Фарғонада ўтаётган «Ҳоким Кубоги-2017» турнирида иштирок этаётган андижонликлар бугун тақвимга кўра дам олади.
Шу боис мураббийлар бугун Андижонда «АОЗК» жамоасига қарши назорат синов учрашувини ташкил этиб, кўрикда бўлиб турган ёшларни яна бир бор кўздан кечирди ва керакли хулосага эга бўлди дейиш мумкин. Шўрбулоқ даҳасидаги сунъий қопламали майдонда ўтган учрашувда нисбатан тажрибали бўлган «Андижон»нинг қўли баланд келди. Лекин «АОЗК» жамоаси ҳам осонликча таслим бўлмади. Айниқса иккинчи бўлимда етарлича ташвиш туғдира олди.
Учрашувда «Андижон» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Дастлаб Акмал Эргашев ҳисобни очган бўлса. Иккинчи таймда Шукур Жумабоев ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. Учинчи голга эса «Андижон» посбони Баракатилло Исроилов муаллифлик қилди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида «АОЗК» дарвозасини қўриқлаган ушбу дарвозабон кутилмаганда тўпни қайтаришда хатога йўл қўйиб, ўз дарвозасини ишғол этиб юборди.
«Андижон»: Баракатилло Исроилов, Аҳрор Ўктамов, Шояд Муллажонов, Ботир Холлиев, Мансур Мақсудов, Аваз Олимжонов, Диёр Усмонхўжаев, Фарруҳ Бекмуратов, Фарруҳ Мирзаев, Бобур Фарҳодов, Акмал Эргашев.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Даврон Жўрақулов, Бахтиёр Қосимов, Аброр Комилов, Шукур Жумабоев, Алишер Абдувоҳидов, Жаҳонгир Мақсудов.
Энди «Андижон» 2 феврал куни Фарғонада «Цементчи» жамоасига қарши кечадиган баҳсга тайёргарлик кўради.