ФИФА ва ОФК йўриқчиси Ислом Аҳмедов сўнгги йилларда қитъамизнинг бир қатор давлатларида ташкил этилаётган мураббийлик курсларига раҳбарлик қилиб келяпти. 2017 йил ҳам Ислом ака учун шундай курслар билан бошланди. Ҳамюртимиз ФИФА ташаббуси билан Таиланд ва Қирғизистонда ташкил этилган ўқув-курсларини олиб борди. Етакчи мутахассисимиз сафардан қайтгач, у билан мавзу ва таассуротлари юзасидан суҳбатлашдик.
- Ислом ака, дастлаб Таиланддаги семинар ҳақида маълумот берсангиз. Унда кимлар иштирок этишди?
- Ушбу ўқув-курслари ОФК томонидан ташкил этилди ва бўлажак мураббийлар «А» лицензияси учун таҳсил олишди. Курсларда жами 21 нафар тингловчи қатнашди - Таиланддан 19 киши, Индонезиядан 2 киши ва Мўғилистондан бир киши.
- Ўқув-курслари жараёнида кўпроқ нималар устида ишладинглар, яъни қайси жиҳатларга катта урғу қаратилди?
- Биринчи галда, таҳсил юқори савияда ташкил этилганини айтишим лозим. Демоқчиманки, Таиланд футбол ассоциацияси ташкилотчиликни аъло даражада бажарди. Ассоциация ўқув-курсларига мамлакатдаги энг истеъдодли мураббийларни жалб этибди. Ўқув жараёни ҳар куни эрталаб соат 08:00дан кечки 19:00га қадар давом этди. Табиийки, замонавий футболнинг бугунги талабларига катта эътибор қаратилди. Замон билан ҳамнафас ҳолда, машғулотларни сўнгги методлар асосида олиб бордик. Амалий жараёнда ўйиннинг боришига қараб, тактикани ўзгартириш устида кўпроқ ишладик. Шунингдек, футболчиларни ўйинларга қандай тайёрлаш, мавсумлар ва давралар оралиғида йиғинларни қандай ташкиллаш масалаларига ҳам жиддий ёндашдик. Замонавий футболнинг асосий талабларидан бири - ҳимоядан ҳужумга тез суръатда ўтиш ва тўп йўқотилган тақдирда уни саноқли сонияларда қайтариб олиш. Мураббийлар машғулотлар чоғи шулар устида жиддий ишлашлари лозим.
- Хўш, таиландлик ёш мураббийлар савияси қандай экан?
- Таиланд ФА мураббийларни тайёрлашга жиддий эътибор қаратяпти. Буни семинар давомида ҳам кўрдик. Умуман, у ерда мураббийлик курсларига муносабат ўзгача. Дейлик, барча хоҳловчиларга курсларда ўқиш рухсатини бераверишмайди, аксинча, уларни махсус танлов асосида саралаб олишади. Яъни «Пулни тўла ва бемалол ўқиб, мураббийлик қилавер» тушунчаси йўқ. Хоҳловчиларни саралаш жараёнини эса Таиланд ФА президентининг шахсан ўзи назорат остига олган. Зеро, бундай курсларда ўқиган мураббийлар мамлакат футболи келажагини белгилашда катта роль ўйнашади. Айнан шу нуқтаи назардан Таиландда мураббийларни тайёрлашга жиддий ёндашиляпти. Мен учун бундай муҳитда ишлаш мароқли бўлди. Энди ўзимизда ҳам шундай тизимни йўлга қўйишимиз керак. Умуман, биз жараёнда кўплаб янги машқларни синаб кўрдик ва барчасини видеотасмага муҳрладик. Энди уларни маҳаллий мураббийларга тарқатамиз. Дарвоқе, Таиланддаги курсларда англиялик мураббий ҳам иштирок этди.
- Ўзимиздаги мураббийлар ва таиландликлар савиясини ўзаро таққослаганда, ўртада қандай фарқ бор? Балки қайсидир йўналишларда тайликлар кучлироқ кўрингандирлар...
- Йўқ, бундай эмас. Бизнинг мураббийлар савия бобида анча устунлар. Аслида саволга бошқачароқ жавоб беришим маъқул: уларда мураббийлик курсларига ёндашув нисбатан профессионалроқ. Бу ҳол яна 5-10 йилдан сўнг ўз мевасини беради. Мураббийларни тайёрлашга бежиз Таиланд футболи раҳбарининг шахсан ўзи эътибор қаратмаяпти. Ахир истеъдодли футболчиларни айнан мураббийлар кашф қилишади.
- Ислом ака, биламизки, мураббийлик учун «А», «В», «С» ва PRO курслари ўтказилади. Улар ўртасида қандай фарқли жиҳатлар бор?
- Дастур ва мавзу бир хил. Лекин кўп нарса ўқув-курсларини олиб борадиган инструкторларга боғлиқ. Энг муҳим жиҳат - бу тингловчиларга замонавий футболнинг энг асосий талабларини етказиш.
- Бу йилдан PRO лицензияси йўқ мутахассисларнинг олий лигада бош мураббий сифатида ишлашлари тақиқлаб қўйилди. Бунга муносабатингиз...
- ОФКнинг талаби шундай. Ўтган йилнинг ноябрь ойида ЎФФ ва ПФЛ томонидан PRO лицензиясига эга мураббийларимиз учун 3 кунлик семинар ташкилланди. Ўшандаёқ мураббийларга талаб моҳияти тушунтирилганди. Бу масалада фикрим ижобий. Қолаверса, ОФК талабларига бўйсунишимиз шарт.
- Таиланддан қайтгач, Қирғизистонда ўтказилган курсларда ҳам иштирок этдингиз. Хўш, қўшни юртдаги ишлар қандай таассурот уйғотди?
- Бишкекка ОФК делегацияси таркибида бордим. Қирғизистон футбол федерацияси амалий ёрдам сўраб, ОФКга мурожаат қилганди. Мамлакатда 4 йилга мўлжалланган футбол тараққиёти стратегияси ишлаб чиқиляпти. Ушбу тадбир айнан ОФК томонидан илгари сурилган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкиллаштирилди. ОФК бу жараёнда мувофиқлаштирувчи вазифасини бажарди.
- Ислом ака, эндиги режалар қандай?
- Душанбе шаҳрида Тожикистон ФФ томонидан «А» лицензияси учун курслар ташкил этилади. У ерда ҳам тинловчилар федерация томонидан саралаб олинган. Билишимча, Тожикистон ФФ ҳомий топган. Яъни курслар харажатини федерация қоплайди. Душанбедан 8 апрель куни қайтаман ва эртасига Улан-Батор шаҳрига йўл оламан. У ерда ФИФА томонидан ташкиллаштириладиган ўқув-курсларига раҳбарлик қилишим керак. 18 апрель куни Тошкентга қайтаман ва кетма-кет 3та ўқув-курсларини олиб бораман.