Эден Азар «Арсенал»нинг бутун ҳимоясини доғда қолдириб чиқаётган бир вақтда «тўпчилар» Премьер Лига чемпионлигига бўлган яна бир умидларини бой бераётган эди. «Арсенал» собиқ сардори Сеск Фабрегас «Челси»нинг собиқ дарвозабони Петр Чехни хатоси учун жазолагач эса муаммо янада жиддийлиги кўринди. Арсен Венгер шогирдлари ушбу 3:1 ҳисобидаги мағлубиятдаги каби ўйин кўрсатишда давом этса, бу мавсумда кучли тўртликдан ҳам қуруқ қолиши мумкин.
«Арсенал»нинг муваффақият ўлчови сўнгги йилларда кўп мунозараларга сабаб бўлмоқда. Арсен Венгер келажаги жамоанинг ушбу мавсумдаги муваффақиятига боғлиқлигини ҳам айтганди, бироқ муваффақият деганди у нимани тушуниши маълум эмас. Жамоа узлуксиз тарзда Чемпионлар Лигасида иштирок этиб келаётган бўлса ҳам «Арсенал» мухлислари учун бу етарли эмас, айниқса совринларсиз мавсумлардан кейин.
Ҳафта ўртасида «Уотфорд»дан учралган руҳни чўктирувчи мағлубият «тўпчилар»нинг ҳимоядаги бўшлиқлари ҳали тўлдирилмаганидан далолат берган бўлса, «Стемфорд Бридж»даги мағлубият «Арсенал»ни ҳар мавсум ўртасида таъқиб қиладиган инқироз бу сафар жамоани тарк этмагани намоён бўлди.
Жароҳатлар туфайли йўқотишларга тўла ярим ҳимоя, чемпионлик пойгасини амалда тарк этиш ва бош мураббийнинг ўйин давомида кўрсатмлар бериб бориш имкониятидан мосуво бўлиши – «Арсенал» мавсумнинг ўта муҳим ушбу қисмида шундай жиддий муаммоларга дуч келди ва бу табиийки яна ўша инқирозни бошлаб келди.
Жамоани олдинда Чемпионлар лигаси доирасида «Бавария» билан муҳим ўйин кутиб турибди. Ушбу баҳсда «Арсенал» «Челси»дан учралган мағлубиятдан хулоса чиқаргани ёки йўқлигини кўриш мумкин бўлади. Бироқ бу баҳслардаги ҳар қандай натижа мухлисларни жамоага янги бош мураббий тайинланишини талаб қилишдан тўхтата олмайди.
Зеро, келаси мавсум учун Чемпионлар лигаси йўлланмаси ҳам хавф остида қолмоқда. Ҳозирда «Челси» биринчи ўринга ҳеч кимни яқинлаштирмаётган бўлса, кейинги уч ўрин учун беш жамоа курашмоқда. Уларнинг орасида энг заиф кўринаётгани айнан «Арсенал»дир.