“Навбаҳор” назорат ўйинида Қозоғистоннинг “Махтаорол” клуби билан баҳс олиб борди.
Ўйин давомида устунликка эришган наманганликлар якунда 3:1 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишди. Учрашувнинг биринчи бўлимида Неманья Йованович ва Мансур Саидов чиройли комбинация ташкил этгач, сербиялик ҳужумчи ҳисобни очди.
Бўлим ўрталарида Ойбек Қиличев қизил карточка олиб майдонни тарк этгач, томонлар келишувига кўра ярим ҳимоячи ўрнига Азизбек Турғунбоев майдонга тушди. Танаффусга оз вақт қолганида “Махтаорол” футболчилари ўртадаги мувозанатни тиклашга эришди.
Иккинчи бўлимда наманганликлар гол уриш учун бир қатор хавфли ҳужумларни ташкил этишди. Уринишлар ўйин охирида ўз самарасини бериб, захирадан майдонга тушган Рўзимбой Аҳмедов “дубль” қайд этди. Дастлаб Аҳмедов Абдулазиз Султанов ошириб берган тўпни дарвозага аниқ йўллаган бўлса, иккинчи голини пенальтидан урди.
Учрашувни «Навбаҳор» қуйидаги таркибда ўтказди: Акмал Ортиқов, Аббос Отахонов, Жаҳонгир Меҳмонов, Тоҳир Шамситдинов, Алишер Саматов, Аъзам Алиев, Дилшод Жабборов, Ойбек Қиличев, Мирзоҳид Ғофуров, Мансур Саидов, Неманья Йованович. Захирадан майдонга тушганлар: Нодир Ашурматов, Азизбек Турғунбоев, Рўзимбой Аҳмедов, Ҳасанбой Эргашев, Тимур Толипов, Абдулазиз Султанов, Илҳом Бойдедаев, Алишер Мирзаев.
Бу сафарги ўйинда ҳам Ғиёс Комилов кичик жароҳат туфайли майдонга туша олмаган бўлса дарвозабон Асилбек Омоновга мураббийлар дам беришга қарор қилишди. “Навбаҳор” навбатдаги назорат ўйинини 9 февраль куни Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубига қарши ўтказади.