Кўҳна қитъанинг кучли бешлик чемпионатларида қишки трансфер мавсуми поёнига етди.
Goal.cом нашри эса жамоаларнинг трансфер бозоридаги натижаларини таҳлил қила бошлади. Қайси клублар кучая олди, қайсилари эса аксинча кучсизланди? Клубларнинг трансфер бозоридаги фаоллигига қараб, нашр қишки трансфер дарчасининг ғолиб ва мағлубларини маълум қилди.
Бир ой мобайнида жамоалар ўзига керакли футболчиларни ҳарид қилишга ҳаракат қилди. Хўш, 2017 йилги қишки трансфер мавсумининг ғолиб ва мағлублари кимлар? Ушбу нашр ҳар бир категория учун учтадан жамоани танлади.
Трансфер бозори ғолиблари
“Марсель”: ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан
Димитри Пайетнинг трансфери Европадаги узоқ давом этган шов-шувли трансферлардан бири бўлди. Марсельнинг «Олимпик» жамоаси трансфер бозорида ақлли тарзда иштирок этди. Патрис Эвра, Грегори Сертич ва Морган Сансоннинг Руди Гарсия қўл остидаги жамоани сезиларли кучайтириши кутилмоқда ва бош мураббийнинг муаммолари ечими сифатида қаралмоқда. Жамоа ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан анча кучайганини эътироф этиш керак. Франциялик қанот ҳимоячиси жамоага текинга тушди, Сертичнинг трансфери 2 миллион еврога ҳам етмади. Сансон учун 10 миллион, Пайет учун эса жамоа 29 миллион евронинг баҳридан ўтди. Бу трансфер сиёсати билан клуб 1 Лигада етакчиликка даъвогарлик қилмоқчи эканлигини билдирган бўлса не ажаб.
«ПСЖ»: ёшларга имконият
Ёзги трансфер мавсумида йўлга қўйилган хатоларни “ПСЖ” қишки трансфер бозорида тўгрилашга ҳаракат қилди. Испаниялик мураббийнинг режаларига кирмай қолган Хесе Родригес «Лас Палмас» бериб юборилди. Жамоа бу сафар ёш иқтидорли футболчиларни ҳарид қилишга бор кучини сарфлади дейишимиз мумкин. Амалдаги Франция чемпиони сафини дастлаб Юлиан Дракслер тўлдирди. Германиялик футболчи жамоага келиши билан ўзининг нималарга қодир эканлигини исботлашга киришиб кетди. Эдинсон Каванига ўринбосар сифатида эса 30 миллион еврога Гонсало Гуэдес олиб келинди. Бундан ташқари, жамоага аргентиналик умидли футболчи Жованни Ло Селсо келиб қўшилди. Унай Эмери эса рақобатга тўла, иқтидорларга тўла жамоани тўплай олди. Энди ундан чемпионликни муносиб ҳимоя қилиш талаб этилади.
“Севилья”: Мончи ҳайратга солмоқда
Мадриднинг «Реал» ва «Атлетико» жамоалари трансферга қўйилган таъқиқлар туфайли қишки трансфер бозорида иштирок этишмаган бўлса, «Барселона» ҳеч қандай трансферга қўл урмади. Испаниянинг етакчи жамоаларидан фақатгина «Севилья» жамоаси анча фаол иштирок этди. Ўз одатига кўра, «Севилья» катта номлардан кўра, ўртача даражадаги трансферларни амалга оширди. Клубнинг спорт ишлари бўйича директори Мончининг кўрсатмалари билан жамоа бир неча ажойиб трансферларни амалга оширди. Дастлаб, умидли ёш ҳимоячи Клемен Ленгле («Нанси») олиб келинди. Миланнинг «Интер»идан Стефан Йоветич сотиб олинди. Черногориялик ҳужумчи эса 4 учрашувда 3 гол киритиб, трансферини оқлашга киришиб кетди. Аргентиналик ярим ҳимоячи Валтер Монтоя (“Росарио Централ”) ҳам мавсумнинг қолган қисмида ўз маҳоратини кўрсатишга ва жамоани янада юқори ўринларга олиб чиқишга ҳаракат қилади. Жамоани эса Колодзейчак “Боруссия” Мюнхенгладбаҳга алиштирди.
Трансфер бозори мағлублари
“Милан”: кўп ваъдалар
Клуб ёзги трансфер мавсуми мобайнида клуб раҳбариятига ким келиши аниқ бўлмаганлиги боис фаол иштирок эта олмаганди. Спорт нуқтайи назаридан жамоанинг аҳволи оғир эмас. А Церийада клуб ҳозирча 7-ўринда бормоқда. Бироқ, “Милан” мухлислари жамоадан анча жонли трансфер сиёсатини кутишганди. Клуб ўз сафига Лукас Окампос ва Жерар Деулофеуни қўшиб олиш билан чекланди. Жамоани эса Нянг (“Уотфорд”) ва Луис Адриано (“Спартак” Москва)лар тарк этишди.
“Арсенал”: бардошли жамоа
Қишки трансфер бозорида “Арсенал”нинг ягона трансфери қайси футболчи? Бу – Коэн Брамолл, 20 ёшли иқтидорли ҳимоячи. Англия 7-Лигасининг “Ҳеднесфорд Тоwн” жамоасидан сотиб олинди. Ҳеч шубҳасиз, англиялик ҳимоячи дастлаб “Арсенал”нинг ўринбосарлар таркибида ўз ўйинини кучайтириб боради. Лондонликлар бу сафар ҳам трансфер бозорида ўз камтарлигини сақлаб қолди. Санти Касорла, Аарон Ремзи ва Муҳаммад Элненининг жароҳатлари борлигига қарамай, Арсен Венгер ҳозирги таркибни сақлаб қолишни афзал билди. «Тўпчилар» турнир етакчиси “Челси”дан 9 очкога ортда қолаётганини инобатга оладиган бўлсак, ҳеч иккиланмай “Арсенал”ни қишки трансфер бозорининг мағлуби десак бўлаверади.
“Барселона”: жимжитлик
«Барселона» ўтган ёзги трансфер бозорида қанчалик фаол бўлган бўлса, қишки трансфер бозорида клуб ўзини шунчалик камтарин тутди. Серхио Бускетс ва Андрес Инестанинг жароҳатларига қарамай, Испаниянинг амалдаги чемпионлари ҳеч қандай трансферга қўл уришмади. Аксинча баъзи футболчиларнинг (Пако Алкасер, Алейш Видал) жамоани тарк этиши ҳақидаги шов-шувли хабарлар тинмади. Трансфер бозоридаги фаолияти ҳақида клуб директори Оскар Грау ўзига хос тарзда жавоб берди: “Ҳеч ким кетмадими, демак пул бўлмайди. Ҳеч ким кетмаган бўлса, демак ҳеч ким келмайди.” Бироқ, Испания Ла Лигаси, Испания Кубоги ва Чемпионлар Лигасида муносиб қатнашиш учун жамоага қўшимча куч фойдадан ҳоли бўлмасди.