Кириш Регистрация

"Реал"нинг мағлубияти Ла Лигага интригани қайтарди

Баҳо:
+ | -

Аввал Карло Анчелотти, кейин Рафаэл Бенитес ва мана энди Зайниддин Зидан.

Бу мураббийлар бошчилигидаги «Реал» «Месталя»да ғалаба нималигини билмаяпти. Бу сафарги мағлубият эса Ла Лигага интригани қайтаргандай бўлди. Тўсатдан мураббий алмашинуви туфайли яна бир мавсум Примерада жон сақлаш учун курашда қолиб кетганига қарамай «Валенсия» грандларга осонликча таслим бўлмаслигини яна бир бор исботлади.

2014/2015 йилги мавсумда «Валенсия» Анчелоттининг 22 ўйинлик ғалабали церийасига чек қўйиб, «Реал»нинг ўша мавсумдаги инқирозини бошлаб берган бўлса, ўтган мавсумда ўзининг собиқ мураббийи Бенитес бошчилигидаги мадридликлар билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаганди. Бу нохуш анъанага чек қўйишга умид қилган Зидан эса ўйиннинг 10-дақиқасидаёқ рақибнинг икки голлик устунлигини йўқ қилиш вазифасига дуч келди.

Рафаэл Варан хатога йўл қўйган икки вазиятда Дзадзанинг ажойиб голи ва қарши ҳужумнинг Фабиан Орелляна томонидан моҳирона якунланиши «Валенсия»га шундай устунликни тақдим этди. Роналдунинг биринчи бўлим охирида боши билан урган голи эса мағлубиятдан қутулишга етарли бўлмади. Иккинчи бўлимни «Реал» катта устунликда ўтказганига қарамай, ҳатто учинчи голни ўтказиб юбориши, Рамос ва Варан майдондан четлатилиши ҳам мумкин эди.

Яна бир қизиқарли жиҳати – бу баҳс Чемпионлар Лигаси ўйинлари билан бир кунда ўтказиди, зеро у декабр ойида «Реал»нинг Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги иштироки туфайли қолдирилган ўйин эди. Энди мадридликлар ҳисобида рақибларидан битта кам ўйин қолмоқда – бу Галисияга ёпирилган тўфон туфайли қолдирилган «Сельта»га қарши ўйиндир. Ҳа, ўша «Реал»ни «Сантяго Бернабеу»да мағлуб этиб, Қирол кубогидан чиқариб юборган «Сельта».

«Реал» ҳозирда иккинчи ўриндаги «Барселона»дан бир очко кўп жамғарган ҳолда Ла Лигада етакчилик қилмоқда. «Валенсия» билан ўйингача мадридликлар захирасида 6 очко борлиги айтилаётган эди, энди бундай «очколар» сони 3 тага қисқарди. Эҳтимолий 4 очколик устунлик ҳам 7 очколик устунлик каби йирик эмаслиги инобатга олинса, «Барселона» ва «Севилья»да чемпионлик учун курашга қўшимча иштиёқ пайдо бўлгани табиий.

Ўйиннинг иккинчи бўлимда Хамес Родригес ўрнига Гарет Бэйл майдонга тушгач, 2016/2017 йилги мавсумда илк марта Зиданнинг идеал таркиби майдонда ҳаракат қилди, бироқ бу ҳам етарли бўлмади. Дам олиш кунлари бўладиган кейинги турда «Барса»ни «Атлетико»га қарши қийин ўйин кутиб турган бўлса, «Реал» меҳмонда бундан осон бўлмайдиган «Вилярреал» билан ўйинда қатнашади.

«Реал» ҳали ҳам пешқадам эканлигига қарамай, «Валенсия»даги каби хатоларга йўл қўйса, «Эл-Класико»гача вазият унинг зарарига ўзгариши мумкин. Тўғри, «Барселона» ҳам ҳозир яхши ҳолатда эмас: ўтган ҳафта «ПСЖ»дан 4:0 ҳисобидаги мағлубият ва «Леганес» устинда қозонилган 2:1 ҳисобидаги қийин мағлубият бунга далолатдир. Шундай экан, «Реал» 2011/2012 йилдан буён қўлга киритолмаётган чемпионлигига эришиш учун ҳозир ҳам фаворит бўлиб турибди. Лекин бунинг учун мадридликлардан хатоларни камайтириш талаб этилади.

Манба: muhokama.com
Киритилди: 18:10, 23.02.2017.
Ўқилди: 11479 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.