Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

"Янги Иброҳимович" ёки швециялик жавоҳир ҳақида

Баҳо:
+ | -

"Янги Иброҳимович" лақабини олган Александер Исак футбол оламида бироз шов-шув кўтаришга муваффақ бўлди.

Сольна - Швеция пойтахти номини олишга муносиб шаҳар. Гарчи Стокгольмга барча кўникиб улгурган бўлсада, мамлакат тарихида ўзидан ёрқин из қолдирган ҳудудни ҳам унутмаслик даркор. Сольнани дунёга танитган воқеалар асосан маҳаллий заводлар ҳамда бугунги кундаги йирик стадионлардан бири - «Росунда» атрофида рўй берган. Қаҳрамонимиз Александер Исак айнан шу шаҳарда туғилган.

Эритреялик муҳожирлар оиласида таваллуд топган Александер олти йил мобайнида АИК академиясида таҳсил олди; Сольнада маҳаллий клубни севишади, шу боис йигитча тезда машҳурликка эришди. Таълим маскани мураббийлари орасида асли келиб чиқиши эритреялик бўлганлар ҳам бор эди. Айнан ўшалар Исакни мунтазам қўллаб-қувватлаб, шуғуллантиришди. Африкаликларга хос жисмоний қувват, шведларга хос тартиб-интизом ва эритреяликларга хос меҳнатсеварлик уй-ғунлаштирилгач, Александер АИКнинг ҳақиқий жавоҳирига айланди.

Кучли жиҳатлари

Тезлик. Узун оёқли ва ташқи кўриниши бироз бесўнақай Исакка тезлик олиш учун бир неча сония талаб этилади. Агар шуни уддаласа, ҳеч қайси ҳимоячи унга ета олмайди. Унинг битта одимини учта оддий қадамга тенглаштириш мумкин, шу боис Александер кўз очиб-юмгунча рақибини ғафлатда қолдира билади.

Қайишқоқлик. Новча футболчига четдан назар солсангиз, худди пластилиндан ясалгандек тасаввур уйғотади. Тўпни эгаллашда қўл келадиган жиҳатлари бисёр. Кўп ҳолларда Исак рақибига курашни бой бергандек туюлади, аммо у узун оёқларини ишга солиб, кутилмаган ҳаракатлар орқали вазиятни ўз томонига оғдиради - натижада тўп айнан унга бўйсунади. Африкаликларга хос устунликлар Александерга яшил майдонда асқотмоқда.

Мослашувчан, эпчил, диққатни бир жойга жамлай олишни яхши ўзлаштирган швециялик футболчи яккакурашларда беназир. Бундай паллаларда унинг озғин экани аҳамиятини йўқотади. Бўйи баланд, қолаверса, сакрашни ҳам ажойиб тарзда уддалаши туфайли «иккинчи қават»даги мураккаб курашларда устунликка эга бўлади, бош билан яхши ўйнайди. Қўшимчасига, техника, тўп билан нафис ҳаракатланиш ҳамда 17 ёшлиларда кам кузатиладиган қойилмақом зарбани ҳам эътироф этиш даркор.

Кучсиз жиҳатлари

Мушакларни чиниқтиришга катта эътибор қаратиши лозим, буни Александернинг ўзи ҳам тан олади. Тренажёр залида шуғулланиш орқали вазнини орттириб, уни табиий сифатлари билан уйғунлаштирса, рақиб жарима майдончасида хавфли «машина»га айланиши тайин.

Исакнинг чап оёғи кам ишлайди, энг муҳим паллаларда кўпинча ўнгидан фойдаланади. Бу борада ҳам бироз бош қотириши керак: топ-лигаларда тўпни асосий оёққа мослаш учун вақт ҳар доим ҳам топилавермайди.

Ўйин услуби

Исак - новча, бироз орқароқдан ўйнашни хуш кўрадиган марказий ҳужумчилар тоифасидан. Айнан шу сабабли ҳам уни Ибрагимовичга қиёслашади. Златан навқирон пайтида жарима майдончасидан кўра чап қанотга яқинроқ ҳудудда кўпроқ кўриниш берарди. Александер етарлича тезлик олиш учун бўш ҳудудга эҳтиёж сезади, шу боис ҳужумга орқароқдан қўшилиб, тўпни имкон қадар дарвозага тескари ҳолда қабул қилмасликка интилади. Рақиб жарима майдончасида йўқолиб қолмайди, ҳаводаги курашда фаол, қанотдан ошириладиган кучли узатмаларга етиб боришни яхши уддалайди.

Ўтган йил Исак учун омадли тарзда кечди. Клубининг энг яхши тўпурарига айланди, скаутлар гуруҳи эътиборини ўзига қаратди, январда миллий рекорд муаллифига айланиб, «Боруссия» сафига қўшилди. Ҳаммаси февралда бошланганди. 16 ёшли йигитча «Тенхульт»га қарши кечган кубок баҳси якунланишига 15 дақиқа қолганда майдонга тушиб, ўз номини таблога ёздириб қўйди.

 

Бир ойдан сўнг Алссвенскан тарихидаги энг ёш голеадорга айланиб, ўйиндан сўнг бу ҳақда шундай фикр билдирди: «Жуда чарчадим, эртага эса мактабга боришим керак». Сермулоҳазалик ва хотиржамлик - Исакнинг жамоадошлари вундеркинддаги шу хусусиятларни алоҳида эътироф этишади. Айни сабаб Дортмунд ва Мадриддан бирини танлашда асосий омил вазифасини ўтади. «Реал» ёздан олдин трансферларни амалга оширолмайди, футболчининг фаолияти эса шундоқ ҳам узоқ давом этмайди. Александер ярим йил ичида кўп фойдали иш қилиш мумкинлигини тушуниб, мантиқан тўғри қарорга келди.

Ютуқлари

17 ёшли ҳужумчи катталар футболида 31та ўйинда майдонга тушиб, 14та гол урди

Швециянинг 2016 йилги кашфиёти

Швеция термаси тарихидаги энг ёш гол муаллифи (17 ёшу 3 ойлик)

Швеция чемпионатидаги энг ёш гол муаллифи

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:59, 08.03.2017.
Ўқилди: 7305 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.