Испания чемпионатининг 26-тури доирасида "Барселона" ўз уйида "Сельта"ни қабул қилди ҳамда ўта йирик ҳисобда ғалаба нашидасини сурди.
Каталонияликлар Чемпионлар лигаси доирасида "ПСЖ"га қарши бўладиган ўйин олдидан жуда яхши формага киришганини намойиш қилиб беришди. "Сельта" эса "Камп Ноу"да майдон эгаларининг юқори савияли ўйини олдида ожиз қолди.
"Кўк-анорранглилар" ўйин бошиданоқ бирин-кетин ҳужум ташкил қила бошладилар. Ҳужумларнинг бирида қизиқ вазият юзага келди — бир ҳужум пайтида тўп бир устунга икки марта тегди. Суарес марказий ҳимоячини алдаб ўтди ҳамда яккама-якка вазиятда зарба берди. Тўп устунга тегиб қайтди ва Месси яна зарба берди. Бу сафар ҳам тўп ўша устунга тегди.
Баҳснинг 24-дақиқасида Месси индивидуал маҳорати эвазига ҳисобни очди. У майдон марказига яқин жойда тўпни эгаллаб, бир ҳимоячини алдаганча олдинга интилди, йўл-йўлакай яна бир футболчидан ўтди ва 17 метрлардан чап оёқда аниқ зарба билан дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи гол ҳам чирой борасида биринчисидан қолишмади. Месси жарима майдончасига кираётган Неймарни тўп билан таъминлади. Бразилиялик футболчи "парашют" услубида тўпни дарвозабоннинг устидан тўрга ташлаб қўйди.
Виголиклар иккинчи таймда вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилишди. Аммо бугунги "Барса" тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ эди. Тўғри, майдон эгалари иккинчи бўлимда урган 3та голнинг биттасида офсайд бор эди. Буни лайнсмен қайд эта олмади. "Сельта" эса рақиб дарвозасини ҳеч бўлмаганда бир марта ишғол қилиши мумкин эди. Аммо уларнинг зарбаларига аниқлик етишмади.
Лионель Месси учрашув қаҳрамонига айланди. У ўз ҳисобига иккита гол ва иккита ассистентлик ёзишдан ташқари, бешинчи голдаги комбинацияда ҳам бевосита иштирок этди.
Мазкур ғалаба туфайли "Барса" ўз очколарини 60тага етказди ва яна жадвалда пешқадам бўлиб олди.
Испания чемпионати, 26-тур. 00:45
"БАРСЕЛОНА" - "СЕЛЬТА" - 5:0 (2:0)
Голлар: 1:0 – 24 Месси, 2:0 – 40 Неймар, 3:0 – 57 Ракитич, 4:0 – 61 Умтити, 5:0 – 64 Месси.
Барселона – тер Штеген, Умтити, Пике, Альба, Серджи Роберто (Иньеста, 67), Ракитич, Бускетс (Маскерано, 61), Рафинья, Неймар (Денис Суарес, 70), Месси, Суарес.
Сельта – Альварес, Гомес, Кабраль, Кастро, Ронкалья, Васс (Диас, 68), Радоя, Бонгонда (Систо, 51), Мальо, Гвидетти (Хосабед, 62), Аспас.
Огоҳлантиришлар: Бускетс (20), Кабраль (36), Радоя (38), Гомес (49).