«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўзининг жамоадаги келажаги борасида сўз юритди. Испаниялик мутахассиснинг сўзларига кўра, бу унинг бирор соврин ютишига боғлиқ. «Бавария» билан кетма-кет уч мавсумда Бундеслига чемпионлигига эришган Пеп Англияда ҳам соврин ютишда давом этиши зарурлигини таъкидлади.
«Бирор соврин ютмасам, бу ерда узоқ қололмайман. Мураббий бўлиш натижаларга боғлиқ, лекин мен ҳар доим ичимда натижалар ўйин услубига боғлиқлиги ҳақида ўйлаб келаман. Шунинг учун мен биз ҳар доим яхши ўйнашимизга амин бўлишим керак. Соврин бўлмаса, бу яхши мавсум бўлмайди. Мен буни августдаёқ билардим», – деди Гвардиола.
Премьер Лигада айни пайтда учинчи ўринда бораётган «Манчестер Сити»нинг ушбу мусобақада чемпионлик учун имкониятлари ҳозирда жуда кам, зеро пешқадам «Челси» ҳозирда иккинчи ўриндаги «Тоттенҳем» ва «Сити»дан 10 очкога олдинда бормоқда. Бироқ ҳали ҳаммаси йўқотилгани йўқ.
Гвардиола жамоаси ҳозирда Англиа Кубоги чорак финалида ва Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида иштирокини давом эттирмоқда. Дастлабки ўйинда «Монако»ни ўз майдонида 5:3 ҳисобида мағлуб этган «шаҳарликлар» Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқиш учун яхши имкониятга эга, бироқ бунинг учун жавоб ўйинида ҳам йирик мағлубиятга учрамаслиги керак.
Шундай экан, олдиндаги бир ҳафта «Манчестер Сити» учун жуда муҳим ва Гвардиола буни билади. «Бу муҳим ҳафта. Биз шу пайтгача яхши ишладик, айниқса шу икки мусобақада. Премьер Лигада қийинчиликларни енгмоқдамиз, лекин ушбу ҳафта жуда, жуда муҳимдир. Шу уч ўйин олдиндаги икки ой давомида нима бўлишини аниқлаб беради», – деди Гвардиола. Демак, келаси якшанбада Премьер Лига 29-тури доирасидаги «Ливерпул»га қарши ўйиндан кейин дастлабки хулосаларни чиқарса бўлади.