Кириш Регистрация

Модрич - юлдузлар сафидаги «қоқ суяк»

Баҳо:
+ | -

УЕФА томонидан эътироф этилган йилнинг энг яхши футболчилари рўйхатидан одатдагидек энг ёрқин юлдузлар жой олишди. Криштиану Роналду, Лео Месси, Антуан Гризманн, Жанлуижи Буффон, Серхио Рамос, Жерар Пике - уларнинг барчаси доимо диққат марказда, ҳатто ҳимоячилар ҳам гол уришади. Лука Модричнинг шундай нуфузли компанияда учратиш ўринли. Лекин шу билан бирга, ажабланарли.

Албатта, ҳозир Лука «Реал»да етакчи ярим ҳимоячи мақомига кўтарилган, мадридликлар уни бошларида кўтариб юришга шайлар. Хорватия ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади - ватанида даҳо даражасига чиққан футболчига оид ҳар қандай китоб космик тезликда харид қилинади. Ҳозир Модрич футбол аҳлини ўзига ром этган. Бундан атиги 10 йил аввал ўта кичкина, ориқ ва заиф йигит эди. «У худди митти ялмоғизга ўхшарди!» - Guardian сайти томонидан берилган мазкур эътироф узоқ вақт­гача Модричнинг таниқли белгиси бўлиб қолди. Лука ўзининг ёшлик йилларини эслашни ёқтирмайди - 1990 йиллар туғилиб ўсган югославиялик болакайларнинг хотиралари асосан уруш лавҳаларидан иборат. Модричлар оиласи Затон қишлоғидаги ўйини ташлаб қочиб кетганида Лука 6 ёшда эди. Аёзли декабрь тонгида Луканинг номдоши бўлган бобоси ўйдаги ҳайвонларни яйловга ҳайдаб кетди-ю, қайтиб келмади. Оила аъзоларининг кун бўйи югуриб-елишлари унинг совуқ мурдасини топиш билан якунланди. Шундан сўнг Модричлар Хорватиядаги боснияликлар учун қурилган «Коловар» меҳмонхонасидан паноҳ топиш умидида Обровац шаҳрига йўл олдилар. Уларнинг Затондаги уйлари ёқиб юборилди. «Коловар»да катталар тирикчилик ташвишида бўлишса, ёш Лука эртаю-кеч тўп тепиш билан овора эди. Меҳмонхона ёнидаги автомобилларни сақалш жойи унинг учун энг қулай майдонча эди. Шу ердаги ихтиёрий машғулотлар кўпчиликнинг эътиборини тортди - ногаҳон синган ойналар овозидан чўчиб тушган меҳмонхона аҳли дерезадан мўралаганларида бомбани эмас, футбол тўпини кўрар эдилар.

«Бир куни «Коловар» хизматчиси менга қўнғироқ қилиб, иқтидорли болакайнинг тўп тепишини кузатишимни сўради», - дейди Обровацдан 40 км.ча узоқликда жойлашган «Задар» клубининг раҳбари Йосип Байло. Лука Модрич шу тариқа клуб академиясининг тарбияланувчисига айланди. Қочқинлик оқибатида иш жойидан жудо бўлган отаси бир амаллаб рўзғор тебратаётган бўлсада, ўғлининг футбол билан шуғулланишига имконият яратиб бера оларди. Стипе Лукага бутса ва футболка олиб берарди. Лекин оёқ суякларини ҳимоя қиладиган мосламага пули етмади. Шунда у тахтадан қўлбола қалқон ясаб берди. Ёш футболчи кейинчалик Роналдонинг тасвири туширилган ростакам қалқон «шиток»ка эга бўлди. Бу мосламадан Загребнинг «Динамо»сига ўтгунича фойдаланди: «Мен доимо фахр билан билан тўп сурардим. Чунки Роналдо менинг «кумир»им эди. Тажрибали Байло шу нимжон, қоқсуяк болакай ўта ноёб иқтидор соҳиби эканлигини бир қарашдаёқ пайқаганди. Катта футболдаги илк қадамни Модрич Босниянинг «Зриньски» клубида ташлади. Бу ўлкада айниқса ҳужумкор футболчиларга нисбатан ўта шафқатсиз муносабатда бўлишади. Қўшимчасига, миллий масала ҳам муҳим роль ўйнайди. Модрич эса ўша даврда жисмонан ўта номжон йигитча бўлганди.

