“Реал” Мадрид ўз уйида “Наполи”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. «Реал» ушбу баҳсда яққол фаворит сифатида кўрилаётган эди ва буни оқлади.
“Наполи”га қарши ушбу учрашув ва ундаги ғалаба “Реал” учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Ушбу босқичдан эсон-омон ўтиб олиш Зидан шогирдларининг асосий мақсади. Зеро, 40 ўйинлик мағлубиятсиз серияси барҳам топганидан кейин, “қаймоқлилар” кўрсаткичида бироз пасайиш кузатилди. 3 ғалаба, 1 дуранг ва 2 мағлубият. Бугунги ғалаба жамоа учун чемпионатнинг ҳал қилувчи палласига яхши кайфиятда кириб келишига, ўта тиғиз тақвимга эга феврал ойида қолган баҳсларга кучни тўғри тақсимлашига имкон беради.
5 йиллик танаффусдан кейинги чемпионлик?
2012 йилдан буён Ла Лига соврини бир бора Мадридда қолди. 2014-йилда бу вазифани “Атлетико” уддалаганди. Ҳозирда “қироллик клуби” чемпионликка жуда яқин турибди. Яқин таъқибчиси “Барселона”дан бир очко олдинда бораётган “Реал” захирасида “Валенсия” ва “Селта”га қарши икки баҳс бор. Кечаги йирик мағлубиятдан кейин “Барселона” жавоб ўйинида вазиятни ўнглай олмаса, бор кучларини Ла Лигага қаратади. Ла Лигада ҳал қилувчи палла ўта қизиқарли кечиши аниқ.
Ла Лига ғолиблиги – танқидчиларнинг «оғзини ёпиб қўйиши» мумкин
Зидан жамоаси билан Чемпионлар Лигаси ва Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ютганига қарамай баъзи мутахассислар томонидан унинг маҳорати етарлича баҳоланмаяпти. Зидан юқори чўққиларга эришиб бўлди, бироқ бу барча томонидан ўз тасдиғини топмаяпти. Баъзи мутахассислар ҳали ҳам Зидан айнан футболчи сифатидаги обрўси эвазига кўпгина муаммоларни ҳал этаётгани ва бу узоқ давом этмаслигини бот-бот такрорламоқда. Узоқ муддатдан буён қозонилмай келинаётган Испания чемпионатини ютиб олиш билан франциялик мураббий ўз танқидчиларини «оғзини ёпиб қўйган бўлади».