"Қизилқум" жамоаси бошлиғи Ҳамиджон Актамов "Навбаҳор" (2:1) клубига қарши ўйиндан сўнг, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бугун ўз майдонимизда мавсумнинг илк учрашуви бўлгани учун бироз ҳаяжон кузатилди. Йигитларга ва бизни ҳаво совуқлигига қарамай қўллаб қувватлаган мухлисларга миннатдорчилигимни билдираман.
Учрашув бошида тезкор гол киритилгач, меҳмонлар мувозоанати тиклаш учун бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Ҳисоб тенглашгач, барчасини бошидан бошлашга тўғри келди. Ҳар иккала жамоа ҳам бугунги ўйинда ғалаба учун ҳаракат қилди. Шу боис майдонда шиддатли кураш кечди. Бу эса мухлисларга ҳам ёқди деб ўйлайман.
Энг муҳими қийин кечган баҳсда, муҳим уч очкони қўлга киритдик" - деди Актамов.