2017 йилга келиб Ўзбекистондан бошқа чемпионатларда ўз омадини синаб кўришни мақсад қилган футболчилар сони кескин ошиб кетди. Сўнгги 40 кун ичида янги жамоа либосини кийган 15 нафар ўзбекистонлик футболчи билан танишинг.
Алишер Азизов — «Дордой» (Қирғизистон)
Зўрлар ичида ўртача бўлгандан, кучсизлар ичида зўр бўл. «Пахтакор»да порламоқчи бўлиб, кутилганидек порлай олмаган Алишер Азизов фаолиятини қўшни Қирғизистонда давом эттирадиган бўлди. У сўнгги мавсумни «Обод» сафида ўтказганди.
Павел Смоляченко — «АТМ» (Малайзия)
Хўрозқанд чет элники. Малайзия Премьер-лигаси мақоми бўйича Ўзбекистон Биринчи лигаси билан тенг. Бироқ унда тўланадиган пул Олий лиганикидан яхшироқ бўлиши мумкин. Ўзбекистон Биринчи лигасида эса Фарҳод Магомедовнинг айтишича, футболчилар оч ҳам қолиб кетмоқда.
Бобур Акбаров — «Куала-Лумпур» (Малайзия)
Ҳечдан кўра кеч. Бобур Акбаров ҳам мусофирчиликни кўриши керак эди. Малайзия Премьер-лигасининг «Куала Лумпур» клуби унга бу борада ёрдамлашди.
Лутфулла Тўраев — «Теренггану» (Малайзия)
Тирикчиликнинг айби йўқ. Ўтган мавсумни Малайзиянинг «Фелда Юнайтед» клуби сафида ўтказиб, кумуш медални қўлга киритган Тўраевга Шарқий Осиё ҳавоси ёқиб қолди. Энди у қуйи лига клубида бўлса-да, Малайзияда қолишга қарор қилди. Илиқ ҳаво, гўзал денгиз ва кучсиз чемпионат. Тўлиқ бахт учун яна нима керак?
Жавлон Гусейнов — «Чаинат Хонбилл» (Таиланд)
Малайзия қуйи лигасида ўйнаш мумкин-у, Таиландникида мумкин эмасми? Мумкин, албатта. Анвар Ражабов ва Асқар Жадигеровдан кейин тай клублари ўзбекистонлик футболчи билан шартнома имзолашга қўрқиб қолганди. «Чаинат Хонбилл» эса таваккалга қўл урди ва Жавлон Гусейновни яхши ниятлар билан қўшиб олди.
Дилшод Шарофутдинов — «Т-Тим» (Малайзия)
Сен ёлғиз эмассан. Дўсти Фарҳод Тожиев «Т-Тим» сафига қайтиб келгач, Дилшод Шарофутдинов ҳам клуб билан шартномасини узайтириб қўя қолди. Катта шаҳарда ўзбек тилида сўзлаша оладиганинг ҳамкасбинг бўлиши ёқимли бўлса керак.
Максимилиан Фомин — «Саҳам» (Уммон)
Футболчилигидан кўра кўпроқ мухлисларни ҳақорат қилгани билан танилган Максимилиан Фомин Уммон чемпионатини кашф қилишга ҳаракат қилади. Ўзбекистонлик Феллаинининг ўйини очилиб кетса, кетидан қолганлар ҳам Уммон сори юзланиб қолса ажаб эмас.
Иззатбек Ғаниев — «Ал Ҳала Муҳаррақ» (Баҳрайн)
«Насаф» Баҳрайн чемпиони дарвозасига жавобсиз 4 та гол ургани инобатга олинса, «Нефтчи»дек клубда ўйнаб юрган футболчи Баҳрайннинг тўққизинчи жамоасида бемалол ўйнаб кетса керак. Бу ҳам ўзбекистонликлар учун янги синов.
Фарҳод Тожиев — «Т-Тим» (Малайзия)
Қайтиш. Олдин ҳам «Т-Тим»да ўйнаган Фарҳод Тожиев, яна шу клубга қайтиб келди. Мухлислар ёқимтойига айланиб қолиши ҳам мумкин, агар расмий ўйинларда гол урса. Ўртоқлик ўйинларида қатор голлар урган футболчи мавсумнинг дастлабки икки турини голсиз тарк этди.
Санжар Турсунов — «Ал-Харайтият» (Қатар)
Қатар Юлдузлар лигаси — кучли лига. «Ворскла»дан маошларини ололмай юрган Санжар Турсунов Қатарга қайтди. У аввал «Умм Салал»да ўйнарди, энди бошқа жамоада. Муҳими, ойлигини вақтида ва рози қилиб берадиган жойда.
Санжар Шоаҳмедов — «Ас-Сайлия» (Қатар)
Самвел Бабаян ҳар куни кўрса ҳам, яхши қирраларини кўра олмайдиган футболчини қатарликлар кўриб қолди. Янги уйлангани инобатга олинса, Қатардаги асал ойи бир ҳафта ёки 10 кун эмас, 1,5 йил давом этади дейиш мумкин.
Темурхўжа Абдухолиқов — Ас-Сайлия (Қатар)
Санжар Шоаҳмедов ёлғиз эмас. Олий лигада 22 та гол уриб қўйгани учун ҳам Бабаян Абдухолиқовни терма жамоага зўрға чақирганди. Қатар клуби эса жон деб, сафига қўшиб олди. У гол ҳам уриб улгурди ва Игорь Сергеевга оташин салом йўллади.
Фозил Мусаев — Жубило Ивата (Япония)
Мавсумнинг энг яхши келишувларидан бири. Айниқса, ўзбекистонлик футболчи Японияда ўйнамагани инобатга олинса. Охири баҳайр бўлса, кунчиқар юртда Ўзбекистон футболчиларининг ҳам куни келиши мумкин.
Сервер Жепаров — Истиқлол (Эрон)
1,5 йил учун 500 минг доллар. Жанубий Корея ва Саудия Арабистонига бориб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритган Жепаров, энди форс диёрида шунга ҳаракат қилади. У ҳақиқий омади чопган футболчи бўлиб чиқди.
Одил Аҳмедов — Шанхай СИПГ (Хитой)
Мавсумнинг энг яхши трансфери. Яқин-яқингача Ўзбекистонда 7 миллион евролик футболчи бор эканига ишониш қийин эди. Норасмий манбаларга кўра, Аҳмедов йилига 4 миллион евро маош олади. Бу рақам эса ёш ўзбекистонлик футболчиларни яхшироқ футбол ўйнашга илҳомлантириш учун етиб ортади.