Ўзбекистон бокс федерацияси Uzbek Tigers жамоасининг Бутунжаҳон бокс сериясидан жой олган China Dragons’га қарши таркибини эълон қилди. Ундан Рио—2016 да Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган бирорта ҳам боксчи жой олмаган.
Uzbek Tigers таркибида Рио—2016 олтин медалини қўлга киритган Ҳасанбой Дўстматов ва Шаҳобиддин Зоиров, шунингдек, совриндорлар қаторидан жой олган Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев, Бектемир Мелиқўзиев каби чарм қўлқоп усталари машғулот ўтказаётганди. Бироқ улар Хитойга жўнаб кетадиган боксчилар қаторида эътироф этилмаган.
China Dragons’га қарши Рио—2016 йўлланмасини қўлга киритганига қарамай Хуршид Тожибоевнинг соясида қолган ва Бразилия сафаридан тушиб қолган Элнур Абдураимов жанг қилади. Унинг қаторида Мироншоҳ Ибрагимов, Абдулҳай Шораҳматов, Улуғбек Ҳақбердиев ва Бобур Йўлдошев ҳам Хитойга боради.
Uzbek Tigers таркиби
49 кг: Мироншоҳ Ибрагимов
56 кг: Абдулҳай Шораҳматов
64 кг: Элнур Абдураимов
75 кг: Улуғбек Ҳақбердиев
91 кг: Бобур Йўлдошев.
Терма жамоани Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рўзиоҳунов мураббий сифатида Хитойга олиб боради. Жамоанинг тиббий масалаларига Комил Расулов жавобгар бўлади.
Маълумот учун, 3 февраль куни Uzbek Tigers ва China Dragons боксчиларини тарозига тортиш маросими бўлиб ўтади. 4 февраль куни эса хитойликларнинг беш нафар боксчиси юқорида номлари келтирилган спортчиларга қарши бирма-бир рингга чиқади. Мазкур гуруҳда, шунингдек, Қозоғистоннинг Astana Arlans ва Россиянинг Boxing Team жамоалари бор.
Ўзбекистон Бутунжаҳон бокс сериясидаги дебютини 2016 йилда бошлаб, илк уринишидаёқ ярим финалга етиб борган ва бўлажак чемпион Cuba Domadores’га имкониятни бой берганди.