Кириш Регистрация

Садриддин Сайматов каратэ бўйича жаҳон Премьер Лигасининг иккинчи босқичида ҳам олтин медалга сазовор бўлди

Баҳо:
+ | -
Голландиянинг Роттердам шаҳрида каратэ бўйича Dutch Open жаҳон Премьер Лигасининг 2-босқичи якунланди. Мазкур мусобақада дунёнинг 76 та мамлакатидан 1100 дан зиёд спортчилар иштирок этишди. Қувонарлиси, Премьер Лиганинг 2-босқичида Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийси Ўктам Бекпўлатовнинг шогирди, термизлик Садриддин Сайматов қаторасига иккинчи босқичда олтин медалга сазовор бўлди. 
Роттердамдаги “Topsportzenturm Rotterdam” аренасида Сайматов финалга қадар Қозоғистон, Бельгия, Англия, Италия, Саудия Арабистони вакилларини, ярим финалда эса каратэ ватани ҳисобланган Япония терма жамоаси аъзоси Наото Сагони 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, камида кумуш медални нақд қилганди. Ҳал қилувчи беллашувда эса ҳамюртимиз Премьер Лиганинг тўрт карра ғолиби, жаҳон чемпионатлари совриндори, латвиялик Калвинс Калнинс устидан зафар қучиб, шоҳсупанинг энг юқори қисмидан жой олди ва кетма кет Премьер Лиганинг иккинчи босқичини ўз ҳисобига ёздириб қўйди. 
19 ёшли Садриддин Сайматов халқаро майдондаги зафарли юришини ўтган йили Португалияда бўлиб ўтган талабалар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритишдан бошлаганди. Кейинчалик юртдошимиз Индонезияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди. Парижда ташкил этилган Премьер Лиганинг биринчи босқичида ҳам олтин медаль билан тақдирланди. Энди эса Голландиядаги турнирдан яна бир олтин билан қайтмоқда. 
Ҳозирда ўзбек каратэси тарихида биринчи марта ватандошимиз жаҳон рейтингида биринчи ўринда бормоқда ва ушбу натижасини сақлаб қола олса Токио 2020 Олимпия ўйинлари лицензиясига эга бўлиши шубҳасиз. Умид қиламизки, Садриддин Олимпия ўйинларига нафақат лицензияни қўлга киритади, балки кунчиқар юртдан ҳам олтин медаль билан қайтади.
Шунингдек, Роттердамдаги турнир давомида Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раҳбари Аламжон Муллаев ва Бутунжаҳон каратэ федерацияси Президенти Антонио Эспиноза ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда яқин икки йил ичида Ўзбекистон мезбонлиқ қиладиган Бутунжаҳон каратэ федерациясининг тадбирларига кўрилаётган тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. 
Маълумот учун, Премьер Лига турнири жаҳон кубоги даражасидаги мусобақа бўлиб, бешта босқичдан иборат бўлади. Жорий йилда ушбу мусобақаларга Париж (Франция), Роттердам (Голландия), Дубай (БАА), Работ (Марокаш) ва Лейпциг (Германия) шаҳарлари мезбонлик қилади. Эътиборлиси, Премьер Лига босқичлари 2020 йили Токио мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини тақдим этади. Шунингек, Премьер Лига босқичларининг жаҳон ва қитъа чемпионатларидан фарқи ва шу билан биргаликда мураккаб жиҳати шуки, унда ҳар бир вазн тоифасида бир мамлакатдан исталганча иштирокчи қатнашиши мумкин. Бу эса ўз навбатида татамида кечадиган беллашувларни ўта муросасиз руҳда ўтишини таъминлаб беради. 
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, WKF (World Karate Federation) йўналишидаги каратэ спорт тури ёзги Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта Токио 2020 ўйинлари дастуридан жой олган. Шунингдек, 2018 йилда Артентинада бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимипия ўйинлари дастуридан ҳам каратэ ўрин олади.
Манба: olympic.uz
Киритилди: 18:42, 20.03.2017.
Ўқилди: 7901 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Флорентино Перес катта трансферни ҳал қилди [8967]

«Барселона» юлдуз футболчисидан кўнгли қолди ва уни сотишга қарор қилди [6481]

Канада — Ўзбекистон учрашуви: Энг юқори ва энг паст баҳо олган футболчилар маълум бўлди [5373]

Канада — Ўзбекистон: АҚШга кетган 4 нафар футболчимиз бугунги ўйин қайдномасига киритилмади [3753]

Ғаниевнинг жароҳати жиддий бўлса, унинг ўрнини ким эгаллаши маълум бўлди [3546]

Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган таркиби маълум бўлди — манба [2609]

Фабио Каннаваро: «Иккинчи таймда ҳам футболчиларимдан айнан биринчи бўлимдагидек интенсивликни кутгандим» [2381]

Ўртоқлик учрашуви. Канада - Ўзбекистон - 2:0 (видеошарҳ) [2362]

«Барселона» таклифни 120 миллион еврогача оширади [2318]

Романо «Реал»дан кетган Карвахаль ўрнига кўрилаётган учта номзодни айтди [2275]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик