ливерпуль» сафини тўлдиришингиз арафасида олдингизда яна қандай вариантлар бор эди?
— «Ливерпуль» трансферни амалга оширишидан бир йилча олдин «Тоттенхэм»га ўтишим ҳеч гап эмасди. Чунки жамоа мураббийи Мартин Йол ва раиси Дэниэль Леви менга жиддий қизиқишганди. Бироқ улар трансферлар муддатининг охирги кунидагина расмий таклиф юборишди. Мен эса бундай ҳолатда таваккал қилишни истамадим. Кейинчалик «Ливерпуль» асосий даъвогарга айланди, аммо «қизиллар» билан ҳам музокаралар узоққа чўзилди. Бу вақтда яна бир қатор клублар алоқага чиқишди. Хусусан, Мадрид «Атлетико»си. Бу ҳам ёмон вариант эмасди, лекин «Ливерпул»нинг мақсади жиддий эканлигини билгач, шунчаки, бошқа клублар ҳақида ўйламадим ҳатто. Зеро, болалигимдан бу жамоага меҳрим баланд эди.
— Рафаэль Бенитес илк марта ўнг қанотда ўйнашингиз хусусида кўрсатма берганида, буни қандай қабул қилган эдингиз? Ушбу позицияда узоқ вақт қолишни хаёлингизга ҳам келтирмагандирсиз...
— «Ливерпул»да аввалига ҳужумчи, аниқроғи, ортга сурилган форвард сифатида ўйнадим. Биринчи мавсум жуда омадли келиб, ҳаттоки, АПЛнинг энг яхши тўпурари бўлдим. 2007 йил ёзда таътил учун Арубага бордим ва «Ливерпул»нинг Фернандо Торрес билан шартнома тузганини ўша ерда ўқидим. Кейинги мавсум жуда оғир келди: отам вафот этди, дастлабки 2 ойда майдонда ишим сира юришмади. Ўша вақт Торрес ва Жеррард ажойиб формага киргандилар. Жумладан, Стивен «10-рақам» позициясида қойилмақом ҳаракат қиларди. Хайриятки, мен учун ўнг қанотда жой бўшатишди. Янги позициядаги илк ўйинлардан бирида «Интер» вакилларига қарши туришимга тўғри келди. Ўша баҳсда ҳаракатларим самарали чиқди ва шу-шу ишларим юришиб кетди. Яъни ҳал қилувчи голларни уришдан ташқари, кескин узатмаларни амалга ошира бошладим. Хуллас, ҳаммаси ўз жойига тушиб, «Ливерпуль» ўйин тизимига муаммосиз мослашиб олдим.
— ЧЛ-2007 ярим финали. Рақиб - «Челси». Пенальтилар серияси. Ўшанда 11 метрли зарбани ижро этишда нечоғли асабийлашгандингиз?
— Очиғи, барчаси қуюқ туман ичида бўлгандек - ўйиннинг ўзи жуда асабий тус олганди. Эсимда, «овертайм»да гол ургандим ва у финал йўлланмаси тақдирини ҳал этиши мумкин эди. Бироқ голни ҳисобга олишмади - катта хато. Пенальтилар серия вақти эса, фақат финалга чиқишни ўйлаганман, холос. Кейин мен тепадиган 4-пенальти ҳал қилувчи бўлиши мумкинлиги ойдинлашди. Ҳалигача барчаси кўз ўнгимда: тўпни дарвоза тўрига йўллаганимдан сўнг стадион гўёки, портлаганди. Бу мен учун «Энфилд»даги энг яхши кунлардан биридир. Аслида еврокубоклар доирасидаги барча учрашувлар — такрорланмас хотира. Ахир биз «Реал» ва «Барселона» клубларига ҳам қарши ўйнаганмиз. Лекин айнан ўша даврда «Челси»га кўп марта тўқнаш келганмиз ва бирор ўйин зерикарли кечмаган. Боз устига, ўшанда «кўклар»ни Жозе Моуриньо бошқарарди ва у ўз одатига кўра, оловга мой қуйишни ёқтирарди. Нима бўлишидан қатъий назар, бизни тўхтатиш қийин эди, чунки енгилишни хаёлимизга ҳам келтирмасдик.
— 2007 йилги ЧЛ финалида «Милан» дарвозасига гол ургансиз, аммо «Ливерпуль» ютқазган, барибир...
— Тан олиш жоиз, финалга чиққанимизнинг ўзи катта натижа эди. Бироқ бу ҳолат мағлубият аламини пасайтирган эмас заррача. Чунончи, «Милан»га жиддий ноқулайликлар туғдириш учун ўйинни талаб даражасида назорат қилолмагандик. Боз устига, итальянлар керакли пайтда 2та гол уришган. Ҳа, битта жавоб голи менинг ҳисобимга ёзилган, аммо «Истанбул мўъжизаси»ни такрорлаш учун вақт қолмаганди, ҳисоб. Агар ростини айтсам, ўшанда финалда ўйнаганимнинг ўзидан хурсанд эдим. Гап шундаки, ўйин олдидан бир воқеа сабаб, таркибдан тушиб қолишим ҳеч гап эмасди. Аниқроқ айтсам, йигитлар картда сайрга чиқишган ва мен рулни бошқаришни истамай, барчасини четда, Бенитес ҳамроҳлигида томоша қилишни маъқул кўргандим. Кейин бир қарасам, Питер Крауч автоси чамаси соатига 35 миль тезликда тўғри устимга келяпти. Хайриятки, юқорига сакраб олишга улгурдим ва картон деворга урилдим. Қисқаси, Краучнинг мени мажруҳ қилишига бир баҳя қолганди. Питернинг ўша вақтдаги ҳолатини тасаввур қилинг-а... Ранги ўчиб, дарахтдек қотиб қолганди. Бахтимга ҳаммаси яхшилик билан тугади ва менга финалда ўйнаш насиб этди.
