Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Эртак тугамаган, шунчаки эртакчи ўзгарди ёхуд Крейг Шекспир ҳақида батафсил

Баҳо:
+ | -

Жаҳон адабиётининг етук алломаларидан бири Уильям Шекспир ўзининг дурдона асарларини XVI асрда яратган бўлса, унинг бугунги фамилиядоши Крэйг «Лестер» эртагини давом эттирмоқда.

«Тулкилар» АПЛдаги кетма-кет 2та чиройли ғалабадан сўнг «Севилья»ни ЧЛ турниридан чиқариб юборишди. Умуман, Крэйг Шекспирнинг мустақил фаолиятини ўтган мавсум мўъжизаси давоми сифатида эътироф этиш ҳам мумкин қайсидир маънода.

Қуйидаги мақола кенг омма учун нотаниш бўлган мураббийнинг тўсатган катта саҳнага чиқиши ва амалдаги чемпионни қандай «жин» чалгани ҳақида...

КИМ ЎЗИ, У?

«Лестер»нинг шиддатли парвозида юзидан табассум аримайдиган Клаудио Раньери эмас, балки доимо унинг соясида юрган, фақат жарангдор шарифи билан мақтаниши мумкин бўлган ҳазилкаш мураббий катта роль бажаргани саноқли кишиларга маълум эди, холос. «Тулкилар» янги бош мураббийи ва машҳур адиб ўртасида шу фамилиядан бошқа ҳеч қандай дахлдорлик йўқ. Крэйг ғоят камтарин, кўзга ташланмай жим юришга одатланган.

Хусусан, футболчи сифатида ҳам шон-шуҳратдан йироқ бўлди - 20 йиллик фаолияти давомида иккинчи-учинчи дивизионлар савиясидан юқорига кўтарилмади. Крэйг агар «Шеффилд»даги бир йиллик фаолияти давомида Найжел Пирсон билан дўстлашиб қолмаганида, унинг ҳаёти тамоман ўзгача кечарди. Ўшанда енгилишни ёқтирмайдиган ҳимоячи ва тезкор ярим ҳимоячи тезда тил топишгандилар. Йўллари айро тушганидан кейин ҳам борди-келдини тўхтатишмади.

Найжел атиги бир йилдан кейин Лига кубоги соҳибига айланди ва «Мидлсбро»дан таклиф олди. Хуллас, у юқори дивизионга кўтарилди, Крэйг эса қуйи лигалар тўп суриш билан кифояланди. Тақдир тақозосига кўра, икки ажралмас дўст 43 ёшни қаршилаганларидан кейин ўз омадларини мураббийлик соҳасида синаб кўришга аҳд қилишди. Зеро, «Вест Бромвич» раҳбарияти уларни ишга чорлаганди.

Хуллас, жамоа «Кристал Пэлас»га қарши баҳсни Пирсон - Шекспир жуфтлиги раҳбарлигида ўтказди. Гарчи «ВБ» ишончли ғалаба (2:0)ни тантана қилган бўлсада, учрашув мураббийлар дуэти учун дастлабки ва охиргиси сифатида қолди. Орадан яна 2 йил ўтгач, қадрдон касбдошлар «Лестер»да қайта учрашишди.

Яъни Пирсон бош мураббий ваколатини қўлга олгач, ёрдамчи ролига айнан Шекспирни танлади. Чунки Найжел ўз вазифасига доимо масъулият билан ёндашадиган дўстининг жамоага катта манфаат келтиришига шубҳа қилмасди. Чемпионшипнинг қуйи поғоналаридан аста-секин кўтарилиб, АПЛда эртакнамо парвозни намойиш этган «Лестер»ни назарда тутсак, бош мураббий ўшанда жуда ўринли қарор чиқарган экан...

«ЛЕСТЕР»НИ ЧЕМПИОНЛИККА ҚАНДАЙ ЕТАКЛАДИ?

Тақдирнинг ўта қалтис ҳазилига биноан, Клаудио Раньерининг «абадий иккинчи» лақабидан қутулишига кичик Пирсон, яъни Найжелнинг ўғли - Жеймс сабабчи бўлди. Отасининг раҳбарлиги остида «тулкилар» таркибидан мустаҳкам жой олишга уринган ёш ҳимоячи Таиланддаги йиғин чоғи маҳаллий аёлни ҳақоратлаганди. Клуб раҳбарлари буни ирқчиликка йўйишди ва халқаро обрўни сақлаб қолиш мақсадида ота-бола Пирсонларни жамоадан четлатишди.

