Мадриднинг «Реал» клуби президенти Флорентино Перес ўз лавозимини тарк этиш ҳақида ўйламоқда, дея хабар тарқатди Mundo Deportivo.
Манбага кўра, "Қироллик клуби" раҳбари ўз ишини давом эттириши мумкин бўлган, унинг қилган меҳнатларини ҳурмат қиладиган номзод қидирмоқда. Шунингдек, бўлажак раҳбар клуб қоидаларига риоя қилиши, президент лавозими учун керакли хусусиятларга эга бўлиши ва «Сантьяго Бернабеу» стадионининг таъмирлаш ишларини давом эттириш лозим.
Флорентино Перес илк марта 2000 йилда "қаймоқранглилар" президенти лавозимига сайланганди. У жамоа бошқарувига келганидан кейин "Реал" «Павон ва Зиданлар сиёсати» ғояси билан ишлади. Бироқ у фақат "галактикос" яратиш фикрини амалга ошира олди. Клуб тарбияланувчилари эса жамоанинг асосий таркибидан жой топиб кетиши қийин бўлди. У 2006 йилда ўз лавозимидан истеъфога чиққанди, бироқ орадан 3,5 йил ўтиб яна бу лавозимга қайтди.
Перес бошқаруви пайтида «Реал», Испания чемпионатида 3 марта (2000/01, 2002/03, 2011/2012), Чемпионлар лигасида 3 марта (2001/02, 2013-14, 2015-16) ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 2 марта (2014, 2016) ғолибликни қўлга киритди.