Бугун олий лига 4-тур доирасидаги учрашувда “Насаф” Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси билан баҳс юритди.
Ўйин қизиқарли ва курашларга бой тарзда кечди. Стадионга ташриф буюрган мухлислар ҳам ажойиб футбол томоша қилишди.
Учрашув кутилганидек, мезбонларнинг ҳужумлари билан бошланди. Меҳмонлар бутун жамоа бўлиб ҳимояланишга мажбур бўлди. Гоҳ ўнг қанотдан, гоҳ чап қанотдан ташкил этилган ҳужумлар уларни таҳликага солиб қўйди.
Ўйин ана шу тарзда давом этаётган бир пайтда, меҳмонлар Драган Черанни жарима майдони яқинида чалиб йиқитишди. Белгиланган жарима зарбасини Черан чиройли тарзда амалга оширди. Тўп жонли девор устидан ошиб ўтиб, дарвоза тўридан жой олди – 1:0.
“Насаф” томонидан кўпчилик бўлиб ташкил этилган навбатдаги ҳужумда, рақиб ҳимоячилари тартибсиз ҳаракат қилишди. Бу вазиятда Шахбоз Эркинов тўпни ҳаводан Одилжон Ҳамробековга ташлаб берди, Ҳамробеков эса тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди – 2:0.
Иккинчи бўлим, биринчи бўлимга қараганда шиддатлироқ бўлди. “Сўғдиёна” футболчилари ҳисобни қисқартириш умидида кўпчилик бўлиб олдинга ташланишди. «Насаф» ўйинчилари эса ҳимояда ҳаракат қилиб, рақибини қарши ҳужумда жазолаш пайида бўлди. Иккинчи бўлимнинг деярли охиригача ўйин ана шундай давом этди.
Ўйиннинг асосий вақти тугашига саккиз дақиқа қолганда, «Насаф» тезкор қарши ҳужум ташкил қилди. Иккинчи бўлимда майдонга тушган ҳужумчи Бобир Абдухолиқов дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди. Тўпга биринчи бўлиб етиб келган дарвозабон, тўсатдан сирғалиб йиқилиб тушди. Абдухолиқов чаққонлик билан тўпга эгалик қилиб, жарима майдонига кириб келган Черанга ташлаб берди. Драган Черан эса бўш дарвозага тўпни енгил зарба билан жойлаб қўйди – 3:0.
Учрашувнинг 89-дақиқасида «Насаф» яна бир тезкор ҳужум ташкил этди. Энди Чераннинг ўзи гол уриш имконига эга бўлсада, Абдухолиқовни тўп билан таъминлади. Бобир Абдухолиқов эса бу имконни қўлдан чиқармади – 4:0.
Шундай қилиб, “Насаф” 4-турда “Сўғдиёна” жамоасини йирик 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва ўз ҳисобига қимматли уч очкони ёздириб қўйди.
ЎзПФЛ 4-тур. 30.03.2017
“Насаф” (Қарши) - “Сўғдиёна” (Жиззах) 4:0 (2:0)
Голлар: Драган Черан, 18’-1:0, 82’-3:0, Одилжон Ҳамробеков, 7’-2:0, Бобир Абдуҳолиқов, 89’-4:0.
Ғузор ш., “Ғузор” марказий стадиони. 4122 томошабин
Бош ҳакам: Рустам Бобомуродов (Навоий),
Қанот ҳакамлари: Александр Буров (Тошкент), Сервер Еремеев (Тошкент)
Захира ҳаками: Элёр Турсунов (Бухоро)
Назоратчи: Арслан Хотамов (Тошкент)
ЎзПФЛ вакили: Наиль Лутфуллин
“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 7.Одилжон Ҳамробеков (4.Мақсуд Каримов 86), 10.Дилшод Раҳматуллаев, 15.Шахбоз Эркинов (45.Бобир Абдухолиқов 74), 18.Баҳром Абдураҳимов, 22.Игорь Голбан, 23.Шерзод Аъзамов (с), 27.Ислом Рашидхонов (14.Шароф Муҳитдинов 83), 2.Акмал Шораҳмедов, 31.Сайдулло Раҳматов, 69.Драган Черан.
Захира: 25.Элдорбек Суюнов, 6.Азизжон Ғаниев, 8.Сирожиддин Қўзиев, 38.Дониёр Нарзуллаев.
“Сўғдиёна”: 1.Сарвар Каримов, 2.Сардор Қулматов, 3.Азамат Исроилов, 4.Элёр Орипов, 6.Суннатилла Мамадалиев (10.Алишер Маҳмудов 64), 7.Санжар Рашидов (с) (22.Достон Абдураҳмонов 76), 8.Сухроб Қобилов, 17.Ихтиёр Тошпўлатов (11.Шохруҳ Достонов 62), 18.Қаҳрамон Баҳодиров, 59.Сарвар Жўраев, 77.Сардор Эминов.
Захира: 12.Шохрух Эшбўтаев, 13.Рустам Аъзамов, 15.Изатилла Абдуллаев, 34.Омон-биик Ҳалилов.
Огоҳлантириш: Санжар Рашидов 50.