Шунингдек, Жеймс билан бирга «шўх»ликка йўл қўйган яна 2 нафар футболчига чиқиш эшиклари кўрсатилди. Оқибатда келажаги порлоқ мураббийлар қаторида эътироф этилаётган Пирсон «Дерби Каунти» бошқарувини қўлга олди, бироқ бир йиллик ҳамкорлик давомида мутасаддилар билан чиқишолмай, ишдан бўшади. Унинг «ўнг қўли» ҳисобланган, лекин жамоатчилик эътиборидан четда юрган Шекспир эса ниҳоят, «Лестер»да бош ролга кўтарилди.

Таъкидлаш жоиз, кейинчалик Пирсон ўрнини эгаллаган Раньери мураббийлар дуэти амалга татбиқ этган ишланмалардан унумли фойдаланди, яъни ўйин тизимида жиддий ўзгаришларга қўл урмади. Умидли ёшлардан шаклланган Пирсон-Шекспир жамоаси ўша мавсумни кўтаринки кайфиятда якунлади, дастлабки йиғинни ҳам яхши ўтказди.

Клаудио Раньери умумий муваффақиятни таъминлаш учун жамоа сирларини ипидан-игнасигача яхши биладиган мутахассисга муҳтожлик сезарди. Шу боис, Шекспирни ўз штабига қўшиб олди. Крэйг ўз навбатида, шаклланиб улгурган жамоани чинакам парвозга шайлантирди, Клаудио ғояларини ҳар бир футболчига етказиб турди. Дейлик, ўйин­лар пайти доимо Раньери ортида ўтириб, ўйинчиларга тегишли кўрсатмалар беришни канда қилмади. Шу тариқа нурли чўққи забт этилди.

РАНЬЕРИ ЎРНИНИ ҚАНДАЙ ЭГАЛЛАДИ?

- Унинг иш юритиш формуласи ўта жун: завқ билан тўп суриш, бор куч-маҳоратни ишга солиш, иложи борича мураккабликдан қочишни тавсия этади ва шу тақдирда қолгани ўз-ўзидан юришиб кетишини таъкидлайди,-дейди жамоа етакчиларидан бири Дэнни Дринкуотер «пана»да қолган Шекспирнинг  иш услуби ҳақида.

Эҳтимол, «Лестер»нинг ўтган мавсум кўрсатган мўъжизаси ҳам аввало, айни шу оддийликка боғлиқдир? Аммо жорий чемпионатда жамоанинг ишлари бирданига орқага кетди - ўз имкониятларига ортиқча баҳо бериб юборган «тулкилар» тўпни асосан ўз назоратларида ушлаб туришга урина бошладилар, самарасиз комбинациялар сони кўпайди. Ана шу ортиқча ҳаракатларнинг салбий таъсири оқибатида жамоа аутсайдерлар қаторига тушиб қолди.

Якунда кун тартибидан Раньерини истеъфога чиқариш масаласи жой олди. Албатта, яқин-яқингача кўкларга кўтариб мақталган мафтункор эртак муаллифини ўз лавозимидан четлатиш таклифи кўпчиликни ранжитган бўлиши мумкин. Бироқ воқеликка холис баҳо берсак, бош мураббийдан айрилган амалдаги чемпион шундан кейинги учрашувларда 100 фоизлик натижа қайд этди - 4та ўйин ва 4та ғалаба. Ҳа, «тулкилар» ҳаттоки, дурангга ҳам кўнишмаяпти!

Жейми Варди ҳамда Шинжи Оказакининг олдинги чизиқдаги ҳамжиҳат ҳаракатлари, «Челси»га сотилган Н~Голе Канте ўрнида Вилфред Ндидининг «очилгани», узатмалар бўйича аниқлик фоизи кескин ошгани беихтиёр ўтган мавсумги шиддатли «Лестер»ни эслатади. Тўғри, Раньерининг жамоани янада юқорироқ чўққи ва савияга олиб чиқишни мўлжаллагани тайин.

Дейлик, итальян мутахассиси АПЛда чемпион бўлиш вазифасини уддалаган шогирдларининг барча жиҳатлар бўйича грандлардан устун эканликларини кўришни истагандир... Бироқ тажрибали мураббийнинг эзгу орзуларини АПЛ шиддатию, шафқатсиз воқелик тумандек тарқатиб юборди. Айнан шу ерда Крэйг Шекспирга хос ўта жўн ақида иш берди: «Ўз билганимизча тўп сурамиз!»

Эътиборли жиҳати шундаки, Уэс Морган, Марк Олбрайтон, Каспер Шмейхель, Жейми Варди каби футболчилар айнан Раньерининг истеъфосидан кейин яна ёрқин ўйнай бошлашди. Масалан, анчадан буён рақиб дарвозасига йўл тополмай келган Жейми эндиликда ҳар бир учрашувда ўз ҳисобига гол ёзиб қўйишни уддаламоқда.