«Луканинг салоҳияти бизга маъқул бўлганди. Бироқ «Динамо»дагилар таклифимизни таажжуб билан қабул қилишди: «Шу митти қоқсуяк сизларга нима бера олади? Чиндан ҳам у ҳаддан ташқари озғин ва кучсиз эди. Майдонда толиқиб қолган заҳоти ўрнига бошқа футболчи тушишини сўрарди. «Челик»ка қарши учрашув 40 даражали иссиқ ҳаво остида кечганди. Модрич 30-дақиқадаёқ қўлини кўтарди. Табиийки, мухлислар ҳуштакбозликни бошлаб юборишди. Биз Лукани алмаштирдик. Майдонда чўзилиб қолгандан кўра захира ўриндиғида ўтиргани яхшироқда» - деганди «Зриньски» вице-перзиденти Ивица Жидич. Ҳатто бир ой давомидаги қўшимча маълумотлар ҳам Модричга етарли даражада ёрдам беролмади - энди у бир соат ўйнаганидан кейин майдонни тарк этарди. Ана шу тўлиқ бўлмаган фаолиятнинг ўзига яраша ижобий жиҳати ҳам йўқ эмасди - Модрич Босния чемпионатидек тажовузкор ҳимоячиларнинг қўполликларига чаққонлик ва тезлик билан чап беришга одатланди. Мавсум якунида шахсан Здравко Мамич Лукани Хорватия чемпионатига қайтишини илтимос қилди. Яна 2 йилдан кейин Модрич миллий терма жамоада дебютини нишонлагач, Мамич 10 йиллик шарт­номани таклиф этди.

«Задар»да Модрич ўзининг иккинчи отасига эга бўлди - клуб академиясининг собиқ раҳбари Томислав Башич жамоага устозлик қилаётганди. Мураббийнинг уйида ўзи, ўғли Домагой ва Луканинг биргаликда тушган сурати ҳозир ҳам деворда осиқлик турибди. Башич ўз шогирдларини турли фалокатлардан асрарди, айниқса митти Лукага жуда жонкуяр эди. Уруш пайтида ҳам машғулотларни тўхтатган эмасди. «Футбол бизни бироз бўлсада уруш ташвишларидан халос этарди», - дейди Башич.

Айтганча, бир пайтлар Томислав 10 ёшли Лукани «Хайдук» кўригига олиб бориб - мураббий ёш шогирдининг истагини бажо келтирганди. Аммо «Хайдук» мутасаддилари болалар орасидаги қоқсуякка ҳатто қараб ҳам кўришмади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, «Задар» ва «Хайдук» Италиядаги болалар турнирида ўзаро дуч келишди. Беллашувда Модрич бутун бир жамоани лақиллатиб, шундай ноёб иқтидор соҳибини қўлдан чиқарган мутасаддилар «Хайдук»нинг ёшлар бўлими раҳбари Марин Ковачичдан тегишли насибаларини олишди.

Орадан яна 5 йил ўтгач, Томислав Башич шундай қарорга келди: «Лукага ўзи ёқтирган жамоада тўп суриш насиб этмадими, демак уни асосий рақобатчи жамоага бериш керак!». Шу тариқа Лука Модрич Загребнинг «Динамо»сида Мирослав Блажевич (ҳозирда Хорватия футболида муҳим ўрин тутади) раҳбарлигида тўп сура бошлади. Буни қарангки, ана шу анъана Модричнинг бутун фаолияти давомида такрорланмоқда: «Хайдук»ни орзу қилиб, «Динамо»да, «Челси»ни кўзлаб, «Тоттенхэм»да, «Барселона»ни ўйлаб, «Реал»да ўйнамоқда!

2014 йил февралда Томислав Башич оламдан ўтди. Ҳамиша иккинчи отасининг ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйишга интиладиган Модрич Карло Анчелоттидан рухсат олиб, дафн маросимида қатнашди. Уч кундан кейин «Шальке» устидан эришилган ғалабани устози хотирасига бағишлади.

