6 июнь куни Тошкентда Таиланд миллий терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказар эканмиз. Бу 13 июнь куни Теҳронда Эрон миллий терма жамоасига қарши бўлиб ўтадиган саралаш учрашувидан олдин ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.
Нега энди Таиланд? Бемаврид ва ноўрин жамоа эмасми?
Мен ушбу мақоламда кеча Малайзияда Сурияга қарши ўйин олдидан сиам юртининг жануброқ шаҳрида - Малайзияга яқинроқ жойда Таиландга қарши 18-19 март кунлари ўртоқлик ўйинлари ўтказиш керак эди, деб ёздим. Чунки Таиланд кеча ўз майдонида Саудияни қабул қилди.
Лекин кечаги ўйиндан олдин ўйнамадик. Фойдаси бўлар эди аниқ. Кимлар тайёрмаслигини билиб олардик ва майдонда "ўлик" Одил Аҳмедовни кўрмасмидик...
13 июнда Таиланд ўз майдонида БААни қабул қилади. Шу ўртоқлик учрашувини ўтказиш учун тайлар Тошкентга келиб кетишаркан.
Майли, ўртоқлик учрашуви албатта керак, лекин нега кечаги ўйиндан олдин танланмади у? Ахир Таиланда қарши шу ойда ўйнаб ҳам, 6 июнда уларнинг ўрнига Ироқ ё Япония танланса бўлар эди-ку?!
Ироқ - ўз-ўзидан ўйин услуби Эронга яқин, кучли жамоа. 13 июнь куни улар ҳам нейтрал майдон — Эронда Японияга қарши майдонга тушишади. Агар Ироқ билан келишувга эришилганида Эронга бирга учиб бораверарди икки жамоа. Таиланд билан ўйин терма жамоамизга нима бериши номаълум. Хитой Хорватия билан ўйнаганда биз Грузия билан ўйнаймиз. Сурия Япония билан ўйнаганда биз Таиланд билан. Нима бу, муҳим ўйин олдидан осонроқ рақиб топиб, футболчиларимизнинг "самоценка"сини ошириш учун тутилган йўлми?
Японияга-ку, кечикиб бўлибмиз, Сурия 6 июнь куни Токиога бориб, Хитойга қарши уй учрашувидан аввал уларга қарши ўйнаб келишар экан. Терма жамоалар ўртоқлик учрашуви учун ўта мураккаб манзилларни танлаётганда нега олдигинамизда турган ўта қулай шароитдан фойдаланмаймиз?
Хўш, нега Ироқ эмас, Таиланд? Кимлар ишлайди-е у терма жамоалар марказида, жуда қизиқ? Мактабда география фанини ўтишганмикин?
Шуҳрат Шокиржонов.