Инглиз матбуоти уни Раньерига қарши оппозиция етакчилари қаторида кўрсатганди. Шекспирни бош мураббийликка таклиф этиш ташаббуси ҳам шу мухолиф гуруҳдан чиққан. Лекин «Раньерининг истеъфосига унинг янги ғояларини қўллашни истамаган Шекспир сабабчи бўлди» қабилида янграётган фикрлар ҳақиқатдан йироқ.

Тўғри, Крэйг сўнгги вақтларда Клаудио билан деярли мулоқот қилмай қўйганди. Лекин ўзаро муносабатлари аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайлигини кўп бора таъкидлаётганди. Икки касбдош ўртасида баъзан зиддиятлар юзага келиши эса одатий ҳол.

Келишмовчиликлар асосан қайсидир масалага турлича ёндашиш оқибатида келиб чиқади. Шуниси фактки, ўйинчилар билан Раньери эмас, Шекспир кўпроқ ҳамнафас бўлган. Жамоанинг ички муҳитида қандай муаммолар юзага келгани ва улар қай тариқа бартараф этилгани тез орада ошкор қилинса, ажабмас.

ДАВОМИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Ҳа, бош мураббий лавозимини тўсатдан эгаллаган Шекспир камтаринликни бир четга сурди ва мустақил фаолият юритган ҳолда, керакли натижалар таъминлай олишини исботламоқда. «Тулкилар» сафидаги барча футболчилар у томонда. «Йигитлар жамоанинг аянчли ҳолатига ўзлари сабабчи эканликларини яхши билишади.

Энди шу аччиқ ҳақиқатдан тегишли хулоса чиқариб, келажак пойдеворини қўйишимиз керак. Мен шунчаки, футболчилардан аввалги мавсум қандай тўп суришганини бир эслашларини сўрадим»,-деганди Крэйг янги лавозимни эгаллагач. Айтишларича, у «Ливерпул»га қарши баҳс арафасида ҳар бир шогирдига алоҳида юзланиб, уларнинг қайси услубда ўйнаш кераклиги хусусидаги фикрлари билан қизиққан.

Жумладан, Варди тинимсиз прессинг қўллашни таклиф этган. Якунда айни шу усул танланди ва «Ливерпуль» ҳимоячилари ҳеч нарса қилолмай, ўз дарвозаларидан 3та гол қўйиб юборишди. «Халл Сити» таслим этилгач, Шекспир ваколати кенгайди, яъни «вақтинчалик бажарувчи» қўшимчаси олиб ташланди. Мана, тўлақонли бош мураббийга айланган мутахассис Лондонда «Вест  Хэм»га қарши кечган баҳсда ҳам ғалабани таъминлади.

Янги бош мураббийнинг иззатталаблиги ва «иштаҳа»сига келсак, ЧЛда ҳам имкон қадар муваффақиятли иштирокни кўзлаяпти. У «Севилья»га қарши жавоб учрашуви арафасида ҳозиржавоблик билан шундай деди: «Бош-қа жамоа уддалаган ишни нега энди «Лестер» ҳам бажара олмас экан? Турнир ғолибига айланиш йўлида бор имкониятимизни ишга соламиз. Мавсум якунида лавозимда қолиш-қолмаслик масаласи эса мени ташвишга солмайди.

Бу билан жамоа ва футболчиларга муносабатим ўзгариб қолмайди. Муҳими - ғалаба. Мухлислар биздан фақат шуни кутадилар!» Тан олиш керак: «тулкилар» устозининг гапи билан иши бир эканлиги ҳозирча ўз тасдиғини топмоқда. Хуллас, «Лестер» эртаги тугагани йўқ, фақат эртакчи ўзгарди, холос...

Маълумот учун

----------------------------------------

Крэйг Роберт ШЕКСПИР

Туғилган санаси ва манзили: 1963 йил 26 октябрь, Бирмингем (Англия)

Лавозими: «Лестер» бош мураббийи

Футболчилик фаолияти: «Уолсолл», «Шеффилд Уэнсдей», «Вест Бромвич», «Гримсби Таун», «Сканторп Юнайтед», «Эднесфорд Таун»

Мураббийлик фаолияти: «Вест Бромвич» (ассистент), «Лестер» (ассистент), «Халл Сити» (ассистент) ва яна «Лестер» (бош мураббий)

Устун фазилати: ташкилотчилик

Эътиборли ибораси: «Лестер» нега энди ЧЛда ғолиб чиқолмас экан?»

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:57, 02.04.2017.
Ўқилди: 8035 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.