«Эҳтимол, у бошқа футболчилар каби ўзини турли тўқнашувларга урмас. Аммо унинг чаққон оёқлари, эгилувчан гавдаси ва вазиятни ҳис этиш қорбилияти бор!». Хорватиянинг 2006 йилдаги Аргентинага қарши ўртоқлик учрашувидан кейин машҳур Златко Кранчар шундай эътироф берганди. Модричнинг тақдири Кранчарлар оиласи билан чамбарчас боғлиқ: Златко Лукани миллий терма жамоага таклиф қилди, унинг ўғли Нико ўз ўрнини бўшатиб берди. Орадан бир йил ўтгач, Славен Билич Модрични терма жамоа етакчисига айлантирди. Дарвоқе, Исроилдаги учрашувдан кейин қизиқ бир воқеа юз берди: «Жовани Росо етакчилигида бир гуруҳ футболчилар ресторанга йўл олишди. Қорин тўйганидан сўнг барга кириш истаги туғилди. Лекин соқчи Лукани тўхтатиб қолди: «Кечирасиз 16 ёшга тўлмаганларнинг кириши мумкин эмас!» бир йил сўнг бўлиб ўтган Европа чемпионатида Модрич ўта ёрқин ўйнади, якунда турнирнинг рамзий термасидан ўрин олди. У Арсен Венгер фикрларини рад этиб, АПЛда тўп суриб, сардорлик даражасига кўтарилди. Терма жамоаси Испаниядан устун келишида ҳам Луканинг ҳиссаси беқиёс бўлганди. Чунки у Серхио Рамос «нуқта»дан тўпни қайси томонга йўллашини Субашичга шипшитиб қўйганди. Нимчорак финалдаги аламли мағлубият учун мухлислардан узр сўраш орқали Лука янада юқорироқ нуфузга эга бўлди.

Ўйинлардан сўнг уйига қайтган Модрич аввало ўзининг таҳлилий лабораториясига кириб, турмуш ўртоғи - Ваня билан йўл қўйган хатоларини муҳокама қиларди. Мана, 6 йилдирки жуфтлик кинофильмларни томоша қилиш ўрнига шу иш билан шуғулланишади. Ванянинг фикрича, Лука кўпроқ жамоа учун ўйнайди. Ҳатто ўзи зарба йўллаши мумкин бўлган вазиятларда ҳам жамоадошларини қидиради.

Луканинг рафиқаси таҳлилдан таш­қари агентлик масъулиятини ҳам ўз зиммасига олган. Жуфтлик илк марта 2004 йили Загребдаги кафелардан бирида учрашганди. 2010 йили улар никоҳдан ўтишди. «Куёв билан «Интер», «Динамо» ва «Тоттенхэм»да ёнма-ён тўп сурган Ведран Чорлука гувоҳ сифатида иштирок этди. Ҳозирда Модричлар 2 нафар фарзанд - 6 ёшли Ивано ҳамда 3 ёшли Эмани тарбиялаш билан овора. Ўтган йил мартда эса оилага умуман дахли бўлмаган Модрич исмли чақалоқ Испанияда дунёга келди. «Гранада» ўйинчиси Хави Маркес ўғлига шу номли танлаганди: «Рафиқам Модрични жуда ҳурмат қилади. ўғлим шу ажойиб инсон ва моҳир футболчига ўхшашини орзу қиламан».

2013 йили Модрич «Реал»даги даст­лабки индивидуал совринига эга бўлди - Marca нашри уни 2012 йилнинг энг ношуд дебютанти сифатида «Олтин тувак»ка лойиқ топганди. Моуриньо уни ўз услубига мослаштиришга уриниб кўрди-ю, амалда Мхитаряннинг «МЮ»даги ҳолати каби натижага эришди - асосан Хаби Алонсо ва Хедиралар тўп суришиб, Модричга жуда кам имконият берилди. Ана шу қисқа тўп суришларда ҳам у ўзини кўрсата олди.

Моуриньо ўрнини Карло Анчелотти эгаллагач, Лука «Реал»нинг Пирлосига айланди. «Қироллик клуби» Модрич билан ҳамкорликда 3 йил ичида 2та ЕЧЛ кубогига сазовор бўлди, Луканинг шартномаси 2020 йилга қадар узайтирилди.

Ҳа, «Сантьяго Бернабеу»да «қора ишчилар»га ортиқча эътибор берилмайди, олқишларнинг асосий қисми сермаҳсул ўйинчиларга аталган. Бироқ Модрич ўта талабчан мухлислар меҳрини қозона олди. Қишдаги «класико»да у Мессини қўриқлаб, эркин нафас олишига имкон бермади. Умуман, Лука ўз маҳоратини ошириш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди. «Реал»нинг «пана»да юрадиган қаҳрамони - шунақа йигит. Уруш оловларида тобланган, ўз мақсадига эришмагунича ортга қайтмайди!

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:35, 05.02.2017.
Ўқилди: 13612 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.