— «Энфилд»да ким кучлироқ эди: Фернандо Торресми ёки Луис Суарес?
— Қайсидир бирини танлаш адолатдан эмас. Вақтида ҳеч ким Торрес билан тенглашолмасди. Чунки алоҳида ўйин услуби бор эди - чақмоқдек тезлик, рақиблар дарвозаси ёнида қатъийлик. Унга тўпни яхши ҳолатда оширгангиз кифоя қиларди - қолганини ўзи қойиллатарди. Луисга келсак, у мутлақо бошқача услубга таянадиган йигит - шунчаки, мўъжизакор ҳужумчи. Майдон ва унинг ташқарисидаги Суарес ўртасида катта фарқ бор. Яъни ҳаётда ўта хотиржам, камтарин, ҳазилкаш йигит. Майдонда эса ғалаба йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган қайсар. Луис шу характери туфайли вақти-вақти билан муаммоларга дуч келади, аммо очиқ тан олиш керак, майдонда ҳам юмшоқликни сақлаб қолганида, ҳозирги даражасига чиқолмасди зинҳор.
— Сизнингча, Юрген Клоппнинг ҳозирги жамоасига қанчалик мос тушардингиз?
— Четдан туриб айтганда, бемалол ўйнаб кетардим, менимча. Тўғри, Клопп билан яқиндан таниш эмасман ва машғулотларни қандай олиб боришини ҳам билмайман. Аммо ҳозиргача эшитганларимга таяниб, бемалол айтаманки, бундай мураббий менга ёқади ва унинг бошқарувида мароқ билан ўйнардим.
— Турк футболи бироз «хавфли»дек кўринади. «Фенербахче»даги фаолиятингиздан энг эсда қолган воқеани баён эта оласизми?
— «Трабзонспор»га қарши кечган ўйинлардан бирида барчаси назоратдан чиқиб кетганди. Ўйин шунчалик кескин тус олдики, у тугаганидан сўнг кийиниш хонасида нақ 4 соат қамалиб ўтиришимизга тўғри келди. Яъни рақиб жамоа фанатларининг тарқалишларини кутдик. Охир-оқибат, бизни аэропортга зирҳланган полиция машиналарида элтиб қўйишди. Турклар табиатан ўта эҳтиросли, бу кўпинча ижобий характер касб этади, аммо баъзан...
— Энг қайноқ дерби қаерда: Роттердамдами, Ливерпуль ёки Истанбулда?
— Ҳаммасининг ўзига яраша яхши томонлари бор. Мисол учун, Ливерпулда ҳар икки жамоа мухлислари стадионга хотиржам киришади ва ўзаро дўстона муносабатни сақлаб қолишади - бу ёқимли. Роттердамда эса бу борада муайян муаммолар бор, Туркияга келсак, барчаси шунчаки, ақлга сиғмайди...
— Майдонда ҳам, машғулотларда ҳам доимо меҳнаткашлик хислати билан ажралиб тургансиз. Қизиқ, фаолиятингиз давомида сиздан-да кўпроқ тер тўкадиган бирор футболчини учратганмисиз?
— Стивен Жеррардни айтишим мумкин - у чарчаш нималигини билмасди. Яна Йон-Арне Риисе ҳам сира тинмасди. Жанубий америкалик Луис Суарес ва Хавьер Маскерано эса миллий жамоаларидан чарчаган ҳолда келишсада, дарҳол ҳамма қатори машғулотларга киришарди. Яъни уларнинг нолиганларини бирор марта кўрган эмасман.
— Охирги савол: келажакда сиздан нима кутсак бўлади? Қачонгача ўйнашни режалартиряпсизу, бутсаларингизни михга илганингиздан сўнг мураббийлик қилиш ниятингиз борми?
— Моҳиятан олганда, қайсидир жамоани шуғуллантиришга қарши чиқмасдим. Аммо яхши футболчи бўлганинг мураббийликда ҳам ишинг ўнгидан келишига кафолат эмас. Шундай экан, бу ишга лаёқат сезсам, албатта, ўзимни синаб кўраман. Шунингдек, шахсий жамғармам ишини юритишда давом этаман. У жисмоний ва руҳий муаммоларга эга одамлар учун мўлжалланган спорт лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Мисол учун, Робин ван Перси бир сафар жамғармамизга 30 минг фунт ажратганди. 2012 йили АПЛда энг яхши тўпурарга аталган совринга эга чиққан футболчининг хайрия йўналишидаги бундай ишлари таҳсинга лойиқ.