«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоясида тобора катта ҳажмда иш бажараётган Генрих Мхитарян АПЛнинг бош юлдузлари қаторига қўшилмоқчи.
Бошқача айтсак, унинг асосий мақсади - она юрти Арманистоннинг футболдаги фахрига айланиш. Арман йигити Manchester United Foundation лойиҳаси доирасида Манчестердаги мактаблардан бирига ташрифи чоғи ВВС журналистлари билан суҳбатлашиш жараёнида буни яшириб ўтирмади. Шунингдек, Арманистондаги оғир болалиги ҳақида гапириб беришдан ташқари, фаолияти давомида турли услубларга таянадиган мураббийлар қўл остида ўйнаш баробарида мураккаб вазиятларда ҳам ишга тўғри ёндашишни ўрганганини таъкидлади.
Отасининг вафоти ва масъулият
Генрихнинг отаси Гамлет Мхитарян ҳам профессионал футболчи сифатида ном қозонган. У ҳаётдан кўз юмган вақт Генрих анча ёш эди ва бу айрилиқ Мхитарянлар оиласи учун жиддий синов бўлган. «МЮ» футболчиси отасининг вафоти ўз тақдири ва спорт бобидаги мақсадларига қандай таъсир қилгани хусусида шундай дейди: «Отамнинг ўлимидан сўнг ўз-ўзидан масъулият ҳиссини теранроқ англадим. Чунки оиламиз аъзолари учун ўрнак кўрсатишим талаб этиларди. Ўйлайманки, бу вазифани яхши уддаладим. Энди эса бутун Арманистон ва ер юзидаги барча арманларга фахр, ғурур-ифтихор туйғусини улашмоқчиман. Бошқача айтганда, улар учун чинакам намуна бўлишни, жонажон мамлакатим фахрига айланишни истайман».
Арманистондаги оғир болалик
Эндиликда машҳурликка эришган футболчи болалик йилларини бироз алам аралаш эсга олади: «Ғоят оғир дамлар. Ўша пайт Арманистон ва қўшни Озарбайжон ўртасида катта муаммолар мавжуд эди. Биз худдики, уруш ҳолатида яшаганмиз - таҳликали ҳаёт... Футболчи бўлиш ва хорижга чиқиш имконияти жуда паст бўлиб, истиқбол кўринмасди. Боз устига, ҳар бир фуқаро каби мамлакат армиясида хизмат қилишга мажбур эдим».
«Боруссия»даги фаолият ва Юрген Клопп
Арман футболчиси Германия бундеслигасидаги фаолиятини сира унутмайди: «Юрген Клоппдан умрбод миннатдорман, негаки, у мени Украинанинг «Шахтёр» клубидан таклиф этиб, ўйиним яхшиланишига катта туртки берди. Дейлик, Клопп индивидуал хусусиятларим устида тинмай ишлашимни талаб этиб, барчасини назорат қилиб турарди. У яна психологик томондан бақувват бўлишимга сезиларли ҳисса қўшди. Бунгача ушбу масалада маълум муаммолардан холи эмасдим. Мисол учун, мабодо омадсиз ўйинлар серияси кузатилса, ўзимни шунчаки, йўқотиб қўярдим. Шундай экан, Юргенга алангали салом ва яна бир марта раҳмат йўллайман».
Нега айнан «МЮ»?
Мхитиряннинг бу саволга қандай жавоб бериши ўз-ўзидан тушунарли. У футболда худди ҳаётдаги каби катта синовлардан ўтишни хоҳлайди. Ҳа, Генрих Германияда қолганида, «Боруссия» сафида ЧЛ ўйинларидан завқ олиши мумкин эди. Бироқ у «Манчестер Юнайтед» сафига қўшилишни пайсалга солгани йўқ: «Албатта, Чемпионлар Лигасида ўйнаш - бу бахт. Бироқ ушбу турнирда қатнашишдан кўра, муҳимроқ нарсалар ҳам бор. Табиатан турли синовларга мойилман. Хуллас, янги чорлов олгач, ўзимни тўхтатиб туролмадим. Қолаверса, қачондир фаолиятимни тугатгач, креслода ўтирганча шундай имкониятни қўлдан чиқарганимни ўйлаб, сиқилишни истамасдим... Ҳамма билади, «Манчестер Юнайтед» жаҳон футболидаги энг катта клублардан бири саналади. «Қизиллар» Чемпионлар Лигасида ўйнашадими ёки йўқ - бу аҳамиятсиз. Гапнинг лўндасини айтсам, бундай жамоа либосини кийиш имкониятидан шунчаки, воз кеча олмадим».
Жозе Моуриньо билан ишлашдаги қийинчилик
Мухлисларнинг хабарлари бор, Мхитарян Англияда аввалига маълум даражада муаммоларга юз тутди. Хусусан, бош мураббий Жозе Моуриньонинг ишончига кириш йўлида кўп тер тўкишига тўғри келди: «Ҳа, бошида кичик қийинчиликлар бўлди. Ўзи янги мураббий қўл остида, боз устига, янги жамоада иш бошлаганингда, ҳаммаси силлиқ кечмаслиги табиий ҳол. Ахир бундай вақтда бирданига барчасига кўникишинг керак - янги талаблар, бегона шаҳар, нотаниш жамоадошлар, мутлақо бошқача ёндашув, ўзгача машғулотлар жараёни... Лекин бундай тажриба-синов мен учун янгилик эмас. Чунки «Манчестер Юнайтед»га ўтишимдан олдин ҳам турли услубларга таянадиган мураббийлар раҳбарлигида ўйнадим ва ҳар қандай ҳолатда профессионал ёндашувни сақлаб қолишни ўргандим».
«Қизил иблислар» ноябрь ойидан ғалаба қозона бошлашди. Футболчининг айтишича, у таркибдан четда қолган ҳолатда ҳам, ҳаётга қувноқ қарашдан тўхтаган эмас. Ахир минг ғазабланиши ёки қайғуга ботиши билан умумий вазият ўзгармасди: «Айюҳаннос солишимдан наф чиқмаслигини яхши билардим. Шунинг учун бор эътиборни машғулотларга қаратишни маъқул кўрдим. Яъни сабр билан ишлаб, эртами-кеч навбатим келишини кутдим. Чунончи, менда ўзимни кўрсатиш учун имконият туғилишига шубҳа қилмасдим. Ахир бу ҳаётда ҳар бир инсон ўзига яраша имконият ҳосил қилади, бироқ ҳаммага ҳам ундан фойдаланиш насиб этмайди».
Тилшунос
Мхитарян бир неча тилда эркин мулоқот қилади. Табиийки, она тили - арманчада равонроқ гаплашади: «Аввалига айнан арман тилини ўрганганман. Кейин русчани ўзлаштирдим. Негаки, бувим рус миллатига мансуб. Инглизчани эса мактаб даврида ўргандим. Кейинроқ Франция ва Бразилияда яшаш асносида тил бойлигимни французча ҳамда португалча ҳисобига бойитдим. Германиядаги фаолиятим давомида эса немисчани ўзлаштириб олдим».